Мақолалар

Қабристон бу дунёдаги сўнги манзилимиз

Ҳар бир инсоннинг жамиятда ўз ўрни, мавқеи, иззат-ҳурмати бўлгани каби, у вафот этганидан кейин ҳам ортда қолганлар хотирасида шу иззат-ҳурмат сақланиши керак. Муқаддас динимизда ўтганлар қабрини зиёрат қилиш ҳам катта савоблар қаторига киритилган. Зеро, марҳумларнинг ҳоки поклари қўним топган масканларни обод қилиш ва уларнинг ҳақларига дуолар қилиш барчамизнинг инсоний бурчимиздир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтадики: “Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!” (Ҳашр сураси, 10-оят).

Ушбу оятда инсоннинг вафотидан кейинги ҳақларидан бири уни яхшилик билан эслаш, хотиралаш ва ҳаққига хайрли дуо қилиш, мағфират сўраш экани айтилмоқда.

Маълумки, инсон умри тугагач унинг дунёдаги сўнги манзилгоҳи қабр ҳисобланади. Қабр ўз навбатида дафн этилган инсон учун қиёмат куни қайта тирилгунигача ё жаннат боғларидан бир боғча, ёки дўзах чоҳларидан бир чоҳ бўлиши мумкин эканлиги динимиз таълимотларида айтиб ўтилган. Қабрнинг бу икки ҳолатдан бири бўлиши эса, инсоннинг ҳаётлик вақтида қилган ишлари ва бажарган амалларининг яхши ёки ёмонлигига қараб бўлади. Шунинг учун, ҳар бир инсон тириклик вақтида ўзи борадиган қабрини жаннат боғчаларидан бирига айланишига сабаб бўладиган амалларни қилиб яшамоғи лозим бўлади.

Динимизда қабристонларни зиёрат қилишга тарғиб этилган. Зеро, бунда зиёрат қилувчи инсонлар учун кўплаб манфаатлар мавжуд. Жумладан, Пайғамбаримиз с.а.в. ҳадисларининг бирида шундай деб марҳамат қилганлар: “Қабрларни  зиёрат қилинглар, чунки у дунёга берилиб кетишдан сақлайди ва охиратни эслатади” (Ибн Можа ривояти). Бошқа ривоятда “қалбларни юмшатади, кўзларни ёшлатади”, дейилган бўлса, яна бир ривоятда “ўлимни эслатади”, дейилган. Яна бошқа бир ривоятда “қабрларни зиёрат қилишда сизлар учун ибрат бордир”, дейилган. Демак, динимизда қабрларни зиёрат қилишга тарғиб этилишидан кўзланган мақсад, дўнёнинг ўткинчилиги, ўлим ва охиратнинг ҳақ эканлиги эслатиш, бир кун келиб зиёрат қилаётган киши ҳам шу манзилгоҳдан ўз жойини олиши ва қилмишларига яраша муносабат кўришини эслатишдир.

Энди, бевосита қабристонларнинг ҳолати қандай бўлиши ҳақида сўзлайдиган бўлсак, динимизда қабристонларнинг қандай бўлиши борасида ҳам етарлича маълумот берилган. Имом Муслим Пайғамбаримиз с.а.в.дан ривоят қилган ҳадисларида қабристондаги қабрларни бир-биридан фарқ қилмаган ҳолда бир текис бўлиши айтилган. Яъни, бири баланд, бири паст, бўлиши дуруст эмас. Чунки, бу қабрда шоҳ ҳам, гадо ҳам бирдек эканлигига ишорадир. Қабрнинг ташқи кўриниши унинг остидаги ҳолат қандай эканлигидан далолат бера олмаганидек, унга фойда ҳам келтирмайди. Шундай экан, қабрларни ҳаддан ташқари ҳашамдор қилиб, унга қимматбаҳо тошлардан ҳайкал, сурат ва қабр тошлар ўрнатиш мутлақо дуруст эмас. Ҳудди шунингдек, қабрни умуман қаровсиз, ташландиқ ҳолатда қолдириш ҳам тўғри эмас.

Диний китобларимизда баён қилинишича, қабр ердан бир қарич миқдорида кўтарилиши мумкин. Вақти-вақти билан қор ва ёмғирларда ювилиб, чўкиб кетмаслиги учун сомон аралаштирилган лой билан суваб туришнинг ҳам зарари йўқ. Қабрни аниқлаш мақсадида ҳозирги кунда қабристонлар бошқармаси тарафидан жорий қилинган дафнни рўйхатдан ўтказиш рақами ёзилган махсус бетон устунчани ўрнатишнинг ўзи кифоя қилади. Қабр устига қимматбаҳо тош ва мармарлар ўрнатиш, уларга марҳумнинг сурати, исми шарифи ва ҳоказоларни ёзиш мумкин эмас. Хусусан, Қуръони карим оятларини ёзиш мутлақо жоиз эмас. Зеро, бу Аллоҳнинг оятини таҳқирлаш саналади.

Қабристонларга мевали дарахтларни экиш жоиз эмас. Зеро, қабристонда ўсган дарахтнинг мевасини истеъмол қилиб бўлмайди. Шунингдек, қимматбаҳо ва ноёб дарахт ва ўсимликларни экиш ҳам жоиз эмас. Зеро, бу пулни беҳуда исроф қилиш саналади. Қолаверса, қимматбаҳо ва ноёб дарахт ва ўсимликлар инсонлар дам олиб хордиқ чиқарадиган оромгоҳ ва ҳиёбонларга ярашади. Қабристонларни оромгоҳ ва сайлгоҳлардек ҳолатга келтириб қўйиш жоиз эмас. Акс ҳолда, зиёратга келган инсонларни кўзланган мақсаддан чалғитиб қўяди.

Қабр устида ўсган ўт-ўлан ва турли ўсимликларни юлиш жоиз эмас. Зеро, Пайғамбаримиз с.а.в.нинг ҳадисларида айтилишича, ўсимликларнинг шарофатидан қабрдаги кишиларга енгиллик етиб туради. Аммо, қуригандан сўнг олиб ташлаш жоиз.

Қабрларни устидан босиб юриш мумкин бўлмаган, гуноҳ ишдир. Пайғамбаримиз с.а.в. қабрларни босишдан, устига ўтиришдан қайтарганлар. Жумладан, бир ҳадиси муборакларида: “Бирор чўғ ёки қилич устида юришим мен учун бир мусулмоннинг қабри устида юрганимдан яхшироқдир”, деган бўлсалар, бошқа ҳадисларида: “Бирортангиз бир чўғ устига ўтириб, кийими титилиб, баданини куйдириши бирор қабрнинг устига ўтирганидан яхшироқдир”, деб марҳамат қилганлар. Шунинг учун, қабристонга зиёрат учун борган кишилар қабрларни босиб юришдан сақланишлари лозим.

Қабристонлар уларга масъул бўлган мутасаддилар томонидан муҳофаза қилиниши лозим. Яъни, қабристон ҳудудини панжара ёки девор билан ўраш, унга кириш учун алоҳида йўлак очиш ва дарвоза ўрнатиш, чорва ёки ёввойи ҳайвонларни киришидан сақлаш, зиёратга келганлар қабрларни босмай ўтишлари учун қулай йўлкалар ўтказиш, тиловат ва дуо қилиш учун махсус ўриндиқлар ўрнатиш, зиёратга келган кишиларга зиёрат одобларини эслатиб, ножоиз, ҳурофий амалларни қилишларидан қайтариб туриш ва ҳоказолар қабристон масъулларининг вазифаси саналади. Демак, қабристонларнинг масъуллари қабристонга оид бўлган динимиз таълимотларидан ҳам етарли даражада маълумотга эга бўлишлари талаб этилади.

Афсуски, диёримизнинг айрим қабристонларида аҳвол кўнгилдагидек эмаслиги маълум бўлиб қоляпти. Баъзи мозорлар қаровсиз ҳолда ётгани аён бўлмоқда. Баъзи қабрларнинг йиллаб тозаланмагани ҳам билиниб турибди. Айрим қабристонларда чиқиндилар йиғилиб ётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди.

Қабристон фақат арафа, ҳайит, рамазон ёки бошқа байрамлар кунлари эмас, мунтазам эътиборда бўлиши лозим. Маҳаллалар, корхона ва ташкилотлар жамоалари ташаббус кўрсатиб, яқин ҳудудлардаги кабристонлар, қариндош-уруғларининг хилхоналарини тозалаб, обод этишга бош қўшсалар, қабристонларни ободонлаштириш ишларига бел боғласалар, айни муддао бўлар эди. Ахир, яқинларимиз ётган қабрни ўзимиз тозаламасак, биров келиб тозалаб кетмайди-ку.

 

ЎМИ Фатво бўлими мудири                                    

Ҳ.Ишматбеков.

3639 марта ўқилди

Мақолалар

Top