Мақолалар

Ўзбекистон ва Ҳиндистон янги давр остонасида

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистонга бўлажак давлат ташрифи икки мамлакат ўртасидаги азалий дўстлик ришталарига асосланган муносабатларда янги даврни бошлаши кутилмоқда.

 

ЎзА мухбири ташриф арафасида Ҳиндистон Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Винод КУМАР билан икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва янги имкониятлари ҳақида суҳбатлашди. 

Жаноб элчи, Ўзбекистон билан Ҳиндистоннинг тарихий-маданий алоқалари минг йилларга тенг. Унинг истиқболлари ҳақида қандай фикрдасиз?

– Ўзбекистон билан Ҳиндистонни кўп асрлик тарихий, маданий-маънавий алоқалар боғлаб туради. Минг йиллар давомида икки халқ маданияти бир-бирига уйғун тарзда шаклланган ва ривожланган. Айниқса, меъморлик анъаналари, адабий мерос ва халқ оғзаки ижодида уйғун жиҳатлар кўп. Алишер Навоий, Мирзо Ғолиб каби буюк алломаларимиз халқларимиз учун бирдай машҳур ва ардоқли. 

2015 йилда Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модининг Ўзбекистонга расмий ташрифи мамлакатларимиз ҳаётида йирик воқеа сифатида тарихга муҳрланиб, унинг доирасида кўплаб ҳужжатлар қатори халқларимиз маданий алоқаларини янада ривожлантиришга қаратилган Маданий ҳамкорлик дастури ва туризм бўйича ҳамкорлик битими имзоланди. 

Тошкент шаҳрида Лаъл Баҳодур Шастри номидаги Ҳиндистон маданият маркази фаолият юритмоқда. Ушбу марказ ҳинд тили, маданияти, урф-одатлари билан яқиндан танишиш истагида бўлганлар учун доимо очиқ. Бундан ташқари, марказ Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам халқларимиз маънавий алоқаларини янада ривожлантиришга қаратилган кўплаб маданий-маърифий тадбирлар ташкил этиб келмоқда. Ҳар ойнинг сўнгги жумасида марказ томонидан ўтказиладиган “ҳинди-манч” тадбири улардан бири. Ушбу тадбир марказга келувчиларнинг Ҳиндистон маданияти билан яқиндан танишиш, ҳинд тилида мулоқот қилиши учун ўзига хос майдонга айланган. 

Ўзбекистон билан Ҳиндистон маданий алоқаларида яхши бир анъана шаклланган. Мамлакатларимизда байрамлар, нуфузли фестивалларда икки халқ вакиллари фаол иштирок этиб келмоқда. Яқинда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Шаҳрисабз шаҳрида илк бор ўтказилган Халқаро мақом санъати анжуманида ҳам ҳиндистонлик санъаткорлар қатнашиб, ўзбек мақом санъатининг сеҳрли ва хуш оҳангларидан баҳраманд бўлиш баробарида, маҳаллий халқ урф-одатлари, ҳунармандлик намуналари билан яқиндан танишди. Шунингдек, ҳар йили юртингизда ўтказилаётган “Ҳиндистон – Марказий Осиё” мулоқоти давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, турли соҳалар бўйича муносабатларни изчил йўлга қўйишга хизмат қилмоқда. 

Ишонч билан айтиш мумкинки, икки мамлакатнинг кўп асрлик дўстона ҳамкорликка асосланган юксак даражадаги сиёсий ва дипломатик алоқалари янада юқори босқичга кўтарилади. 

Мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг қайси йўналишларини устувор, деб ҳисоблайсиз?

– Ҳиндистон Ўзбекистон билан икки томонлама ҳамкорликни барча соҳаларда ривожлантириш тарафдори. Савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича мамлакатларимиз фаол иш олиб бормоқда. Ўзаро ишонч ва дўстона муносабатларга асосланган стратегик шериклик қишлоқ хўжалиги, пахта ва тўқимачилик саноати, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, ахборот технологиялари, фан-техника, космонавтика, муқобил энергия соҳалари бўйича ҳамкорликни кенгайтириш имконини беради. 

Ўзбекистонда фармацевтика тармоғини ривожлантириш мақсадида махсус эркин иқтисодий зоналар ташкил этилди. Ушбу соҳада рўёбга чиқарилаётган лойиҳаларга ҳам тўхталсангиз?

– Ҳиндистон Ўзбекистон билан соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаларида фаол ҳамкорлик қилмоқда. Шу йил февраль ойида Ҳиндистон кимё саноати ва ўғитлар давлат вазири Мансуҳ Мандавия бошчилигидаги делегация мамлакатингизга ташрифи доирасида Ўзбекистон ва Ҳиндистон ишбилармон доираларининг бизнес-анжумани бўлиб ўтди. Ташриф доирасида томонлар фармацевтика бўйича ҳамкорликни яна кенгайтириш имкониятларини ўрганди. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда битта Ҳиндистон фармацевтика компанияси фаолият юритмокда. Яна иккита шундай корхона барпо этиш режалаштирилган. 

Айни вақтда Андижонда Ўзбекистон – Ҳиндистон эркин фармацевтик зонасини ташкил этиш бўйича икки томонлама иш олиб борилмоқда. Умид қиламизки, бошланган тадбирлар яқин орада ўз самарасини бериб, мамлакатингиз фармацевтика соҳаси ривожланишига ўз ҳиссасини қўша бошлайди. 

Ўзбекистон Президентининг Ҳиндистонга давлат ташрифи мамлакатларимиз ҳамкорлигида қандай саҳифа очади?

– Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистонга кутилаётган давлат ташрифи икки томонлама муносабатларни янги даражага кўтариб, тарихий воқеа бўлиб қолади. 

Ишонаманки, бу ташриф мамлакатларимизнинг 2011 йилда асос солинган стратегик шериклигига янги мазмун бағишлаб, ўзаро ҳамкорлигимизда янги саҳифа очади. 

Бош вазир Нарендра Модининг 2015 йилда Ўзбекистонга ташрифи мамлакатларимиз муносабатларига янги туртки берган эди. Икки давлат раҳбарлари 2017-2018 йилларда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида ҳам учрашиб, ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли масалаларини муҳокама қилдилар. Жорий йилда Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Сушма Свараж ва савдо-саноат ва фуқаро авиация вазири Суреш Прабхунинг мамлакатингизга амалга оширган ташрифлари ҳам самарали бўлди. 

Жорий йилдан Ҳиндистон ШҲТда тўлақонли аъзо сифатида минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашда ҳамкорлик қилмоқда. Мамлакатларимизнинг ташкилот доирасидаги муносабатлари ҳақида ҳам фикр билдирсангиз? 

– Ҳиндистоннинг ШҲТга аъзо бўлишини қўллаб-қувватлагани учун Ўзбекистон раҳбариятига миннатдорлик билдирамиз. ШҲТга қабул қилингандан сўнг мамлакатимиз ташкилотнинг барча аъзо давлатлари билан ҳамкорлик ишларини бошлади. Деҳли шаҳрида ШҲТ экспертлар йиғилиши ўтказилди. Халқлар фаровонлиги йўлида бошқа аъзо давлатлар билан ҳам ҳамкорликни кенгайтирмокдамиз. Жумладан, терроризмга қарши курашиш, ўзаро алоқаларни ривожлантириш ва бошқа турли соҳалардаги масалаларни муҳокама қилмоқдамиз. 

Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон халқини яқинда нишонланган мустақилликнинг 27 йиллик байрами билан табриклайман. Ўзбек халқи ўз мамлакатини янада юқори даражага кўтаришига чин дилдан тилакдошман.

 

ЎзА мухбири Малоҳат Ҳусанова суҳбатлашди.

4026 марта ўқилди

Мақолалар

Top