Мақолалар

Мустақиллигимиз шукримиз билан барқарор бўлади

Мустақиллик! Тинчлик! Бу икки неъматнинг қадрини қанчалик улуғ эканини мамлакатимиз мустақилликка эришгандан буён янада теранроқ ҳис қилиб келмоқдамиз. Ҳозирги кунда айрим жойларда тинчлик учун, бир кеча хотиржам кўз юмиб ором олиш учун борларини беришга тайёр турган одамларни кўрганимизда, биздаги неъматлар қанчалик беқиёс эканини англамоқдамиз. Атрофда бўлаётган тўс-тўпалонлар, уруш-жанжаллар, бегуноҳ қонларнинг тўкилишини кўриб бизнинг устимизга ёғдириб қўйган неъматлари учун Аллоҳга чексиз ҳамду сано айтамиз.

Дарҳақиқат, мустақилликка эришганимизга 27 йил тўлди. Тарихга назар солсак, улкан давлатлар тарихида бу жуда ҳам қисқа давр ҳисобланади. Аммо шу қисқа даврда эришган ютуқларимизни бирма-бир санаб чиқишнинг ўзи имконсиздир. Айниқса, сўнгги икки йил мобайнида амалга оширилган улкан ислоҳотларга дунё миқёсида жуда катта баҳо берилмоқда. Азалий қардош қўшниларимиз билан алоқаларнинг мустаҳкамланиб бораётгани, айрим тушунмовчиликлар сабабли кўп йиллардан бери узилиб қолган халқларимиз орасидаги алоқалар қайта тикланиб, жамиятнинг барча соҳаларида ўзаро ҳамкорликлар йўлга қўйилгани юртимизнинг дунё миқёсидаги обрўсини янада оширди.

Юртимиз фуқароларининг кўп йиллар давомида ҳал қилишга қийналиб келаётган муаммоларини эндиликда давлат органлари вакилларининг ўзлари уйма-уй юриб ҳал қилиб бераётгани бу яқин тарихда ҳеч қаерда эшитилмаган иш десак муболаға қилмаган бўламиз. Бугунги кунда жамиятнинг қайси соҳасини, қайси тоифа вакилини олманг барчасида улкан ислоҳотлар амалга оширилиб, инсон манфаатлари устуворлиги таъминланмоқда. Таълим-тарбия, иқтисодиёт, сиёсат, ижтимоий муносабатлар, қонунчилик тизими, қишлоқ хўжалиги, илм-фан равнақи, тиббиёт, харбий соҳа, уй-жой таъминоти, боринки, барча соҳаларда ота-боболаримиз орзу қилиб ўтиб кетган нарсалар амалга оширилмоқда.

Халқимиз азалдан муқаддас ислом динига эътиқод қилиб келади. Юртимиз истиқлолга эришгандан сўнг, муқаддас Ислом динимизни, азалий урф-одатларимиз, қадриятларимизни тиклашга катта эътибор қаратилди. Айниқса, сўнгги  йилларда диний соҳа ривожида амалга оширилган улкан ислоҳотлар бутун дунё ислом оламини хушнуд этди. Юртимиздаги диний таълим муассасалари сони ва улардаги квоталар сонининг оширилгани, масжидларимизнинг эскилари қайта таъмирланиб, янгилари қурилаётганлиги, муқаддас ҳаж ва умра зиёратларига борувчилар сони оширилгани, Қуръони карим бўйича Республика қорилар мусобақаси ташкил қилингани, диний мактаблар ташкил қилингани, бир қанча илмий тадқиқот марказлари, Ислом цивилизацияси маркази, Халқаро ислом академияси, “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил қилингани фикримизнинг ёрқин мисолидир.

Муҳтарам юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг БМТнинг 72-сессиясида олий минбардан туриб, муқаддас Ислом динимизни ҳимоя қилиши, буюк муҳаддис бобомиз Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ номини тилга олиши бутун дунё мусулмонларига бир олам қувонч бағш этди.

Юқорида санаб ўтган ютуқларимиз дарёдан бир томчи, хирмондан бир ҳовуч, холос. Зеро, Аллоҳ таолонинг биз берган неъматларини санасак саноғига ета олмаймиз. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Агар шукр қилсангиз неъматларимни бундан-да бисёр қилурман”, деб марҳамат қилади. Шундай экан, бу неъматлар Аллоҳнинг халқимиз марҳамати эканини ҳар биримиз қалбдан ҳис этишимиз ҳамда унинг шукронасини қилишимиз лозим.

Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллалоҳу алайҳи ва саллам: “Неъматга шукр қилиш унинг заволидан омонда сақлайди”, дея марҳамат қилганлар. Неъматларга шукр қилинмаса, у албатта заволга учрайди, йўқолади. Улуғ мутасаввифлардан Фузайл ибн Иёз раҳматуллоҳи алайҳ: Сизлар неъматлар учун доимо шукр қилмоғингиз вожибдир. Қавмдан кетган бир неъматнинг яна қайтиб келиши жуда мушкул, деганлар.

Хўш, бу неъматга қандай қилиб шукр қилинади, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш учун нима қилмоғимиз даркор? Бунинг учун ҳар биримиз ўз ишимизни виждонан, сидқидилдан бажармоғимиз керак. Ҳаётимизни, агар таъбир жоиз бўлса, уммондаги бир катта елканли кемага ўхшатадиган бўлсак, у кемани бекаму кўст бошқариш учун ҳамма вазифадорлар ўз ишини сидқидилдан ва мукаммал адо этиши лозим. Акс ҳолда кема ундаги бир ёки бир неча бепарво ва лоқайд инсонларнинг айби билан ё гирдобга учрайди ё тўлқинда ағдарилади ёхуд бошқа бирор фалокатга дучор бўлади. Бугунги глобаллашув шароитида юртнинг ҳар бир фарзанди ҳушёр, огоҳ ва содиқ бўлмас экан, бунинг оқибатлари оғир бўлишини ҳали ҳеч биримиз унутганимиз йўқ.

Буюк саркарда Амир Темур бобомиз: Ишбилармон, мардлик ва шижоат соҳиби, азми қатъий, тадбиркор ва ҳушёр бир киши минг-минглаб тадбирсиз, лоқайд кишидан яхшидир деганлар. Шундай экан, маънавиятсиз, дунёда яшашдан бирор-бир жўяли мақсади йўқ, лоқайд кишилар қаторига кириб қолмайлик. Ватанимиз, эл-юртимиз равнақи учун ҳисса қўшайлик, азизлар!

Олимжон ОДИЛОВ,

Урганч шаҳар имом Фахриддин ар-Розий

ислом ўрта махсус билим юрти мудири муовини

3488 марта ўқилди

Мақолалар

Top