Мақолалар

Зилзила пайтида нима қилиш керак?

Зилзила, ер силкиниши Аллоҳ таолонинг белги, оятларидан бири бўлиб, бандаларга охиратни эслатиш, аламли азобдан огоҳлантириш ва уларга заифликларини сездириб қўйиш учун содир бўлади. Инсон ер силкинган пайтда заифлигини, ожизлигини, Аллоҳ таолонинг ёрдамига муҳтожлигини ҳис қилиб, ўзини ўнглаб, янада ҳушёрроқ бўлиб, солиҳ амалларни кўпайтириши, Аллоҳни кўп зикр қилиб, хатоларидан тавба қилиши керак.

Роббимиз Қуръони каримда шундай деб марҳамат қилади:

 

 وَلَقَدْ أَرْسَلنَا إِلَى أُمَمٍ مِّن قَبْلِكَ فَأَخَذْنَاهُمْ بِالْبَأْسَاء وَالضَّرَّاء لَعَلَّهُمْ يَتَضَرَّعُونَ فَلَوْلا إِذْ جَاءهُمْ بَأْسُنَا تَضَرَّعُواْ وَلَـكِن قَسَتْ قُلُوبُهُمْ وَزَيَّنَ لَهُمُ الشَّيْطَانُ مَا كَانُواْ يَعْمَلُونَ فَلَمَّا نَسُواْ مَا ذُكِّرُواْ بِهِ فَتَحْنَا عَلَيْهِمْ أَبْوَابَ كُلِّ شَيْءٍ حَتَّى إِذَا فَرِحُواْ بِمَا أُوتُواْ أَخَذْنَاهُم بَغْتَةً فَإِذَا هُم مُّبْلِسُونَ

“Батаҳқиқ, Биз сендан олдинги умматларга ҳам Пайғамбарлар юборганмиз. Сўнгра, шояд тазарруъ қилсалар, деб уларни бало ва зиёнларга тутганмиз.

(Аллоҳ таоло Ислом умматидан аввалгиларга ҳам Пайғамбарлар юборган. Улардан Пайғамбарларнинг даъватига юрмаганларини бало-офатларга дучор қилган Бундан, шоядки бошига оғир кун тушганда ўзига келиб, ҳушини йиғиб, хатосини тушунса ва иймон йўлига юрса, деган мақсад кўзда тутилган.)

Бизнинг баломиз уларга етганда, тазарруъ қилсалар эди! Лекин қалблари қаттиқ бўлди ва шайтон уларга қилаётган ишларини зийнатлаб кўрсатди. Эслатилган нарсаларни унутган чоғларида, уларга ҳамма нарсанинг эшикларини очиб қўйдик. Ўзларига берилган нарсалардан хурсанд бўлиб турганларида,уларни бирданига тутдик. Бас, қарабсизки, бутунлай ноумид бўлдилар.

(Яъни, улар истаганларидан ҳам ортиқ нозу неъматларга кўмиб ташланганлар. Аммо иймонсиз, тазарруъсиз келган нозу неъмат яхшиликка олиб бормаслиги турган гап. Кофир-мушрикларга бу нарсалар берилса, хусусан, ҳамма нарсанинг эшиги очиб қўйилса, орқасида бошқа гапи бўлади. Бундай бўлишини хаёлларига ҳам келтирмаган эдилар. Бирданига Аллоҳнинг азоби уларни тутди. Энди тавба-тазарруъ қилишга имкон қолмади.)  (Анъом сураси, 42-44-оятлар).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам доим Аллоҳ таолони зикр қилиб, тонгги ва кечки дуоларни айтиб юрар ва умматларини ҳам шунга тарғиб этардилар.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам барча зикр ва дуолар қаторида мана бу дуони ҳам эртаю кеч ҳеч тарк қилмас эдилар: «Аллоҳумма инний асалукал ъафва вал ъаафията фиддуня вал аахироҳ, Аллоҳумма инний асалукал ъафва вал ъаафията фий дийний ва дуня-я ва аҳлий ва маалий. Аллоҳуммастур ъавротий ва аамин ровъаати. Аллоҳуммаҳфазний мин байни йадайя ва мин холфий ва ъан яминий ва ъан шимаалий ва мин фавқий ва аъузу биъазоматика ан уғтаала мин таҳтий».

(Маъноси: «Аллоҳим! Мен Сендан дунё ва охиратда офият сўрайман. Эй Раббим, динимда ва дунёимда, аҳлимда ва молимда афв ва офият сўрайман. Эй Раббим, авратимни беркит, хавфларимни омонликка айлантир. Эй Аллоҳим, мени олдимдан, орқамдан, ўнг томонимдан, чап томонимдан, устимдан сақлагин. Эй Раббим, остимдан ҳалок қилишингдан Сенинг қудратинг ила паноҳ тилайман») (Абу Довуд ва Ибн Можа ривояти).

Шунингдек, зилзила пайтида намоз ўқиш ҳам мақсадга мувофиқдир.

Зилзила ҳақида Тақий Усмоний ўзларининг “Мавсуъатул фиқҳийя” асарининг тўртинчи жилдида  қуйидагича келтирадилар: “Зилзила Аллоҳ таолонинг оят ва аломатларидан ҳамда ноодатий ҳодисаларидандир. Ҳанафий, шофеий ва ҳанбалий мазҳаби уламолари зилзила содир бўлганда икки ракат намоз ўқиш мустаҳаб эканлигини айтадилар”.

Имом Косоний ва Ибн Қудома рaҳимаҳуллоҳлар Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Басрадалик вақтларида зилзила сабабли намоз ўқиганларини нақл қиладилар. Имом Нававий рaҳимаҳуллоҳ “Шарҳу Муҳаззаб”да Али розияллоҳу анҳудан зилзила бўлганда намоз ўқиш кераклиги ҳақидаги ривоятни келтирганлар.

Имом Косоний рaҳимаҳуллоҳ айтадиларки: “Бу усул қўрқинчли ва даҳшатли ҳодисалар пайтида намоз ўқишлик лозимлигига асослангандир. Қуёш ва ой тутилишида ўқиладиган намозларнинг асоси ҳам шудир”.

Намознинг ўқилиш тартиби қуйидагича:

Бу намоз жамоат бўлиб эмас, балки якка ҳолда ўқилади. Ушбу намоз бошқа намозлардан фарқли бўлмаган ҳолда икки ракаат бўлиб, намоз ўқиш макруҳ бўлган вақтларда ўқилмайди. Намоздан сўнг дуога жидду жаҳд қилинади. Юқоридаги дуони ҳам шу пайтда айтиш мақсадга мувофиқ.

Келтирилган маълумотлардан шундай хулоса қилиш мумкинки, ер силкиниши, ўта қаттиқ шамол келиши, кучли ёмғир ёғиб, сел оқиши каби ҳолатлар шунчаки табиий ҳодиса эмас, балки, сизу бизнинг гуноҳларимиз ҳаддан ошгани, Аллоҳ таолонинг ибодагига бепарволигимиз, “Беш кунлик дунёда ўйнаб қол” қабилида иш тутишимизнинг аянчли ва хатарли оқибати экан. Шунингдек, бу бизга Аллоҳ таолонинг Ўзига қайтиб, тавба ва истиғфорга шошилишимизга илоҳий чақириқ эканлигини ҳам ёдда тутмоғимиз даркор. 

 

Интернет маълумотлари асосида тайёрланди

5769 марта ўқилди

Мақолалар

Top