Мақолалар

Ислом молия тизими Марказий Осиёда ривожланмоқда

gulf-times.com нашрининг берган маълумотларига кўра Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан, Қозоғистон ва Ўзбекистонда Ислом молия тизими катта қадамлар билан ривожланмоқда. Халқаро банку тизимларини ўзига жалб қилаётган минтақада хусусий банклар, капитал бозорини ривожлантириш ва молиявий технологияларни жорий этишга имкон яратилган.

Ўзбекистоннинг Яқин Шарқ ва Жануби-шарқий Осиё исломий инвесторларига ўз эшикларини очиши жараёни Ислом тараққиёт банкининг кўмагида амалга оширилмоқда.

Ислом тараққиёт банки томонидан Ўзбекистон ҳукуматига 1,3 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги шарий молия тизимини жорий этиш, инфраструктурани модернизация қилиш, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш мақсадида кредит ажратгани соҳани ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Ҳалол жамғармалаш ва микромолиялашни ўз ичига олувчи исломий молия воситаларини жорий этишда ҳамкорлик йўлга қўйилган. Шариат асосидаги кредитлаш тизими Ўзбекистондаги 6 та банкда йўлга қўйилиш арафасида. Улар Асака банк, ЎзСҚБ, Туронбанк, Ҳамкорбанк, Капиталбанк ва Asia Alliance Bank лар экани айтиб ўтилган. Trustbank ва InFinBank томонидан ҳам ушбу йўналишда ҳамкорликни амалга ошириш ҳаракатлари йўлга қўйилган.

Қирғизистонда ҳам бир қатор исломий молия ва банк хизматлари йўлга қўйилган. Баҳрайннинг Al Baraka Bank Group ташкилоти Бишкекда жойлашган BTA Bank билан ҳамкорликни йўлга қўйган.

Исломий молия хизматлари Россияда анча олдин йўлга қўйилган бўлсада исломий банкларнинг фаолиятида ривожланиш кузатилмаган. Бунга сабаб сифатида эса банкларнинг ликвидлиги масаласи қайд этилган.

ЎМИ Матбуот хизмати

3554 марта ўқилди

Мақолалар

Top