Мақолалар

Солиҳ амал кушандаси

Ғийбат – мисқоллаб йиққан савобларимизни лаҳзада йўққа чиқарадиган офатдир. Солиҳ амалларсиз қолган қалбни эса фасод эгаллайди. Фасод эгаллаган қалбнинг кўзи кўр, оқ билан қорани ажрата олмайдиган бўлиб қолади, ғанимни дўст билади, дўстлар орасига нифоқ уруғини солади. Айтинг, бугун ғийбат ораламаган жамоат борми?! Агар бўлса, билингки, ана ўшалар ҳақиқий нажот эгалари, ана ўшалар азизлик тимсолидир.

Уларнинг сўзлари ўткир, қадамлари собит, ўзлари ғайратли, ниятлари яхши. Негаки, ғийбатдан узоқ қалб солиҳ амалнинг битта ёвуз кушандасидан озод қалбдир.

Яхши амали кўп инсон эса гарчи соқов бўлса ҳам ҳақиқий бийрондир. Жисми заиф бўлса ҳам, қалби салимдир. Гарчи чўлоқ бўлса ҳам қадамлари собитроқ, гарчи кўр бўлса ҳам, кўзлари равшанроқдир.

Азиз инсонлар, айтинг, қайси дўстлар давраси бундай соғлом, бақувват жамоани соғинмайди, орзу қилмайди?! Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ғийбат нима биласизларми?” – дея сўрадилар. “Аллоҳ ва Расули билгувчироқдир”, – дейишди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Биродарингни уни хафа қиладиган сўз билан ёдга олишинг”, –дедилар. “Агар унда мен айтган сифатлар бўлсачи?” – дейилди. “Агар унда сен айтган нарсалар бўлса, демак, сен биродарингни ғийбат, агар бўлмаса, унга туҳмат қилган бўласан”, – дедилар (Имом Муслим).

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо айтадилар: “Зинхор бир-бирингизни ғийбат қилмангиз. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бир аёл ҳақида “Унинг этаги узун”, деб гапирдим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тупур, тупуриб ташла!» – дедилар. Тупурган эдим, оғзимдан бир парча гўшт тушди” (“Ат-Тарғиб ват-тарҳиб”).

Ҳасан Басрий айтади: “Ўзганинг айбини айтиш уч хил бўлади: ғийбат, бўҳтон ва ифк (ёлғон). Бу ҳақида улуғ ва қудратли зотнинг каломида айтилган. Ғийбат – ғийбат қилинаётган одамда бор нарсани, бўҳтон – унда йўқ нарсани, ифк – ҳар хил эшитган нарсани айтмоғингдир”.

Демак, ғийбат биродарингизни ўзи йўқ пайтида, агар эшитса, хафа бўладиган сўз билан тилга олишингиз, хотирлашингиздир. Масалан, “Пакана, чўлоқ” дея жисмоний камчиликларини ёки “Отаси фалон, онаси пистон” каби.

Бекобод тумани “Улуғбек” жоме масжиди
имом-хатиби Холбоев Х.

3333 марта ўқилди

Мақолалар

Top