Мақолалар

Ҳазрат Увайс ибрати

...Яман ҳожилари орасида бўлган, ҳамроҳларининг туяларини қўриқлаётган  зиёратчи олдига ҳазрат Умар ва ҳазрат Али (розияллоҳу анҳум) келишди. Ундан исмини сўрашди. “Абдуллоҳман”, жавоб берди у. Ҳазрат Умар айтди: “Ҳаммамиз Абдуллоҳмиз (Аллоҳнинг қулимиз), онангиз қўйган исмни айтинг”. “Увайсман”. Икки улуғ саҳобий у билан бир оз суҳбатлашгач, унга аталган ҳадя – Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­нинг муборак ҳирқаларини тутқазишди. Сўнгра дуо сўрашди. Зеро, бу Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг тавсиялари эди: “Сизга Ямандан Увайс деган бир одам келади. Яманда онасидан бошқа ҳеч кими йўқ. Унинг танасида оқлик бўлади. Дуо қилгач, Аллоҳ ундан оқликни кетказади. Фақат бир динор ёки бир дирҳамчалик жойи қолади. Сизлардан ким унга йўлиқса, сизлар учун истиғфор айтишини сўрасин” (Имом Муслим ривояти).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадина кўчаларида бир дўст ҳидини туйдилар. У зотни (алайҳиссалом) соғиниб келган, аммо кўролмай қайтган ҳазрат Увайс ҳидини... Яман тарафга қараб: “Шу томондан менга Аллоҳ ошиғининг иси келади”, дедилар.
Сирларга тўла Увайс ўзидаги асрорни ҳам, ҳидидан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг маст бўлганларини ҳам билмайди. Жаннатий экани хабари берилган икки буюк саҳоба ҳақларига истиғфор айтишини сўрашди. Хушхабарни етказишди: “Пайғамбар (алайҳиссалом) сиздан дуо сўрашни тавсия қилганлар”.
Увайс ҳайратда! Шу билан бирга, устига оғир юк ортилгандай гўё. Энди уни ким кўрса, дуо истайди. Ҳамма ҳам ҳазрат Али ва ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу)дек охирати учун дуо сўраса экан. Одамлар Аллоҳдан дунёлик истайдилар:
– Дуо қил, ҳосилимиз мўл бўлсин!
– Дуо қил, яхши жойлардан келин, куёвлар насиб қилсин!
– Дуо қил, чорвамиз сути кўпайсин!
Бундай сўровлардан қийналган Увайс бир кеча Қаранни тарк этди, Куфага йўл олди. Зеро, дуонинг қабул бўлиши катта юк. Танбалнинг, очкўзнинг, ҳасадгўйнинг сўровларига омин дейиш оғир мусибат...
* * *
Камбағал Увайс чўпонлик қилиб, кўзлари ожиз онасини боққан. Волидасини рози қилсам дейди. Қўлидан келганча парваришлайди. У сергап эмас, ҳол-аҳвол сўрайди, холос. Лекин онасини жон қулоғи билан эшитади. Сукут сақлашни, тинглашни билган, фақат яхши гап айтадиган Увайсга бирин-кетин ҳикмат эшиклари очилади...
Болалар билан гаплашади, лекин қишлоқдошлари билан кўп суҳбатдош бўлавермайди. Ишини чиройли бажаради. У боққан ҳайвонлар соғлом, сути мўл. Увайс жониворларга марҳаматли, уларни тушунади. Инсонларни ҳам яхши англайди, бироқ одамлар анча мураккаб, тўғрироғи, кўпи ношукр. Истаклари амалга ошиб, ҳамма ишлари жойида кетса, хўп-хўп. Аммо салгина машаққатга дуч келишса, дарҳол нолишади, шикоят қилишади. Бундай ҳолатлар Увайсни оғринтиради. Шу сабабли унга тоғлардаги гиёҳлар, гул-чечаклар, ҳайвонлару қушлар ёнида бўлиш маъқул...
Бир бурда нон учун Раббига беҳисоб шукр айтади. Қаноати – бойлиги. Эртага нима ейман деб ташвишланмайди. Рабби уни оч қўймайди, буни билади, бунга ишонади...
Увайс кўрмай туриб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг пайғамбарликларига имон келтирди. Аллоҳ таоло бу покиза қалб ва имон эгасини Пайғамбар (алайҳиссалом)га севимли қилди. Унинг ҳам дилида Набий (алайҳиссалом)­нинг ишқлари, соғинчлари. Бу қандай имтиҳонки, кундан-кун муҳаббати ортади, аммо Мадинага йўллар берк. Зоҳиран онаси тўсиқдек кўринса-да, аслида тақиқ Улуғ даргоҳдан. Ҳижрон чидаб бўлмас ҳолга келганда Увайсга йиғи ёрдамга келади – тошларни эритар даражада тафтли кўзёшлар. Ниҳоят, бир кун маҳбубдан салом келди. Ҳирқа келди тасалли каби – Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳирқалари...
* * *
Увайс бу юксак даражага дунё муҳаббатини тарк этиш билан эришди. Қаноатсиз, ношукр, келажак ғами билан тўла кўнгилга Пайғамбар (алайҳиссалом) севгиси қандай сиғсин?
Бизни, маънавиятимизни маҳв этаётган ҳам дунё андишаси, мол-мулк севгиси. Уйимизда энг кам икки кунлик озуқамиз, етарли кийимимиз, зарур жиҳозларимиз бўлатуриб, “фалон нарсам бору, пистон нарсам йўқ”, дея қайғудамиз. Шундай бўлгач, кўнглимизда маънавият ­нашъаси қаердан бўлсин? Аллоҳ ишқи, Набий (алайҳиссалом) севгиси юрагимизга қандай жойлашсин? Қийинчиликларни тоғдай катта кўрсак, бахтимизни ҳис этолмасак, фойдасиз амаллар билан овора бўлсак, томирларимизда келажак қўрқуви оқиб турса, қалбимизда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муҳаббатларига ўрин қолармиди?..
Хуллас, ҳазрат Увайсдек самимиятли бўлолсак, бизга ҳам “ҳирқа” топилади...


Зумрад ФОЗИЛЖОН қизи
тайёрлади.

3979 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Исломда байроқдорлик Оз ейиш »

Мақолалар

Top