Мақолалар

Нишонга урилган гаплар: “Эй Роббим! Кўзларимизни уйқудан уйғотганингдек, қалбимизни ғафлатдан уйғот!”

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган. 

*****

Дунё ўтиш жойидир, доимий яшаш жойи эмас. Модомики, бошқаларга яхшилик етишини орзу қилар экансан, демак, яхшиликдасан. Гўзал ниятли бўлишга ҳарис бўл! Чунки, гўзал ният қилиш ҳам савоб деб ёзилади. Бас, ниятларингизга қараб ризқланасизлар.

«Ховатир роқия журнали»

*****

Эй Роббим! Қалбларимизни нифоқдан, амалларимизни риёдан, тилларимизни ёлғондан, кўзларимизни хиёнатдан поклагин! Зеро, Сен кўзларнинг хиёнатини ва қалблар яширган нарсани биласан.

 *****

Ким ҳавойи нафсни улфат қилиб олса, қулайди.

Ким тақвони улфат қилиб олса, юксалади.

 *****

«Агар инсонларнинг қалбларини кўришга имконингиз бўлганда, ҳар бир қалбда оғриқли қисса борлигини кўрган бўлардингиз. Шундай экан, бир-биримизга нисбатан раҳмли бўлайлик! Шоядки, Аллоҳ таоло бизга ҳам раҳм қилса!»

*****

«Ихтиро қилди» эмас, «Кашф қилди» дейилади! Инсон ҳеч қачон бирор нарсани яратолмайди, яъни йўқдан бор қилолмайди, ҳосил қилолмайди! Балки, бор нарсани кашф қилиши, яъни бор нарсадан ҳосил қилиши мумкин.

*****

«Фалончининг шогирдиман» дейишнинг ўзи билан шогирд бўлиб қолинмайди. Аввало, устознинг гўзал хулқи, одоби, илми ўзлаштирилади ва қолдирган илмий меросига, кўрсатмаларига амал қилишда бардавом бўлинади. Қолаверса, ўша олим ҳам уни шогирдим, деб билиши керак. «Фалончининг шогирдиман» деган гапни бренд каби қилиб олмаслик лозим. Бирор олим билан кўп бирга бўлган, ҳатто бир уйда кўп йил бирга истиқомат қилган инсонлар бор бўлади, лекин ўзларини ҳадеб шогирдиман, шогирдиман деб кўз-кўз қилверишмайди.

*****

Қийинчилик ҳақида гапирадилар ва оғриқлар тўғрисида ёзадилар. Ҳатто ботиний ақллари маҳзунлик учун дастур ишлаб чиқади.

Офият неъматини англамоқчи бўлсанг, шифохонага бор.

Ҳуррият неъматини англамоқчи бўлсанг, қамоқхонага бор.

Ҳаёт неъматини англамоқчи бўлсанг, қабристонга бор.

Мазкур жойлардаги кишиларга нисбатан сенинг маҳзунлигингнинг вазни қанча?!

Эй Роббим! Неъматларинг учун Ўзингга ҳамд бўлсин!

 *****

— Агар Аллоҳ таоло бандасини яхши кўрса, нима қилади?

— Хато қилган пайтда уни истиғфор айтишга илҳомлантириб қўяди.

*****

Қабрга Мункар ва Накирнинг қўрқинчли суратда кириши маййитнинг азобланишига кифоя қилади. (Қабрдаги бошқа азоблар гапирилмаяпти.)

*****

Умар розияллоҳу анҳу яхшилик қилишда Абу Бакр розияллоҳу анҳуга етолмадилар, лекин қолган барчадан ўзиб кетдилар. Яхшилик қилишдан тўхтамайлик!

*****

— Ёшингиз неччида?

— Соғлиғим жойида.

— Пулингиз борми?

— Қарзим йўқ.

«Ховатир роқия журнали»

***** 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг элчиси бўла туриб тавозеъли ҳолда яшадилар ва шундай ҳолда вафот этдилар.

Биз ким бўлибмиз такаббурлик қилгани?!

*****

Эй Роббим! Кўзларимизни уйқудан уйғотганингдек, қалбимизни ғафлатдан уйғот!

***** 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

3496 марта ўқилди

Мақолалар

Top