Мақолалар

Ҳар ким ўзининг меросини олади

Олимларни ҳурмат қилиш ояти карима ила собит бўлган шариат ҳукми. Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آَمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ

“Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир” (Мужодала сурасининг 11-ояти), деб бандаларига олимларнинг мартабасини Ўзи кўтариб қўйганининг хабарини берган.

Шундай экан, Буюк Яратувчининг Ўзи мартабали қилиб қўйган зотларга ҳасад қилиш, уларни қасдан камситишга уриниш учун одамнинг жоҳиллиги тенгсиз даражада бўлиши керак.  Негаки, фаҳму фаросати бор ҳар бир киши Аллоҳнинг амрига итоатсизлик қилиш – ўз бошини балолар жодуси остига қўйиш эканини дарров фаҳмлайди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ҳадиси шарифларида олимларнинг мартабаси қанчалик баланд эканини жуда ҳам аниқ ифода этиб:

أَنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «اَلْعُلَمَاءُ وَرَثَةُ الْاَنْبِيَاءِ فَاِنَّ الْاَنْبِيَاءَ لَمْ يُوَرِّثُوا دِينَارًا وَلاَ دِرْهَمًا فَاِنَّمَا وَرَّثُوا الْعِلْمَ «

Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динор ёки дирҳам мерос қолдирмаганлар, балки илмни мерос қилиб қолдирганлар”деганлар (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).

Парвардигоримизнинг шу мавзудаги амрлари, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу мазмундаги ҳадиси шарифларига амал қилган азизларимиз, айнан ана шу сабабли юксак марраларни қўлга киритганлар.

“Гулистон”да ажойиб бир ҳикоят бор: “Икки навжувон қишлоқдан Мисрга келди. бири – илм ўрганиб олим бўлди, иккинчиси – мол жамлади ва Миср амири бўлди. Кунларнинг бирида улар учрашиб қолди ва Миср амири уни мазах қилимоқчи бўлиб: “Буни қара, иккаламиз шаҳарга келган вақтимизда ҳар жиҳатдан бирдек эдик. Энди эса мен Мисрга соҳиб бўлдим, сен келган вақтимизда қандай бўлсанг, ўша ҳолингча турибсан”, деди. Олим унга жавобан: “Сен Қоруннинг меросини қўлга киритдинг, Мен Мусо алайҳиссаломнинг меросини”, деб жавоб берди”. 

Соҳибқирон бобомиз салтанатни бошқаришда ўзи қатъиян амал қилган ва фарзандларига ҳам тавсия қилган ўн икки тамойилнинг еттинчиси уламою машойих, оқилу доноларга ҳурмат кўрсатиш масаласи эканини айтган.

Яна ўзининг қандай қилиб элу юртнинг ҳурматини қозонгани, бепоён ерларни қўлга киритгани ҳақида сўз юритганида «Мен доим саййидларга эҳтиром билан қарардим, уламо ва шайхларни эъзозлардим. Бу кишиларни доимо мажлисларимга чакирардим. Уларни дин масаласи юзасидан айтганларини диққат билан тинглаб олардим ва унга амал қилардим. Шунинг учун менга нисбатан халқнинг меҳри баланд эди ва ҳамма мендан миннатдор эди».

Олимни нега ҳурмат қилиш керак? Чунки олимлик дарров пайдо бўладиган ҳодиса эмас, у игна билан қудуқ қазишдек гап. Жалолиддин Румий ҳазратлари айтганидек,

                        Қанча-қанча  йиллар керак,

Бир марди ҳақ олим бўлиш учун.

Қанча-қанча асрлар керак,

Бир марди ҳақ валий бўлиш учун.

Бинобарин, йиллар давомида машаққатли меҳнатлар, уйқусиз тунлар, тўкилган кўз нурлари, эгилган қадду қоматлар, ўқилган ояти карималар, ҳадиси шарифлар... эвазига олим бўлган кишига Аллоҳ таоло валийлик фазилатини ҳам юқтириб қўядики, бунинг исботини кўришни ният қилиб, олимга тош отиб кўриш – кишининг ўзини кўра-била туриб фалокат гирдобига отишдир. Ақли салим одам бундай номақбулчиликдан ўзини сақлайди ва олиму уламога гўзал муомалада бўлади деб умид қиламиз.

Дамин ЖУМАҚУЛ

3579 марта ўқилди

Мақолалар

Top