Мақолалар

Охиратга захира

Охирги йиллардаги эришилган ютуқлар, забт этилган марралар ва янгидан жорий этилган ислоҳотларни санаб адоғига етиш мушкул бўлиб қолди. Шундай ислоҳотлардан бири “Вақф” хайрия жамоат фондининг ташкил этилиши бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисидаги” ПФ-5416-сон Фармони бўйича “Вақф” хайрия жамоат фондига асос солинди.

Фонд улкан мақсадларни олдига қўйиб иш бошлади. Жумладан масжидлар, диний таълим муассасаларининг биноларини қуриш, таъмирлаш, профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчилар ва ўқувчи-талабаларни қўллаб-қувватлаш, масжид ходимларига маош бериш, ижтимоий ҳимояга муҳтож, имконияти чекланган шахсларга кўмаклашиш каби бир қатор ишларни мақсад қилиб олди.

“Вақф” хайрия жамоат фондига асос солингандан буён диний таълим муассасаларига 211 миллион сўм, ижтимоий ҳимояга муҳтожларга 22 миллион сўм, ёрдамга муҳтож ва ногиронларга 480 миллион сўмдан ортиқ маблағ хайрия қилинди. Қурбон ҳайитида бутун юртимиз бўйлаб ўн тоннадан зиёд қурбонлик гўштлари тарқатилди. Шунингдек, тўртта хонадон таъмирланди. Ўттиз уч нафар собиқ маҳбусларга ёрдам кўрсатилди.

Фонд томонидан тизимли равишда турли акциялар ўтказилмоқда. Жумладан, “Масжид ва мадрасалар учун китоб” акциясида уч юз олтита масжидга 367 миллион сўмлик, ўн уч мингдан ортиқ китоблар етказилди. Шунингдек, “Илм йўлида кўмак берамиз” акцияси ташкил этилди. Унда диний таълим муассасаларининг ўқувчи ва ўқитувчиларини рағбатлантириш, талабаларни тўлов контракт пулларини тўлаб бериш каби хайриялар амалга оширилмоқда. Мазкур акциянинг биринчи босқичида ўттиз тўққиз нафар иқтидорли талабаларнинг контракт пуллари тўлаб берилди. Қуръони каримни тўлиқ ёд олган ўн беш нафар талабага энг кам иш ҳақининг ўн баробари миқдорича пул мукофоти тақдим этилди. Тақдирланганларнинг икки нафари “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабалари бўлгани қалбимизга чексиз сурур бахш этди. Бундай хайрлик ишлар ҳамон давом этмоқда. Аллоҳ таоло буни то қиёматгача давом этишини насиб қилсин.        

Мулкни вақф қилиш, аввало, бандани Раббига яқин қилади. Шунингдек, у Яратганнинг буйруғига итоат ҳисобланади. Вақф садақа жориядир. Яъни, ким Аллоҳ йўлида масжид, мадраса, мактаб, шифохона, кўприк қурса, модомики одамлар манфаат оларкан ўша бинолар бузилиб кетгунча садақанинг савоби берилади. Вақф одамлар орасида ўзаро дўстлик, улфатлик, меҳр-муҳаббат ва яқинликни мустаҳкамлайди. Бойлар ва фақирлар дўстлашади. Инсонлар орасида ҳасад йўқолади. Вақф сабабли барча бир-бирининг ҳолидан хабар олади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Одам боласи вафот этса, унинг амал дафтари ёпилади. Уч нарса бундан мустаснодир. Улар садақаи жория, фойда олинадиган илм ва дуо қилиб турадиган солиҳ фарзанд”(Имом Муслим ривояти). Баъзи фуқаҳолар ҳадиси шарифдаги “садақаи жория”ни вақф дея таъвил қилишган. Ҳадиси шарифда вақф қилинган кўчмас мулк, мусҳафи шариф, шу йўлда сарф қилинган маблағларнинг савоби инсон вафотидан кейин ҳам бориб туришига ишора қилинмоқда. Бошқа ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: “Инсон вафотидан кейин амали ва яхшиликлари унга бориб туради. Жумладан, таълим берган ва нашр этган илми, қолдирган солиҳ фарзанди, мерос қолдирган мусҳафи, қурган масжиди, ибн сабил (ўз ватанидан узоқдаги уйсиз одам)га бино қилган уйи, қазиган ариғи ва соғлом ва ҳаётлик чоғида молидан чиқарган садақасининг ажри унинг вафотидан кейин ҳам бориб туради” (Имом Ибн Можжа ривояти).

Мазкур ҳадиси шарифлардан маълум бўладики, Юртбошимизнинг ташаббуслари билан ташкил этилган “Вақф” хайрия жамоат фонди шариат талабидадир. Чунки унда уйсизларга уй қуриб берилади, муҳтожларга ёрдам берилади, илм йўлида кўмаклашилади, мусҳафи шарифлар ҳадя қилинади, масжид ва мадрасалар обод этилади. Шунинг учун ҳар бир мўмин охиратда захира бўлишини умид қилиб, имконият даражасида хайр-эҳсон қилиши лозим бўлади. Закот ва ушр каби молиявий ибодатларни бажаришда ҳақдорларни топишга қийналганлар “Вақф” хайрия жамоат фондига мурожаат қилишлари тавсия этилади.

Аллоҳ таоло юртимизда бунданда катта ислоҳотлар бўлишини насиб этсин!

Зиёуддин МИРСОДИҚОВ,

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мудири

3528 марта ўқилди

Мақолалар

Top