Мақолалар

Ўз жонига қасд қилиш – неъматларга ношукрликдир

Инсон ҳаётда яхши-ёмон, хурсандчилик ва хафачилик кунларни бошидан кечиради. Бундай вазиятларда қандай ҳаракат қилишига қараб, жамиятда ўз ўрнини топиб боради. Агар тақдирнинг зарбаларидан руҳан синмай, тушкунликка тушмай, сабр, тоқат билан фақат олдинга ҳаракат қилса, имкон изласа, Аллоҳ таолонинг марҳамати сабаб ютуққа эришади ва муваффақият қозонади.

Аслида, инсоннинг бахтли кунлари синовли кунларидан, неъматлар эса бало-офатлардан кўра кўпдир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз. Ҳақиқатан, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир” (Наҳл сураси, 18-оят).

Инсонга берилган энг катта ва қадрли инъомлардан бири ҳаёт, тириклик ва яшаш неъматидир. Қуръони каримнинг икки юздан ортиқ оятида “яратиш” маъносидаги ўзакдан ясалган сўзлар келади. Уларда бевосита инсоннинг ва унга фойдали бўлган нарсаларнинг яратилиши ҳақида сўз кетади. Бу эса инсон бўлиб яралиш Аллоҳ таолонинг катта неъмати эканини билдиради. “Эй одамлар! Сизларни бир жон (Одам)дан яратган ва ундан жуфти (Ҳавво)ни яратган ҳамда иккисидан кўп эркак ва аёлларни таратган Раббингиздан қўрқингиз!..” (Нисо сураси, 1-оят).

Бошқа бир оятда эса бундай марҳамат қилинади: Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик (Исро сураси, 70-оят).

Шундай экан, энг улуғ неъмат бўлган яшаш ҳуқуқидан одам ўзини-ўзи маҳрум қилиши ўта ношукрлик ва катта гуноҳдир. Чунки инсон ҳаёти унинг мулки эмас, Аллоҳ таоло берган омонатдир.

Аллоҳ таоло жонни берган Зот, уни Ўзи олади. Банда ўз жонига қасд қилса, Аллоҳ таолонинг тақдирига қарши борган бўлади ва Унинг ғазабига учрайди. Динимиз бу гуноҳ ишни қилишга олиб борадиган йўлларни ҳам беркитган. Масалан, мусулмон киши ўзига ўлим тилаши мумкин эмас. Ўзига ўлим тилаган саҳобалардан бири Аббос ибн Абдулмуталлиб (розияллоҳу анҳу)га Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй амаки, ўзингга ўлим тилама, агар сен яхши бўлсанг, ўлиминг орқага сурилиб, яхшилигинг ортгани сен учун яхшидир. Агар ёмон бўлсанг, ўлиминг орқага сурилиб, ёмонлигингдан қайтишинг  сен учун яхшироқдир”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Ўз жонига қасд қилиш билан муаммо ҳал бўлмайди, мақсадга ҳам етилмайди. Умрнинг узун бўлиши банда учун катта мукофот ва қулай имкониятдир. Набий (алайҳиссалом): “Сизларнинг яхшиларингиз умри узун, амали чиройли бўлганингиздир”, деганлар  (Имом Аҳмад, Имом Ибн Ҳиббон, Имом Байҳақий ривояти).

Ўз жонига қасд қилиш жиноятининг ечими нимада? Жамиятда юзага келган бу каби муаммолар бир кунда пайдо бўлмайди. Йиллар давомида аста-секин ривожланиб, кейин юзага чиқади. Ўз жонига қасд қилишнинг ҳам турли сабаблари бор: руҳий изтироб, жаҳолат, камбағаллик, адолатсизлик, ҳою ҳавасга берилиш, имонга суянадиган ироданинг йўқлиги ва ҳоказо.

Бу муаммонинг ягона ечими Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидворлик, қалб хотиржамлиги ва сабр-тоқатдир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «(Эй, Муҳаммад!) Ўз жонларига (гуноҳ билан) зулм қилган бандаларимга айтинг: “Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур”. Албатта, Унинг ўзи Мағфиратли ва Раҳмлидир» (Зумар сураси, 53-оят).

Бошқа бир оятда бундай дейилади: “Улар имон келтирган ва қалблари Аллоҳнинг зикри билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизки, Аллоҳни зикр этиш билан қалблар ором олур (ва таскин топур)(Раъд сураси, 28-оят).

Банда ғофил қолса, шайтон уни васваса қила бошлайди. Аллоҳ зикр этилганида эса ортга чекинади. Қалб зикри тафаккур билан бўлади. Яъни, банда Аллоҳ таолонинг неъматларини тафаккур этса, оғир аҳволдаги минглаб ночор одамлар борлиги ва улар ҳам қаноат билан яшаётганини тушуниб етса, шукр қилади, ношукрлигига истиғфор айтади.

Аллоҳ таоло бизга бу дунё қийинчиликларини қандай енгиб ўтиш йўлини кўрсатган: (Аллоҳдан) сабр ва намоз ила ёрдам сўрангиз. Дарҳақиқат, у (намоз) оғир ишдир. Илло, итоатли (хокисор) кишиларга (оғир) эмас” (Бақара сураси, 45-оят).

Қийинчиликларга дуч келинганда Қуръони каримда ва ҳадиси шарифларда келган дуоларни ўқиш керак. Дуо ҳақда Қуръони каримда бундай дейилади: «Зуннун (Юнус)нинг (ўз қавмидан) ғазабланган ҳолда (қишлоғидан чиқиб) кетиб, Бизни унга қарши чиқа олмайди, деб ўйлаган пайтини, сўнг (Биз уни балиқ қорнига ташлаганимиздан кейин) қоронғи зулматлар ичра: “Сендан ўзга илоҳ йўқдир. Сен (барча) нуқсонлардан покдирсан. Дарҳақиқат, мен (ўзимга) зулм қилувчилардан бўлдим”, деб нидо қилган (пайтини эсланг!). Бас, Биз унинг (дуосини) ижобат қилдик ва уни ғамдан қутқардик. Биз мўминларга мана шундай нажот берурмиз» (Анбиё сураси, 87–88-оятлар).

Уламоларимиз мана шу оятга мувофиқ кимнинг бошига мушкул иш тушса, “Лаа илаҳа илла анта субҳанака инний кунту миназ золимийн” дуосини кўп айтсин, дейишади. Шунингдек, истиғфор (астағфируллоҳ)ни кўп айтиш камбағаллик, бефарзандлик ва қурғоқчилик каби муаммоларни ҳам даф қилиши Қуръони каримда зикр қилинган.

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мусибат етганда: “Улуғ ва Ҳалим, буюк Аршнинг Рабби, осмонлару ернинг Рабби – Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ”, деб дуо қилардилар (Имом Насоий ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизга инсоф-тавфиқ берсин, тўғри йўли – ҳидоятидан айирмасин. Халқимиз, динимиз учун фойдали ишларга йўлласин.

 

Ҳикматуллоҳ ТОШТЕМИРОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мутахассиси

4132 марта ўқилди

Мақолалар

Top