Мақолалар

Луқмони ҳакимнинг ўғлига қилган гўзал насиҳатлари

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

وَلَقَدْ آَتَيْنَا لُقْمَانَ الْحِكْمَةَ أَنِ اشْكُرْ لِلَّهِ وَمَنْ يَشْكُرْ فَإِنَّمَا يَشْكُرُ لِنَفْسِهِ وَمَنْ كَفَرَ فَإِنَّ اللَّهَ غَنِيٌّ حَمِيدٌ

«Биз Луқмонга ҳикмат ато этдик (ва унга дедик): «Аллоҳга шукр қилгин! Кимки шукр қилса, фақат ўзи учун шукр қилур. Кимки ношукурлик қилса, бас, албатта, Аллоҳ беҳожат ва ҳамд эгасидир» (Луқмон сураси, 13-оят).

Луқмони Ҳаким ҳақида қисқача маълумот. Оятда таъкидланганидек, Луқмон – ҳаким бўлган доно бир шахс.  “Ҳаким” деб, сўзи ва ишида ўта аниқлик бўлган кишига айтилади. У зот Луқмони Ҳаким номи билан шуҳрат қозонган. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо) таъкидлашича, Луқмони Ҳаким ҳабаший қул бўлган. У хожасининг берган саволига жавобан: “Энг ширин гўшт ҳам, энг бемаза гўшт ҳам, юрак ва тилдир”, деб айтган ҳикматли сўзи ривоят қилинади. Отаси Боуро. У Озар (Торах) авлодидан бўлиб, Айюб (алайҳиссалом)нинг синглиси ёки холасининг ўғлидир. Луқмони Ҳаким минг йил умр кўрган. У Довуд (алайҳиссалом) замонигача яшаган ва у зотдан илму ҳикмат ўрганган. Луқмони Ҳаким Довуд (алайҳиссалом) пайғамбар бўлгунга қадар, муфтийлик қилган. У зот мингта пайғамбарга шогирд бўлган. Шунингдек, яна бошқа мингта пайғамбарга устозлик қилган. Қайси ҳунар билан шуғуллангани ҳақида ихтилоф бор: тикувчилик ёки дурадгорлик ёхуд подачилик. У зотнинг пайғамбар ёки валий экани борасида турли қарашлар бор. Жумладан, Имом Икрима, Суддий ва Шаъбий (раҳимаҳумуллоҳ) Луқмони Ҳаким пайғамбар бўлган, десалар, қолган уламолар у ҳаким бўлган, дейишган. Зеро, у зот тўғрисида Қуръони каримда ҳам, ҳадиси шарифларда ҳам, аниқ маълумот келмаган. Фақат Қуръони каримдаги бир сура у зотнинг номи билан аталган ҳамда айнан ўша сурада ўз ўғлига қилган насиҳатлари келтирилган, холос. Аллоҳ таоло айтади:

وَإِذْ قَالَ لُقْمَانُ لِابْنِهِ وَهُوَ يَعِظُهُ يَا بُنَيَّ لَا تُشْرِكْ بِاللَّهِ إِنَّ الشِّرْكَ لَظُلْمٌ عَظِيمٌ

«Эсланг, Луқмон ўғлига насиҳат қилиб, деган эди: «Эй ўғилчам! Аллоҳга ширк келтирмагин! Чунки ширк улкан зулмдир» (Луқмон сураси, 13-оят).

 يَا بُنَيَّ إِنَّهَا إِنْ تَكُ مِثْقَالَ حَبَّةٍ مِنْ خَرْدَلٍ فَتَكُنْ فِي صَخْرَةٍ أَوْ فِي السَّمَاوَاتِ أَوْ فِي الْأَرْضِ يَأْتِ بِهَا اللَّهُ إِنَّ اللَّهَ لَطِيفٌ خَبِيرٌ  يَا بُنَيَّ أَقِمِ الصَّلَاةَ وَأْمُرْ بِالْمَعْرُوفِ وَانْهَ عَنِ الْمُنْكَرِ وَاصْبِرْ عَلَى مَا أَصَابَكَ إِنَّ ذَلِكَ مِنْ عَزْمِ الْأُمُورِ  وَلَا تُصَعِّرْ خَدَّكَ لِلنَّاسِ وَلَا تَمْشِ فِي الْأَرْضِ مَرَحًا إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ كُلَّ مُخْتَالٍ فَخُورٍ  وَاقْصِدْ فِي مَشْيِكَ وَاغْضُضْ مِنْ صَوْتِكَ إِنَّ أَنْكَرَ الْأَصْوَاتِ لَصَوْتُ الْحَمِيرِ

(Луқмон яна деди): «Эй ўғилчам! Шубҳа йўқки, агар хантал (ўсимлигининг) уруғидек (яхши ёки ёмон амал қилинадиган) бўлса, бас, у (амал) бирор харсанг тош ичида ё осмонларда ёки ер остида бўлса, ўшани ҳам Аллоҳ келтирур. Зеро, Аллоҳ лутфли ва огоҳ зотдир. Эй ўғилчам! Намозни баркамол адо эт, яхшиликка буюр ва ёмонликдан қайтар ҳамда ўзингга етган (балолар)га сабр қил! Албатта, мана шу пухта ишлардандир. Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки, Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас. (Юрганингда) ўртаҳол юргин ва овозингни паст қилгин! Чунки овозларнинг энг ёқимсизи эшаклар овозидир» (Луқмон сураси, 16–19-оятлар).

Демак, мазкур ояти карималарда Луқмони Ҳакимнинг ўз ўғлига қилган тўққизта насиҳати келтирилган: “Эй ўғилчам,

  • Аллоҳга ширк келтирма.
  • Намозни баркамол адо эт.
  • Яхшиликка буюр.
  • Ёмонликдан қайтар.
  • Ўзингга етган (балолар)га сабр қил.
  • Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин.
  • Ерда керилиб юрмагин.
  • (Юрганингда) ўртаҳол юргин.
  • Овозингни паст қилгин”. 

Тафсир китобларида эса, у зотнинг ўз ўғилига қилган қуйидаги насиҳатлари ҳам келтирилган: “Эй фарзандим, 

  • Улуғ ва қудратли Яратувчи – Аллоҳни тани.
  • Кимга панд-насиҳат қилсанг, аввало унга ўзинг амал қил.
  • Сўзни ўз қадринга лойиқ гапир.
  • Одамларнинг қадрини бил.
  • Ҳамманинг ҳақ-ҳуқуқни англа.
  • Дўстни қийин кунда сина.
  • Дўстни фойда ва зиёнда имтиҳон қил.
  • Аблаҳ ва нодон одамлардан қоч.
  • Доно ва зийрак дўстни танла.
  • Яхши ишга қаттиқ кириш.
  • Аёлга қаттиқ ишонма.
  • Софдил ва доно кишилар билан маслаҳат қил.
  • Сўзни исботи билан гапир.
  • Ёшликни ғанимат бил.
  • Ёшликда икки дунё ишларини қилиб қол.
  • Ота-онани ғанимат бил.
  • Устозни отангдек азиз деб, бил.
  • Харжни киримга қараб қил.
  • Ҳамма ишда ўртача йўл тут.
  • Бировнинг уйига кирганда, кўз ва тилингга эҳтиёт бўл.
  • Либосингни ва баданингни тоза тут.
  • Жамоат билан ҳамдард бўл.
  • Фарзандингга илму адаб ўргат.
  • Тунда турсанг, оҳиста мулойим гапир, кундузи ён атрофингга эҳтиёт бўлиб сўзла.
  • Оз ейиш ва оз гапиришни одат қил.
  • Ўзингга ёқмаган нарсани бировга раво кўрма.
  • Ишни аввал ўйлаб, чора-ю тадбир билан қил.
  • Ўқимай устозлик қилма.
  • Хотин ва болага сир айтма.
  • Одамларни яхшилигидан тама қилма.
  • Пасткашдан вафо кутма.
  • Барча ишда андишасиз бўлма.
  • Бугунги ишни эртага қолдирма.
  • Ўзингдан каттага ҳазил қилма.
  • Ўзингдан каттага сўзни чўзма.
  • Омий одамларга ёмон кўринмасликка урин.
  • Ҳожатманд кишини ноумид қайтарма.
  • Ўтган жанжални эслама.
  • Одамлар яхшилигини ўз яхшилигинг билан аралаштирма.
  • Бойлигинг миқдорини дўсту душманга билдирма.
  • Қариндошни қариндошдан айирма.
  • Яхши одамни ғийбат билан тилга қилма.
  • Фақат ўзингни ўйлама.
  • Жиддий сўзни ҳазилга аралаштириб гапирма.
  • Бировни ҳеч ким олдида ҳижолат қилма.
  • Ўзингни ва яқинларингни одамлар олдида мақтама.
  • Хотинлардек ясанма.
  • Болаларинг нима деса, ўшани қилаверма.
  • Қошу кўзинг билан имлаб, чақимчилик қилма.
  • Айтган сўзингни яна такрорлама.
  • Бировни бемаъни кулдиришдан тийил.
  • Тилингни асра.
  • Иғвогар билан суҳбатдош бўлма.
  • Ўлганларни ёмонлик билан эсламаки, бунинг фойдаси йўқ.
  • Улуғлар синовини яхшилик билан эсла ва гумон қилувчи бўлма.
  • Ўз нонингни ўзгалар дастурхонида ема.
  • Мол-дунё топаман деб, ўзингни қийноққа солма.
  • Ишда шошқалоқликка йўл қўйма.
  • Ғазабинг келганда, сўзни ўйлаб ва танлаб гапир.
  • Қуёш чиққанча ухлама.
  • Катталардан олдинда юрма.
  • Одамлар сўзлашаётганларида гапларига қўшилма.
  • Меҳмон ҳузурида бировга ғазабингни сочма.
  • Меҳмонга иш буюрма.
  • Девона маст билан сўзлашма.
  • Маҳалла бошида бекорчи ва бебошлар билан ўтирма.
  • Фойда-ю зиёнингга ўзингни уриб, обрўйингни тўкма.
  • Манман ва такаббур бўлма.
  • Ўзингни ўта хор қилмасликка интил.
  • Хокисор ва камтарин бўл.
  • Худодан қўрқиш, халққа инсоф қилиш, улуғларга хизмат, кичикларга шавқат, дарвишларга саховат, дўсту ёшларга насиҳат, душманларга юмшоқлик, жоҳилларга сукут, олимларга тавозе қилиш билан яша. Бировнинг молига таъма кўзи билан боқма”.

Толибжон ҚОДИРОВ 
тайёрлади.

7662 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top