Мақолалар

Мустақиллик – буюк  ва  бебаҳо  неъмат

Мустақиллик, ҳуррият, бировларга қарам бўлмаслик Аллох таолонинг бизга ато этган энг улуғ неъматидир. Неъмат бўлганда ҳам, ҳар куни, ҳар соат фикр юритиладиган, ҳар дам шукур қилинадиган қадри-шарафи, бардавомлиги кўз қорачиғидай авайлаб асраладиган бебаҳо неъматдир.

Даҳрийликка асосланган собиқ тузум пайтида барча диний ва миллий қадриятлардан узилган халқимиз истиқлолдан кейин имон-эътиқод сари юз тутди. Зеро, ҳар бир миллат ўзининг руҳий-эътиқодий илдизларидан узилса, инқирозга учраши табиий бир ҳол эди. Давлатимиз ана шу нозик туйғуни чуқур ҳис этиб, мустақилликнинг илк кунлариданоқ халқнинг маърифати ва маънавиятини юксалтиришга катта аҳамият берди.

Истиқлол туфайли жаннатмакон мамлакатимизда Ислом дини равнақи йўлида кенг имкониятлар очилиб, эътиқод эркинлиги қонуний равишда кафолатлаб қўйилди. Миллий ва диний қадриятлар тикланди, масжид ва мадрасаларнинг бинолари, нодир тарихий манбалар, осори атиқалар мусулмонларга қайтариб берилди. Мўмин мусулмонларнинг эмин – эркин ибодат қилишлари, диний таълим олишлари, диний адабиѐтларни нашр этишлари ва оммавий ахборот воситаларидан баҳраманд бўлишлари учун ҳамма шароитлар яратилди. Эътиқод эркинлиги қонуний равишда кафолатлаб қўйилди.

Рамазон ва Қурбон ҳайитларининг биринчи кунлари дам олиш куни деб белгиланиб, байрам сифатида эълон қилинди.

Ана шу имкониятлардан тўғри фойдаланиш ва бу буюк неъматларнинг шукронасини қилиб, қадрига етиб яшаш ҳамда мустақиллигимизни янада мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиш барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

Мустақиллик ва ибодатларни эмин-эркин адо этиш неъматига доимий шукроналар айтишимиз лозим. Чунки Аллоҳ таолонинг бундай ваъдаси бор: “Агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман...” (Иброҳим сураси, 7-оят) – деб таъкидлаганидек, ўз неъматларини янада зиёда этиши муқаррардир.

Муборак ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: "Ким инсонларга улардан кўрган яхшиликлари эвазига шукр қилмас экан, демак Аллоҳга ҳам шукр қилмабди", деб марҳамат қилингандир (Имом Аҳмад ва Термизий ривояти).

Инсон қаерда дунёга келса, ўша ер унинг учун ватандир. Киндик қони тўкилган жой унга ҳамма нарсадан қимматли. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинаи мунавварага ҳижрат қилганларида Маккаи мукаррамани эслаб: "Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳечам ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлар эдим", деганлар. Демак, Ватанни севиш, ундаги бор нарсаларни ардоқлаб, соғиниб яшаш инсоният фитратида мавжуд бўлган нозик ҳис-туйғудир.

Аллома Алихонтўра Соғуний ҳазратларининг қуйидаги сўзлари она Ватанни севган ҳар бир кишининг қалбида ғайрат ва шижоат уйғотади: "Ҳар бир кимсага маълумдирки, ҳаёт оламида инсоннинг энг севган, қадрли, қимматли тўрт нарсаси бордур. Бу тўрт нарсага эга бўлмаган кишилар инсонлик шарафидан маҳрум бўлурлар. Улар: озодлик ва эркинлик, меҳнат билан топилган молга ўзи эгалик қилмоғи, туғилиб ўсган она-Ватани ҳамда асрлар бўйи асраб-авайлаб келаётган муқаддас дини".

Ҳакимлар айтадилар: "Кишининг вафодорлиги унинг ўз Ватани учун қайғуришидан, дўстларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ўкиниб яшашидан билинади". Инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидойилиги Ватанни ҳимоя қилиши, юрт тараққий топиб, ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлиши ҳамда элнинг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имкон даража-да ҳисса қўшиш билан ўлчанади.

Барчамиз учун табаррук бўлган уч сўз бор: Имон, Ватан ва Истиқлол. Бу сўзларнинг мазмун-моҳиятини бугун ҳар биримиз юракдан ҳис этиб турибмиз.

Имон - Буюк Аллоҳ ва Расулига ишониш, Унинг раҳмат ва мағфиратидан умидвор бўлиш ва Унинг амр-фармонларига итоатда бўлиш демакдир.

Ватан - бу муқаддас замин, буюк аждодларимиз юрти ва келажак авлодларимиз ифтихоридир. Уни авайлаб-асраш, унинг бағрида эртанги кунга умид билан яшаш, имон ва муҳаббат таянчидир.

Истиқлол - Аллоҳнинг улуғ неъматларидан бўлиб, у ҳаётимиз мазмуни, ғурур ва ифтихоримиз тимсоли ва ифодасига айланган.

Аллоҳ таолога бўлган имонимиз ва ихлосимиз Истиқлол шарофати билан янада мустаҳкамланиб, зиёда бўлиб бормоқда.

Кундан кунга юксалиб, тараққий этиб бораётган озод ва обод Ватанимизни бугун дунё танимоқда, тан олмоқда. Турли соҳаларда Ватанимиз эришаётган ютуқлар юртдошларимизнинг ҳамжиҳатлиги, халқимизнинг бунёдкорлик борасидаги меҳнатлари ва албатта, муҳтарам юртбошимизнинг олиб бораётган одилона сиёсати маҳсулидир. Айниқса, юртимизда ёшларга яратиб берилаётган кенг имкониятлар ҳақида ҳар қанча гапирсак камлик қилади. Ёшларимиз таълим, спорт, санъат, қўйингки, барча соҳаларда эришаётган юксак марралар ана шу эътибор ва ғамхўрликнинг самарасидир.

Дунёда турли манфаатлар, ғоялар кураши авж олган бугунги мураккаб бир даврда ватанимизни кўз қорачиғидек асраш, унинг тинчлигини сақлаш, равнақи йўлида астойдил меҳнат қилиш ҳар биримимзнинг муқаддас бурчимиздир. Зеро, ватанимиз бизнинг ғуруримиз, фахримиз, ҳаётимиз мазмунидир.

Бугун бир қўлида бешикни, бир қўлида дунёни тебратаётган аёлларнинг ҳаётдан шод юз-кўзларига қараб, замонавий таълим тарбия масканларида вояга етаётган бахтли авлодга қараб Ўзбекистон келажаги буюклигига яна бир бор ишонч ҳосил қиласан, киши.

Дарҳақиқат, бугунгача бўлган йўлни осонликча босиб ўтмадик. Минг-минг машаққатлар синовидан, даврнинг оғир заҳматларидан матонат, эзгу мақсад сари олға интилиш, юксак ишонч билан тик ўта олган мардона юртда яшамоқ, унга муносиб бўлмоқ ҳар биримизнинг олий бурчимиз бўлмоғи шарт!

Ватан равнақи, тинчлиги, осойишталиги ва унинг ҳар томонлама ривожланиб, тараққий топишида ўзаро ҳамжиҳатлик асосида саъй-ҳаракат қилишимиз зарурлигини Аллоҳ таоло Қуръони каримда таъкидлаб, шундай дейди: “... Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир”. (Моида сўраси 2 оят).

Ҳурриятпарвар аждодларимизнинг асрий орзусини, халқимизнинг тенглар ичра тенг бўлиш ҳуқуқини юзага чиқарган, миллий ўзлигимиз, қаддимиз ва қадримизни тиклаган, мамлакатимиз тинчлиги ва тараққиёти, халқимиз фаровонлигини таъминлаётган, биз ёшлар келажагига мустаҳкам замин яратаётган азиз ва мукаррам – Мустақиллигимиз бардавом бўлсин!

 

 

Муҳиддинов Юсуф

Тошкент шахар “Чимир ота” жоме

масжиди Имом хатиби

3780 марта ўқилди

Мақолалар

Top