Мақолалар

Ҳиндистон (Бҳарат)

(Давоми, боши ўтган сонда)

Бу ўлкага Исломни Саодат асридан бошлабоқ мусулмон савдогарлар, дипломатлар олиб кира бошлаган. Кейинчалик Ислом мусулмонларнинг ҳарбий юришлари давомида ёйила бошланди. Жумладан, VII аср охирида Ироқнинг қудратли ҳокими Ҳажжож ибн Юсуф невараси Муҳаммад ибн ал-Қосим Ҳинд водийсининг Мўлтонгача бўлган бутун пастки қисмини босиб олди. У Ҳиндистонда узоқ қолмади, лекин шундан буён Синдни ва ҳатто жануби-ғарбий Панжобни араблар халифалигининг бир қисмига айлантирган эди. Шундан сўнг Ҳиндистонга кўплаб мусулмон саркардалар ҳужумлар уюштирган ва ушбу ҳудуддаги энг йирик давлатларни кўпинча мусулмонлар бошқариб келган.

Ва ниҳоят 1526 йили Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ҳиндистонга бостириб келди. Бу мамлакат 500 йил мобайнида, Синд ва Мўлтон эса 800 йил мусулмон мамлакати бўлиб турди. Ҳиндистон кенг мусулмон дунёсининг бир қисми сифатида халифаликнинг руҳий таъсирида бўлди. Унга барча осиёликлар Дар ул-Ислом (Ислом қароргоҳи) деб қарашарди. Бутун Ислом дунёсидан бу ерга оқиб келган мусулмон руҳонийлари, файласуфлари, фозиллари ва шоирлари, маърифатпарварлари ва мутафаккирлари ўзларини уйларидагидек ҳис қилардилар. Бу ерда ҳамма жойда дорилфунунлар ва билимларнинг катта мухлислари мавжуд эди. Кашмир ҳокими Искандар Бут Шикан ва Искандар Лўдийдан бошқа мусулмон ҳукмдорлари ҳиндларнинг диний ва маданий анъаналарига ҳеч қачон аралашмаганлар, уларга ҳурмат билан қараб, давлат фаолиятига жалб қилганлар, юксак лавозимларни ишониб топширганлар, ҳарбий хизматга олиб, лашкарбошиликка тайинлаганлар, хуллас, бегона билмаганлар. Халққа оддий дунёвий ва мажбурий исломий маънавий маърифат бериш соҳасидаги ишларни Лахўрлик Дата Ганж Баҳш, ажмерлик Хўжа Мўйниддин, деҳлилик Хўжа Бахтиёр Қоқий, пакпаттанлик Бобо Фарид, мўлтонлик Шайх Баҳовуддин Закария, баҳовалпурлик Маҳтум Жаҳониян Жаҳонгашт, деҳлилик Шайх Низомиддин Авлиё, бирлашган вилоятлар вакили Аҳмад Собир Қалйарий, бенгаллик Жалолиддин Табризий ва деканлик Хўжа Гесув сингари мусулмон руҳонийлари бошқариб боришарди. Ўзлари бўлган ҳамма жойда билим зиёсини сочадиган бу йирик дин арбобларига мусулмонлар ҳам, ҳиндлар ҳам бирдек қулоқ солардилар. Маърифатчилик фаолияти туфайли Ислом динини қабул қилганларнинг аксарияти шундай иш тутишарди. Бу руҳонийларнинг ҳаммаси маърифат тарқатиш билан шуғулландилар. Низомиддин Авлиё холжийлар салтанатида, Хўжа Гесув Дароз эса XV аср бошида шундай фаолият кўрсатишди. Улар Аллоҳ марҳаматига оддий ишончни, ҳалолликдан, ҳамдардликдан, Парвардигорга яқинликдан роҳатланишни, кишиларнинг ўзаро бир-бирлари олдидаги бурчи ва масъулиятини, тоат-ибодатнинг кучи, эътиқоднинг гўзаллигини ўргатиб бордилар. Лекин ўз фикрларини ҳеч қачон зўрлик билан тиқиштиришмас ва кўплаб тарафдорларга эга эдилар. Улар бу мамлакатда Ислом динини оммалаштирдилар.     

Уларнинг оддий таълимотлари ҳар доим кам сонли ва имтиёзли табақалар дини бўлиб келган ҳиндлар эътиқодига аста-секин таъсир эта бошлади. Бу дин то XIX асрда Ҳиндистондаги бхагатлар гуруҳи (халқ авлиёлари), яъни Панжобда Гуру Нанак, марказий Ҳиндистонда – Рамананд ва Кабир, Бенгалда – Чайтанийа, Ражпутан ҳамда Нанадевада – Даду ва Махарараштрада бошқа гуруҳлар исён кўтарганларига қадар шундай мавқени сақлаб қолди. Бу авлиёларнинг ҳаммаси севги-муҳаббат, яхшилик, саховат, оддий эътиқод ва мухлислик, инсонга ҳамдардлик ва меҳр туйғуларини сингдира бошладилар. Улар таълимоти тезда оммалашиб, тарафдорлар орттира борди, бхагатларнинг ҳар бири панс (диний таълимот) бошчисига айланиб, халқни уйғотишга ҳисса қўшди. Ҳиндлар уларнинг ўтмишини ўрганиб, мавжуд шарт-шароитларни яхшилашга киришдилар. Яна юз йил ўтгач, бу ҳаракат ўзгариб кетди: у ҳиндлар орасида адабий жонланишни, яна икки юз йилдан кейин эса ижтимоий-сиёсий уйғонишни келтириб чиқарди. XVIII асрга келиб ҳарбий доираларда, Панжобда сиқҳлар, Ғарбий Ҳиндистонда махраттанлар орасида тўла-тўкис шаклланган мазкур ҳаракат бенгалларни маданиятга ошна қилди, халққа маърифат тарқатди. Ҳиндларда миллий руҳ туғилишига, уларнинг мусулмонлардан қўрқуви барҳам топишига ва британияликларга нисбатан нафрат уйғонишига асосий сабаб бўлди. Шу жиҳатдан, ҳиндлар миллий руҳининг илдизлари жуда қадимийдир.

Ҳозирги вақтда Ҳиндистонда Ислом динига эътиқод қилувчилар сон жиҳатдан ҳиндулик динига эътиқод қилувчилардан кейин иккинчи ўринда туради. Ҳиндистон мусулмонлари 176 миллиондан ортиқ, умумий аҳолининг 14,4 фоизи.

Ҳиндистон мусулмонлари сон жиҳатидан Индонезия ва Покистон аҳолисига ета олгани йўқ ҳозирча, бироқ уларнинг сони йилдан йилда ортишда давом этмоқда.

 

3699 марта ўқилди

Мақолалар

Top