Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган.
*****
Узоқликнинг энг даҳшатли тури Роббингдан узоқ бўлишингдир. Ваҳоланки, У Зот:
وَنَحْنُ أَقْرَبُ إِلَيْهِ مِنْ حَبْلِ الْوَرِيدِ
“Ва Биз унга жон томиридан ҳам яқинмиз” деган.
*****
Фурсатни қўлдан бермайлик!
Фарзандингизга бошқа биров Фотиҳа сурасини сиздан олдин ёдлатиб қўйишига имкон берманг. Ахир у умр бўйи ушбу сурани тиловат қилиб намоз ўқийди.
Шайх Шаъровий раҳимаҳуллоҳ
Яъни бир умр ўқиладиган сурани бошқа киши ёдлатиб, бир умрлик савобдан қуруқ қолманг!
*****
Эй Аллоҳ! Мени уч нарсадан узоқлаштирма:
- Намозимдан.
- Ота-онамнинг розилигидан.
- Яхши кўрганимдан.
Шайх Шаъровий раҳимаҳуллоҳ
*****
Пул билан сотиб олиб бўлмайдиган нарсага эга бўлсанггина бой ҳисобланасан.
“Тарих мухрлаган сўзлар”
*****
Агар моддий нарсалар маънавий нарсалардан кўра аҳамиятлироқ бўлганида, жасад ерга кўмилмаган, руҳ эса осмонга кўтарилмаган бўларди.
Доктор Мустафо Маҳмуд
*****
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов