Мақолалар

Онанинг танбеҳи:  "Маккага имом бўлгур"

Аллоҳ таолнинг энг улуғ инъомларидан бири бу - сўз неъматидир. У икки томони кескир қиличга ўхшайди. Хоҳласа яхшиликка ёки ёмонликка ишлатиш мумкин. Жим туриб саломат қолиш ҳам мумкин.

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг "Ал-жоме ас-саҳиҳ" китобларида келган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисига озор бермасин, ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини ҳурматласин, ким Аллоҳга ва охират кунига иймон кетирган бўлса, яхшиликни гапирсин ёки сукут сақласин”, деганлар.

Ҳақиқатан ҳам инсон бир оғиз сўз билан бутун умрлик ҳаёт риштасини боғлаши ёки шошқалоқлик қилиб уни узиб ҳам юбориши мумкин. Бир сўз билан иймон калимасини айтиб, қалби билан тасдиқлаб, дунё-ю охират роҳатига эришиш ёки, Худо сақласин, диндан чиқарувчи сўзни айтиб, дунё ва охират жазосига мубтало бўлиши ҳам мумкин.
Сўздан тўғри фойдаланмасдан, беҳаё сўзларни айтиб, ноўрин гаплар билан бировнинг дилини оғритиб, гуноҳга ботса ҳам бўлади. Ёки насиҳат қилиб, ўзгаларнинг қалбига хурсандчилик киритиб, савобга эришса ҳам бўлади. Қуйидаги ҳадисларда тилимиз орқали қандай фойдаларга, савобларга эришиш мумкинлигини ўрганамиз. Имом Термизийнинг "Ал-жоме ал-кабир" китобларида келади.

Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: “Ким субҳаналлоҳил аъзим ва биҳамдиҳи (ҳамд бирла, буюк Аллоҳни пок деб ёд этаман) деса, жаннатда у учун бир хурмо кўчати ўтқизилади”, деб марҳамат қилганлар. Яна ушбу китобнинг «Қуръон фазийлати» деган бобида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ихлос сураси Қуроннинг учдан бирига тенг келади» деганлар. Бундан ташқари биз билмаганимиз учун ёки билсак ҳам, дангасалик қилиб айтмаётган кўплаб зикру тасбиҳлар бордир.

Юқоридагилардан маълум бўладики, инсон кўплаб гуноҳлару хатолардан тийилиб, зикрларни айтиб, қанчадан-қанча савоб олиб, ширин сўз билан ўзгаларни хушнуд қилишга уриниши керак экан.
Сўзимизни Маккаи Мукарраманинг имоми бўлган шайх Абдураҳмон Судайснинг сўзи билан тамомлаймиз. У кишидан бу даражага қандай эришдингиз деб сўрашганда, онам мендан аччиқланганларида қарғаш ўрнига, “Маккага имом бўлгур”, деб танбеҳ берар эдилар, деб жавоб берган эканлар.

 

Иброхим ТЕМИРОВ
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси

4687 марта ўқилди

Мақолалар

Top