Мақолалар

Буюк муҳаддисларга бешик бўлажак маърифат маскани

Сўнгги икки йил мамлакатимиз ҳаётида катта ўзгаришларга, юксалишларга бой бўлди. Республикамиз раҳбарияти олиб бораётган ички ва ташқи сиёсат узоқ-яқин давлатлар билан дўстона алоқаларимизни янада яхшилашга хизмат қилмоқда. Иқтисодий-ижтимоий соҳада юз берган ўзгаришлар одамларимизнинг турмуш даражаси яхшиланиб боришини таъмин этмоқда. Таълим соҳасида бўлаётган янгиликлар ҳам ёшу қарининг хурсандчилигига сабаб бўлмоқда. Айниқса, диний-маърифий соҳада қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқдаки, бундан республикамиз аҳолиси ҳам, хорижлик маърифатпарвар инсонлар ҳам беҳад мамнун бўлмоқда. Хусусан, юртимизга ташриф буюриб, бу ердаги ўзгаришлар билан яхши танишган, уламоларимиз, имом-хатибларимиз билан ҳамсуҳбат бўлган хорижлик номдор алломалар – Шайх Аҳмад Таййиб, Муҳаммад Аввома ва бошқаларнинг қанчалик ҳавас қилиб кетганига ўзимиз гувоҳмиз.
Ватанимиз равнақини, миллатимиз келажагини илми бутун ёшлар тимсолида кўрган муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан ўтган йили Мир Араб олий мадрасаси ташкил этилди. Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг очилиши эса хорижлик мутахассисларни ҳам қизиқтириб, уларни шу даргоҳда ишлашга ҳавасманд қилиб қўйди. Юртимизда замонавий фикрлайдиган, диний ва дунёвий илмларни пухта ўзлаштирган диний кадрлар тайёрлашга катта эътибор қаратилаётгани ҳақ гап.
Дунёда иқтидорсиз одам бўлмагани каби иқтидорсиз миллат ҳам йўқ. Фақат ўзида мавжуд иқтидорни юзага чиқариш учун кўп меҳнат қиладиган ва камроқ ҳаракат қиладиган одамлар ҳамда ўша одамлардан ташкил топган миллатлар бор. Кимнинг ёйинки қайси миллатнинг нимага иқтидори борлигини билмоқчи бўлганлар кўҳна тарих зарварақларини саҳифалаб кўрса, ҳаммасини очиқ-ойдин кўради.
Ҳазрат Навоий “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида туркийларнинг ниҳоятда тезхотир ва илмга ташна халқ эканини таъкидлаб ўтган. Бу борада бобою момоларимиз қўлга киритган ютуқларни санаб чиқишга уриниб ўтирмадик. Зеро, яна бир мутафаккир бобомиз Бобур Мирзо таъбири билан айтганда, аён гапнинг баёнига не ҳожат. Аммо мавзуга дахлдор бўлгани боис Имом Бухорий, Имом Термизийларнинг номини тилга олиб ўтсак, фикримиз тушунарлироқ бўлади, деган умиддамиз.
Юртимизга Ислом дини кириб келган паллаларда миллатимизнинг табиатида ана шу муборак динга мойиллик бўлгани ҳамда миллатимиз фарзандларининг Ислом динини ўрганишга, хусусан, ҳадис илмига катта иқтидори борлиги юқорида номи тилга олиниб ўтган зотлар сиймосида яққол кўзга ташланди.
Хабарингиз бор улкан ўзгаришларга бой бўлаётган жорий йилимизнинг 16 апрелида муҳтарам Президентимизнинг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинган эди. Мазкур фармон ижросини таъминлаш, ҳадис илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк ватандошларимизнинг бой меросини пухта ўрганиш, улар асос солган ҳадис илми мактаблари фаолиятини қайта тиклаш ва ривожлантириш, шунинг баробарида, соҳага оид олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ҳадис илми мактаби фаолиятини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Қарорда Ҳадис илми мактаби Ўзбекистон мусулмонлари идораси муассислигидаги олий диний таълим берувчи нодавлат таълим муассасаси ҳисобланиши кўрсатилган. Мактаб битирувчиларига диний таълим соҳасидаги бакалавр даражаси берилади.
Мазкур мактабда Қуръони карим ва ҳадиси шарифларнинг асл моҳияти ўргатилиб, ҳадисшунослик соҳасида илмий изланишлар олиб бориш кўникмасига эга мутахассислар тайёрланади. Шунингдек, ҳадислардаги эзгуликка бошловчи умуминсоний ғояларни халқимизга, айниқса, ёш авлодга етказиш ҳам мактабнинг асосий вазифаси этиб белгиланган.
Ҳадис илми мактабида ўқиш муддати беш йил бўлиб, кундузги таълим шаклида олиб борилади. 2018-2019 ўқув йили учун қабул квотаси 10 та ўрин этиб белгиланган ва унга араб тилини пухта ўзлаштирган, ҳадисларни ёд олишга салоҳияти бўлган ўрта махсус диний таълим муассасаларининг битирувчилари саралаб олинади.

Бу хабарни эшитиб, Ватанимиздаги ушбу мўътабар илмга қизиққан ёшларимизнинг севинчи ичига сиғмасдан тезроқ қабул кунлари бошланишини кутаётганини кўриб биз – катта авлод вакиллари ҳам севинмоқдамиз. Зеро, фарзандининг камолотга интилганига гувоҳ бўлиб, бундан қалби севинчга тўлиши ота-оналик шарафидир. Юрагига илмдан чўғ тушган фарзандларимиз шунга диққатли бўлиб араб тилини яхши ўрганишларини истаймиз.
Қарорда кўрсатилган муҳим вазифалардан бири – Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда мактаб билан хорижий мамлакатларнинг нуфузли илмий ва таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, хорижлик профессор-ўқитувчиларни мактабга жалб қилиш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш, мактаб профессор-ўқитувчиларини малака ошириш, тажриба алмашиш ва ўқитиш учун чет мамлакатларга юбориш чораларини кўриши белгилангани янада қувончли иш бўлди.
Дарҳақиқат, илм тажриба алмашиш орқали камол топади. Шу мақсадда, бу даргоҳда юртимизда асрлар давомида шаклланган ҳадис илми мактаблари анъаналарини давом эттиради. Шунингдек, ўқув режаларини тузишда Миср, Мавритания, Туркия, Покистондаги ҳадис илмлари бўйича дунёнинг етакчи ўқув юртлари тажрибаси ўрганилди ва уларнинг қўлга киритган ютуқлари амалга жорий этилади.
Айни кунларда Ҳадис илми мактаби учун янги ўқув биноси барпо этилмоқда. Унда барча замонавий шароитлар мавжуд бўлади. Дарслар замонавий педагогик технологиялар, шунингдек, устоз-шогирд анъаналари асосида олиб борилади.
Ушбу даргоҳда ҳадис илмлари бўйича илмий даражага эга бўлган малакали ўқитувчилар дарс беради. Шунингдек, дунёга машҳур Ал-Азҳар университети ва бошқа нуфузли ўқув юртларидан ҳам ўқитувчилар чақириш режалаштирилмоқда.
Ҳадис илми мактаби дунёга илм-маърифат эшикларини очиб берган улуғ алломаларимиз, муҳаддис аждодларимиз ишларини давом эттириш имкониятини тақдим этмоқда. Албатта, бу даргоҳда таълим олган ёшларимиз эртага малакали мутахассислар сифатида аждодларимизнинг давомчиси бўлишга, ёшларимиз онгини ёт ғоялардан ҳимоя қилишга, уларда чинакам мафкуравий иммунитет шаклланишига, динимиз софлигини одамлар онгу шуурига сингдиришга хизмат қилади, иншоаллоҳ.


Усмонхон Алимов,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

3614 марта ўқилди

Мақолалар

Top