Мақолалар

Она меҳри ҳар нарсадан устундир

Муборак ҳадиси шарифда Пайғамбар алайҳиссалом бундай деганлар: “Ким ота-онасига яхшилик қилса, унга “Тубо” бўлсин, Аллоҳ азза важалла унинг умрини зиёда қилсин”.

Ушбу хадисдан маълум бўладики фарзанд энг аввало ота-она хизматини қилиб, улар дуосини олиши лозим. Зеро ота-она ўз фарзандига ўзидаги бор меҳрини бериб унинг инжиқликларига сабр бардош билан чидаган. Энди фарзандлар ҳам ота-оналаридан меҳрларини ва икки оғиз ширин сўзларини дариғ тутмасинлар.

Ибн Умар розияллоҳу анхумо елкасига онасини миндириб, Каъбани тавоф қилдирган кишини кўрдилар. У киши: “Эй ибн Умар, мен онамнинг хаққини адо қила олдимми” деб сўраган эди, у зот: “Тўлғоқ вақтидаги хақини ҳам адо эта олмадинг. Бироқ яхши иш қилдинг. Аллоҳ сенинг озгина яхшилигингга кўп савоблар ато этур”, дедилар. Бикр айтганларки: “Қайси бир киши онасига гапини эшитадиган даражада яқин бўлса, бу унга Аллоҳ йўлида қилич чопишгандан кўра афзалроқдир. Онасига назар солиш эса барча нарсадан афзалдир”.

Она бўлмоқ – бахт. Шунинг учун оналар фарзандларни дунёга келтиришдаги барча қийинчиликларни бўйинларига олиб икки йўлни ўртасида туриб фарзандини дунёга келтиради. Бунинг эвазига Аллоҳдан улкан мукофотлар олади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар: “Хомиладор, туғадиган, эмизувчи болаларига меҳрибон аёллар агар эрларига ёмон (муносабатда) бўлмасалар ва намозини адо қилсалар, албатта жаннатга кирадилар”(Имоми Хоким, Имоми Табороний ривояти).

Аллоҳ таоло барча оналаримизни саломат айлаб, улар қилган меҳнатлари эвазига Яратганнинг ўзи икки дунё мукофотини ато этсин!

Одилжон МИРЗАЕВ,

Ёзёвон тумани“Баҳовуддин Нақишбанд” масжиди имом хатиби

 

4278 марта ўқилди

Мақолалар

Top