Мақолалар

Маҳдуми Аъзам зиёратгоҳи

Самарқанд шаҳрининг жанубий томонидаги Миёнқол оролида жойлашган Даҳбед қўрғонида бир табаррук зиёратгоҳ борки, бу жой бугунги кунда кўпчилик сайёҳлар учун серқатнов манзилга айланган. Бу ерда, Нақшбандия тариқатини ривожлантиришда ва такомиллаштиришда катта хизматлар қилган – ахлоқшунос, фақиҳ ва илоҳиётчи олим Саййид Аҳмад ибн Мавлоно Жалолиддин Косонийнинг қабри бор. Бу улуғ зот 1461 йили Ахсикент вилояти (ҳозирги Фарғона вилояти)нинг Косон шаҳрида таваллуд топган. Ёшлигиданоқ илмга чанқоқ бўлган Косоний дастлабки илмни ўз юртида олган, сўнгра, Самарқандга келиб ўқишни давом эттирган ва мавлоно Муҳаммад Қозидан илм – маърифат сирларини ўрганган. Саййид Аҳмад Косонийнинг  насаблари пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам авлодларига бориб тақалади. Шу сабаб, у кишининг сулоласи халқ ўртасида мавқейи баланд эди. Косоний Самарқанд ва Тошкентда ўз билимини оширгач ўз юртига қайтиб боради ва илм-маърифат билан машғул бўлади. Шайбоний Жонибек Султон Косонийга элчи юбориб катта ҳурмат билан ўз саройига чорлайди. Косоний Султоннинг таклифига рози бўлиб, дастлаб, Самарқандга келади ва сўнгра Карманада яшай бошлайди. Сўнгра Жонибек Султон Миёнқолдаги (ҳозирги Даҳбед қишлоғидаги) ер-сувларни унга мулк қилиб беради. Шундан сўнг Саййид Аҳмад Косоний то умрининг охиригача шу ерда яшаб, 1542 йилда вафот этади.

Жалолиддин Косоний тариқат илмига қўшган катта ҳиссаси учун ислом оламидаги энг улуғ унвонлардан бири Маҳдуми Аъзам унвонига сазовор бўлди. Бу улуғ зот тинмай сермазмун ижод қилди ва тасаввуф, ахлоқ ва илоҳиёт масалаларига оид 30 дан ортиқ рисолалар ёзди. Шунингдек, Маҳдуми Аъзам тоат-ибодатда камтарликни афзал билган, зикр ва намознинг хуфия шакли, яъни, ортиқча дабдабасиз ва намойишкорона бўлмаган шаклини маъқул кўрган. Бу улуғ зот бағоят камтарона яшаб, то умрларини охиригача ўз меҳнатлари билан кун кечирган. Ўз даврининг жуда кўплаб етук олимлари, шоирлари ва давлат арбоблари Маҳдуми Аъзамга қўл беришиб мурид бўлганлар. Жумладан, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Жўйборий хожалардан Муҳаммад Ислом, Шайбоний ҳукмдорлардан Убайдуллахон, Абдулазизхон ва Жонибек Султон ва шу кабилар. Махдуми Аъзамнинг обру-эътибори нафақат Мовароуннаҳр, балки, Хуросон ва Ҳиндистонда ҳам жуда баланд эди. Шу сабабли бу мамлакатларда минг-минглаб мусулмонлар Махдуми Аъзамни ўзларига пир деб билганлар.

Шу ўринда Махдуми Аъзам яшаган Даҳбед қўрғони ҳақида ҳам гапириб ўтмоқ лозим. Тарихий манбаларда айтилишича, Даҳбеднинг тупроғи серунум, ҳавоси тоза ва суви мўл бўлган. Дастлабки Шайбоний ҳукмдорлар давридаёқ Даҳбеднинг атрофи баланд девор билан ўралиб қўрғон қилинган ва бир неча дарвозалар ўрнатилган эди. Аштархонийлар даврида Даҳбеднинг мавқеи ошиб борди ва у туман марказига айланди. Самарқанд ҳукмдори Ялантўшбий Баҳодир Даҳбеднинг ободончилиги борасида катта хизматлар қилганлиги маълум. Ялангтўшбий Бойхўжабийнинг ўғли бўлиб, ўзбекларнинг олчин уруғидан чиққан ва Махдуми Аъзамнинг набираси Хожа Ҳошим Даҳбедийга қўл бериб, унинг муриди бўлган. Ялангтўшбий ўз пирининг бобоси Махдуми Аъзамнинг қабри устида даҳма қурдирган ва йирик масжид барпо қилган. Бу масжид олти устунли ва ўн икки қуббали хонақоҳ, таҳоратхона ҳамда қўшимча хоналардан иборат йирик иншоот бўлган. Шунингдек, Ялангтўшбий бу ерда илми толиблар учун ҳашаматли мадраса ҳам қурдирган. Топган мол-мулкини хайрли мақсадлар ва илм маърифатга сарфлаган Ялангтўшбий милодий 1656 йили Самарқандда вафот этган ва ўз васиятига кўра Даҳбедда пири-устози Ҳожа Ҳошим (Махдуми Аъзамнинг невараси)нинг оёқ томонларига дафн этилган. Шунингдек, у ерга Ялангтушбийнинг қизи Ойбиби хоним ҳам дафн қилинган.

Даҳбеддаги Маҳдуми Аъзам зиёратгоҳида бугунги кунгача жами 47 та қабртош сақланган бўлиб уларни кўпчилигининг шахсиятлари аниқланган. Ҳозирги кунда Маҳдуми Аъзам тарихий зиёратгоҳига кирувчи даҳма, масжид ва хонақоҳлар  таъмирланиб, атрофлари ободонлаштирилди. Маҳдуми Аъзам қолдирган бой маънавий мерос бугунги кунда кенг миқёсда ўрганилмоқда ва бу улуғ зотнинг айрим асарлари катта нусхада чоп этилмоқда.

 

Худоёров Инъомжон

5092 марта ўқилди

Мақолалар

Top