Мақолалар

«Ҳузурида зикр қилинганимда менга салавот айтмаган кимса ҳақиқий бахилдир»

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳузурида номим тилга олинганда менга салавот айтмаган кимса ҳақиқий бахилдир», дедилар.

Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг ҳузурида зикр қилинсам-у, менга салавот айтмаса, бурни ерга ишқалансин», дедилар.

Имом Термизий Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳузурида зикр қилинганимда менга салавот айтмаган кимса ҳақиқий бахилдир», дедилар.

Имом Абдурраззоқ Маъмардан, у Қатодадан келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир кишининг ҳузурида зикр қилинсам-у, у менга салавот айтмаса, бу бевафоликдандир», дедилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир қавм мажлис қуриб ўтирса-ю, сўнгра Аллоҳни зикр қилмай, Набийга салавот айтмай тарқалса, уларга Аллоҳ томонидан зарар етиши бор. Хоҳласа азоблайди, хоҳласа кечиради», дедилар.

Имом Байҳақий ва Саъид ибн Мансур Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир қавм бир жойда жамланса-ю, Набий алайҳиссаломга салавот айтмаса, бу ўтириш уларга (қиёматда) надомат бўлади», дедилар.

Имом Термизий баъзи аҳли илмлардан нақл қилиб айтади: «Киши бир мажлисда бир марта салавот айтса, ўша мажлис учун кифоя қилади».


Саидаброр Умаров таёрлади

3875 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top