Мақолалар

УЛФАТ БЎЛСА ФОЛБИНУ КОҲИН БИРЛА

Олим асло жоҳил билан ўзини тенг билма­син. Жоҳил билан тенг бўламан, деб хор бўлма­син. Жоҳилнинг суҳбатини хўб билмак ҳайбатни, обрўни йўқотиб, шарманда айлар. Жоҳил ўз ишидан мағрур юрар. Агар олим ўзини нодон би­лан тенгласа, дунё кўзлаб коҳину фолбин билан дўст бўлиб, пинҳона алоқа боғлар. У бунга, бу унга одам юбориб, уларни алдаб, чўнтагини қоқар. Но­донлик қилиб, фолбиннинг сўзини тинглаганлар надо­матлар гирдобида бўзлагай.

Баъзи фолбин ва башоратчилар ўзларини дом­ламан дейдиган чаласавод, мадраса кўрма­ган, чаламулланинг чалашогирдлари билан ке­ли­шиб олади. Фолбин ўзича башорат қилиб: “Фалончи домлага борсангиз, қасида ўқиб, фа­лондек дам солиб қўяди”, деб мақтайди. Ваҳо­лан­ки, фолбин унинг билан шартнома тузганини ҳеч ким билмайди. Фолбин юборган домла, аслида уларни “домла”, “олим”, десак, олиму уламога ҳурматсизлик қилган бўламиз. Бундай одам­ларни дуохон дейилади. Дуохоннинг олдига борган инсонга келишилганидек, фолбиннинг гапини қайтаради. Қарабсизки, икки томон ҳам авлиё, алданган омилар улардан хурсанд.

Башоратчининг уйининг олдида қатор турган беморлар ичида, башоратчига қарашли бир нечта одамлар номига навбатда туриб, башоратчини мўъжизачи, кароматчи деб мақтайди­лар. Ундан шифо топганини, йўқотганини топиб бергани­ни ўзаро кўпиртириб гапиришади. Махсус аёллар эса, бошқа аёлга кетиб қолган эрини қайтарганини, бири Америкага бир неча йилдан буён борол­маётганини, шу башоратчи сабаб орзулари амалга ошганини бемор ёки ҳожатманд қиёфасида келган шерикларига гапираверади. Атрофда ўтир­ганлар уларнинг гапига қулоқ тутиб ўтиради ва буларнинг гапига лаққа тушади.

Бугунги кунга келиб башоратчи, фолбин, дуо­хонлар кўпайгандан кўпайди. Одамлар олим­нинг сўзини қўйиб ўшаларга ишонмоқда. Баъ­зи дуо­хонларни танийман, қизи қирққа кирган, бах­ти очилмайди. Ўғлига ҳеч ким қизини бер­май­ди. Ўз фарзандларининг бахтини очолмаганлар сиз­нинг бахтингизни қандай очади? Шунинг учун Ҳақ­дан сўранг, раҳматидан но­умид бўлманг!

Олим ўзин тенгласа жоҳил бирла,

Улфат бўлса фолбину коҳин бирла.

Олим имонидан асар қолмагай,

Афсус-надоматсиз, шаксиз, ўлмагай.

 

Шермурод Тоғайнинг “Қасамини бузган қиз” китобидан

4048 марта ўқилди

Мақолалар

Top