Мақолалар

Биласизми?

Қуръони карим тиловатидан сўнг одатда “Вас Соффот” сурасининг охирги уч ояти, яъни: “ Субҳана роббика Роббил ъиззати ъамма ясифун. Ва саламун ъалал мурсалийн, валҳамду лиллахи Роббил ъаламийн” ояти ўқилиб, ундан кейин дуо қилинади. Оятнинг маъноси шуки: “Сенинг Роббинг, иззат Робби улар қилган васфдан покдир. Ва Пайғамбарларга салом бўлсин. Оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!”  (Соффат 181-183-оятлар)

Тиловатнинг нега ҳар сафар айнан бу хилда тугатилиши кўпчиликни қизиқтирса керак.

Бунинг сабаби эса, ушбу ҳадисдир: Имом Ибн  Абу Ҳоим Шаълабийдан қилган ривоятда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Амали тўлиқ ўлчов ила ўлчаниши кимни хурсанд қилса, мажлиснинг охирида, туришдан олдин: “Субҳана Роббика Роббил ъиззати  ъамма ясифун. Ва саламун ъалал мурсалийн валҳамду лиллаҳи Роббил ъаламийн” ни ўқисин”, деганлар. Қуръони каримни тиловат қилгач,ушбу оятлар билан якунлаш мазкур ҳадисга мувофиқдир.

Ушбу ояти карималарнинг тафсирида муфассир Ибн Ажиба қуйидагиларни айтган: “Бу “Соффот” сурасининг ушбу оятлар билан тугатилишида мўминларга ваъз- насиҳат ва мажлисларини қандай тугатиш таълим берилмоқда. Чунки улар бирор мажлисда ўтирсалар, у ерда баъзи хато ва камчиликлар содир этилиши, Аллоҳга хуш келадиган ва хуш келмайдиган гаплар гапирилиши ва қилинган ваъз-насиҳатда билиб-билмай хатога йўл қўйилган бўлиши мумкин. Буларнинг барчасига каффорот бўлиши учун ушбу оятларни ўқимоғи ва Аллоҳ таолога берган неъматлари учун ҳамд айтмоғи вожибдир”.

Юқорида зикр қилинганларга амал қилиб, Қуръони карим тиловатини мазкур оятлар билан ниҳоясига етказган киши катта ажр ва савобга эга бўлади. 

Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом-ноиби Исломов Ёрбек тайёрлади

 

 

7141 марта ўқилди

Мақолалар

Top