Мақолалар

Сизда муаммо борми?

Барчамиз ҳаётда турли муаммоларга дуч келамиз. Баъзан сабр қиламиз, баъзида бесабрлик қилиб, безовта бўламиз. Айримлар бутунлай тушкунликка тушиб, яшашга қизиқишлари қолмай, ўз жонига қасд қилишгача боришади. Ҳаммамиз яхши биламизки, ўзини ўзи ўлдирган одам қиёматда дўзахда ўзини ўзи азоблайди.

Муаммога дуч келганимизда, унинг вақтинчалик эканини, синовлигини, сабр қилганларга кўп ажр берилишини, Аллоҳ таоло сабр қилувчилар билан биргалигини унутмаслигимиз керак!

Ҳар кимга турли кўринишда мусибат келади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:

وَلَنَبْلُوَنَّكُمْ بِشَيْءٍ مِّنَ الْخَوفْ وَالْجُوعِ وَنَقْصٍ مِّنَ الأَمَوَالِ وَالأنفُسِ وَالثَّمَرَاتِ وَبَشِّرِ الصَّابِرِينَ الَّذِينَ إِذَا أَصَابَتْهُم مُّصِيبَةٌ قَالُواْ إِنَّا لِلّهِ وَإِنَّـا إِلَيْهِ رَاجِعونَ أُولَـئِكَ عَلَيْهِمْ صَلَوَاتٌ مِّن رَّبِّهِمْ وَرَحْمَةٌ وَأُولَـئِكَ هُمُ الْمُهْتَدُونَ

“Албата, Биз сизларни бир оз қўрқинч ва очлик билан, мол-мулкга, жонга меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз. Ва сабрлиларга башорат бер. Улар мусибат етганда: “Албатта, биз Аллоҳникимиз ва, албатта, биз Унга қайтувчимиз”, дерлар. Ана ўшаларга Роббиларидан саловатлар ва раҳмат бор. Ана ўшалар ҳидоят топганлардир”. (Бу улкан тарбиянинг ёрқин мисолидир. Шунча синов ва машаққатларга мукофот қилиб ғалаба, нусрат ва бошқа нарсалар эмас, Аллоҳнинг саловатлари, меҳри ва шафқати ҳамда раҳмати ваъда қилинмоқда! Шунинг учун мўминлар доимо Аллоҳнинг розилигини кўзлаб иш қилишлари лозим бўлади. Бу дунёда ҳосил бўладиган баъзи бир натижалар охирги мақсад бўлиб қолмаслиги керак. Ҳатто ақиданинг ғолиб келиши ҳам юқорида айтилган мукофотнинг ўрнини боса олмайди.) (Бақара сураси, 155-157-оятлар).

Демак, шу оятга амал қилиб, мусибат келган пайтда “Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун” дейилса, оятда айтилганидек, мақтовга сазовор иш қилинган бўлади ва мусибат енгил ўтиб, тезроқ аришига сабаб бўлади. Ундай бандаларга Аллоҳ таоло тарафидан раҳмат, марҳамат бўлади. Ҳидоят топганлар ҳам ўшалар бўлишади.

Мусибат, муаммо ҳақида гапирар эканмиз, Пайғамбарлар алайҳимуссаломга қандай мусибатлар келганини бир кўриб чиқайлик!

Одам алайҳиссалом онамиз Ҳавводан айрилиб, узоқ йиллар ҳижронда яшадилар.

Нуҳ алайҳиссалом қавмларини 950 йил Исломга даъват қилган бўлсаларда, кам сонли кишилар у зотга эргашдилар. Эргашмасдан, тўфонга ғарқ бўлганлар орасида ўғиллари ҳам бор эди.

Иброҳим алайҳиссаломни оловга отишди. Аллоҳнинг амри билан олов у кишига салқинлик ва омонлик маскани бўлди. Аёллари Ҳожар билан гўдак фарзандлари Исмоилни сувсиз, гиёҳ ўсмайдиган водийга ташлаб келиш синовига учрадилар. Сабр қилдилар. Аллоҳ таолодан уларни Ўз паноҳида асрашини ва покиза ризқ беришини сўрадилар. Аллоҳ таоло у кишининг дуоларини ижобат қилди. Кейинчалик Исмоил алайҳиссаломни қурбонликка сўйиш буюрилди. Бу имтиҳонга сабр қилганлари ва Аллоҳнинг амрини ўз вақтида адо этишга уринганлари учун Аллоҳ таоло ўғилларининг ўрнига қурбонлик қилиш учун қўчқорни алмаштириб берди.

Яъқуб алайҳиссалом ўғилларидан айрилдилар. Кўп йиғлаганларидан кўзлари кўрмай қолди. Барчасига сабр қилдилар. Аллоҳга дуо қилиб ёлвордилар. Аллоҳ таоло дуоларини ижобат қилиб, ўғилларини қайтариб, кўзларига шифо берди.

Юсуф алайҳиссалом акалари тарафидан қудуққа ташландилар. Кейин қул қилиб сотилдилар. Қамоққа ташландилар. Барчасига сабр қилдилар. Аллоҳ таолодан ёрдам сўрадилар. Дуолари ижобат бўлиб, ҳамма мусибатлардан қутулиб, Миср хазинабони бўлдилар.

Айюб алайҳиссалом беморлик синовига учрадилар. Фарзандларидан айрилдилар. Сабр қилганлари учун Аллоҳ таоло соғлик ва кўп фарзандлар ато этди.

Юнус алайҳиссаломни катта кит ютиб юборди. У киши бу мусибатга сабр қилиб, Аллоҳга “Лаа илааҳа илла анта субҳаанака. Инний кунту миназ золимийн” деб тасбеҳ айтиб, хатоларига тавба қилганлари учун Аллоҳ таоло у кишини ғамдан қутқарди.

Мусо алайҳиссалом ҳам Фиръавн томонидан қувилдилар. Қавмлари билан денгиз томонга қочдилар. Аллоҳ таолодан ёрдам сўрадилар. Аллоҳ у кишини муаммодан қутқариб, денгиздан йўл очиб берди. Фиръавн ва унинг қўшинларини эса денгизга ғарқ қилди.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Макка мушриклари кўп озорларни бердилар. Тоифликлар тошларни отиб, тиконларни йўлларига ташлаб, оёқларини қонатдилар. Уҳуд жангида тишларини синдирдилар, юзларига совутнинг ҳалқаларини ботирдилар. Фарзандларидан Фотима розияллоҳу анҳодан бошқа барчалари у зотнинг ҳаётликларида вафот этишди. Буларнинг барчасига сабр қилдилар. Аллоҳга ёрдам сўраб, офият сўраб дуо қилдилар. Аллоҳ таолонинг Ўзи динига ёрдам, мусулмонларга қувват берди.

Энди ўзимизга савол берайлик!

Хўш, бизнинг бошимизга юқоридаги мусибатларнинг қайси бири тушди?!

Кимдир бизни оловга отдими?!

Фарзандларимизнинг ҳаммаси вафот этиб кетдими?!

Кит бизни ютиб юбордими?!

Эсимиздан чиқмасинки, кишига иймонининг, тақвосининг қувватига қараб мусибат, синов келади. Шунинг учун энг кўп мусибатга учраганлар Пайғамбарлар алайҳимуссаломдирлар. Улардан кейинги даражада авлиёлар, солиҳ зотлар имтиҳонга учрайдилар.

Бошимизга мусибат келса, Аллоҳга дуо қилайлик! Сабр қилиб, намоз ўқиб, Аллоҳ таолодан ёрдам сўрайлик! Зеро, Роббимиз Қуръони Каримда шундай деган:

 يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ اسْتَعِينُواْ بِالصَّبْرِ وَالصَّلاَةِ إِنَّ اللّهَ مَعَ الصَّابِرِينَ

“Эй иймон келтирганлар! Сабр ва намоз ила мадад сўранглар. Албатта, Аллоҳ сабрлилар биландир”. (Демак, мўмин-мусулмон банда мазкур қийинчиликларни енгиш учун катта миқдордаги сабрга эга бўлиши керак. Аммо ҳамма нарсанинг чегараси бўлганидек, гоҳида сабр ҳам тугаши, сусайиши мумкин, бундай ҳолатда намоз ёрдамга келади. Намоз битмас-туганмас ёрдамчи, кучга-куч, қувватга-қувват бахш этувчи, қалбга мадад берувчи, сабрга-сабр қўшувчи, сокинлик ва хотиржамлик манбаидир. У ожиз, заиф одамни қувват ва ёрдамнинг асл манбаи бўлмиш Аллоҳ таолога боғловчи воситадир.) ( Бақара сураси, 153-оят).

Бошимизга мусибат келганда, муаммога кириб қолганимизда, ундан чиқиш йўлини Аллоҳ таолонинг ўзи бизга ўргатган:

 

وَمَن يَتَّقِ اللَّهَ يَجْعَل لَّهُ مَخْرَجاً  وَيَرْزُقْهُ مِنْ حَيْثُ لَا يَحْتَسِبُ

“Ким Аллоҳга тақво қилса, У зот унинг йўлини очиб қўюр. 3 . Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур” (Талоқ сураси, 2-3-оятлар).

Демак, тақвода, яъни Аллоҳ таолонинг буюрганини қилиб, қайтарганидан қайтишда бардавом бўлсак, Ўзи бизга муаммолардан чиқадиган йўлни кўрсатиб қўяди ва бизга ўйламаган тарафимиздан ризқ беради.

Аллоҳ таоло барчамизнинг мусибатларимизни аритсин!

Мусибат келганда Ўзини зикр қилиб, сабрли бўлиб, тақвони маҳкам ушлаб, улкан ажру савобларга эга бўлишимизни ва мусибатлардан қутулишимизни насиб этсин!

Бошимизга келган ва келадиган барча муаммо, мусибат ва беморликларни гуноҳларимизга каффорот айласин!

 

 

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

ЎМИ матбуот хизмати

 

 

 

3763 марта ўқилди

Мақолалар

Top