Мақолалар

“Ақл юргизадиган кишилар учун аломатлар бордир”

Кенг далада ёлғиз ўтирган бир киши ўзига-ўзи шивирлаб, “Ё, Робб менга жавоб бер”, деди. Ўтзордаги майсалардан оҳанг тарар эди. Бироқ уни эшитмасди. “Ё, Робб мен билан гаплаш”, деди. Осмонда момақалдироқ гумбурлади. Бироқ уни эшитмасди. Атрофга назар солди-да “Ё, Робб менга сени кўришликни насиб эт”, деди. Юлдузлар эса ярқираб турарди. Бироқ уни ҳам кўрмасди. Қўлини кўкка қўтариб, “Роббим, менга сени ҳис этишимни насиб эт”, деди. Баҳор келиб, ҳаёт янгидан бошланганди. Бироқ буни ҳам сезмасди. Охири чорасизликдан кўз ёш тўкиб, “Ё Робб, менга Ўзингни борлигингни билдир”, деди. Шунда бир капалак келиб елкасига қўнди.  Бироқ уни қўли билан туртиб ҳайдаб юборди.

«Сиздан (эй, Муҳаммад!) бандаларим Менинг ҳақимда сўрасалар, (айтинг) Мен уларга яқинман....» (Бақара, 186).

Аллоҳнинг яратиб қўйган махлуқотларидан иборат олиш, улар тўғрисида тафаккур қилиш учун инсон қалб кўзи очиқ бўлиши лозим. «Ушбу мисолларни Биз одамлар (ибрат олишлари) учун айтурмиз. (Лекин) уларни фақат олимларгина англагайлар» (Анкабут, 43).

Аллоҳ таолонинг ўз бандаларига қилган насиҳатларини ва ўзининг қудрати ва ҳикмати беқиёс экани тўғрисидаги ақлий далилларни фақат тафаккур этувчи олимларгина тўғри ва яхши англайдилар.

 

Маҳзун бўлманг

Аллоҳ таолонинг раҳмати кенг, Унинг мағфират эшиклари биз учун ҳамиша очиқ. Мўмин-мусулмонлар беш маҳал намознинг ҳар бир ракъатида “Фотиҳа” сурасининг: «(У) Mеҳрибон, Раҳмли» оятини тиловат қилганда, бир кунда 64 маротаба Аллоҳнинг Меҳрибон ва Раҳмли эканлигини зикр қиладилар.

Қуръони каримда “раҳмат” ва унга боғлиқ бўлган 315 дан ортиқ сўзлар учрайди. Ростгўйлик – 145 марта, сабр – 90 марта, афв – 43 марта, саҳийлик – 42 марта, тўғрилик – 40 марта, содиқлик – 29 марта, одиллик – 24 марта, беозорлик – 15 марта зикр этилган.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Аллоҳнинг юзта раҳмати бордир. Улардан биттасини жин, инс, ҳайвонот ва ҳашаротлар орасига нозил қилгандир. Бас, ўша ила улар бир-бирларига меҳр ва раҳм кўрсатадилар. Ўша ила ваҳший ҳайвон ўз боласига меҳр кўрсатади. Аллоҳ тўқсон тўққизта раҳматини кейинга қўйган. Улар ила қиёмат куни бандаларига раҳмат кўрсатади, дедилар (Муслим ривояти).

Бошқа бир ҳадисда Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам): Аллоҳ халойиқни халқ қилганда Ўз Китобига «Албатта раҳматим азобимдан ғолиб келадир», деб ёзиб қўйди, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Шундай экан, агар дуоингиз қабул бўлмаса маҳзун бўлманг. Абу Саъийд Худрий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Бир мусулмон гуноҳ қилмай, силаи раҳмни узмай туриб дуо қилса, албатта, унга уч нарсадан бирини беради. Ё сўраган нарсасини тезда беради. Ёки унинг мукофотини охиратга олиб қўяди. Ёхуд унга тенг ёмонликни ундан даф қилади, дедилар. Ундоқ бўлса, кўпайтирилар экан-да?, дейишди. Аллоҳ кўпайтирувчироқ! дедилар.

Агар касал бўлсангиз ёки бирор кўнгилсизликка дучор бўлсангиз, бу Аллоҳ сизга ғазаб қилгани ёки жазолаганини билдирмайди. Бу ҳам Раҳмат. Зеро, мусибат орқали Аллоҳ ўз бандаларини синаб, Ўзига яқин қилади ва гуноҳларни мағфират этади. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Мусулмонга қай бир мусибат: чарчашми, беморликми, ташвишми, хафачиликми, озорми, ғам-ғуссами, ҳаттоки тикан киришми етадиган бўлса, албатта, Аллоҳ улар ила унинг хатоларини каффорат қилур”, дедилар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Агар бошингизга бирор мусибат тушса, бу Аллоҳнинг сизга ёмонликни исташи эмас. Бу ҳам Раҳмат. Бу билан Аллоҳ сизга ўзининг яхши кўрган бандаларидан бири бўлиш имконини берган бўлади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу ҳақда бундай деганлар: Яхшиликлар катта синовлар билан келади. Қачонки Аллоҳ бир бандасини яхши кўрса, Аллоҳ ўша бандага бир синовни юборади. Агар банда синовга сабр қилса, Аллоҳнинг раҳматига эришади, аммо сабрсизлик қилса Унинг ғазабига дучор бўлади.

Агар бирор савобли амал қилсангиз ҳам буни Аллоҳнинг фазли ва раҳмати ила адо этганингизни унутманг. Лекин гуноҳ иш содир этсангиз дарҳол тавба қилиб, Аллоҳга истиғфор айтинг. Зеро, «Албатта, Аллоҳ одамларга нисбатан меҳрибон ва раҳмлидир» (Бақара,143.)

 

 Даврон НУРМУҲАММАД

 

5795 марта ўқилди

Мақолалар

Top