Мақолалар

Набавий дуодаги ақлни лол қолдирувчи илмий жиҳат

Оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамд, Пайғамбарларнинг саййиди, бизнинг ҳам саййидимиз Муҳаммад Мустафога, у кишининг оилалари ва саҳобаларига саловоту саломлар бўлсин!

Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари, қилган ишлари суннат бўлиб, биз унга эргашамиз. Суннат бизнинг йўлимизни ёритадиган нурдир, у орқали ҳаниф динимизни теран англаб борамиз. Ҳадислар биз учун илм ва маърифатда энг муҳим манбалардандир.

Ҳар бир ҳадисда келган буйруқ ёки таъқиқнинг илмий асоси бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган сўзларидаги илмий, тиббий ҳикматлар замонлар ўтиб, илм-фан тараққий этгани сари кашф этиб борилаверади. Ушбу мақолада Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозни бошлашда қиладиган машҳур дуоларидан биридаги илмий ҳикматларни кимё ва физика фани нуқтаи назаридан ўрганиб чиқамиз. 

         عن أَبي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه قَالَ كَانَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَسْكُتُ بَيْنَ التَّكْبِيرِ وَبَيْنَ القِرَاءَةِ إِسْكَاتَةً هنيَّةً فَقُلْتُ بِأَبِي وَأُمِّي يَا رَسُولَ اللَّهِ، إِسْكَاتُكَ بَيْنَ التَّكْبِيرِ وَالقِرَاءَةِ مَا تَقُولُ؟ قَالَ أَقُولُ اللَّهُمَّ بَاعِدْ بَيْنِي وَبَيْنَ خَطَايَايَ، كَمَا بَاعَدْتَ بَيْنَ المَشْرِقِ وَالمَغْرِبِ، اللَّهُمَّ نَقِّنِي مِنَ الخَطَايَا كَمَا يُنَقَّى الثَّوْبُ الأَبْيَضُ مِنَ الدَّنَسِ، اللَّهُمَّ اغْسِلْ خَطَايَايَ بِالْمَاءِ وَالثَّلْجِ وَالبَرَدِ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам такбир билан қироат орасида бироз сукут сақлаб турар эдилар. Бас, мен: «Ота-онам сизга фидо бўлсин, эй, Аллоҳнинг Расули такбир билан қироатнинг орасида сукут сақлаганингизда нима дейсиз?» дедим. У зот: «Аллоҳумма ба’иъд байни’ ва байна хатоя’я кама’ ба’ъадта байнал машриқи вал мағриб. Аллоҳумма наққини’ минал хатоя’ кама’ юнаққос савбул абязу минад данаси. Аллоҳуммағсил хатя’я бил ма’и вас салжи вал барад», дейман», дедилар».

Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Дуонинг маъноси: «Эй, бор Худоё, мен билан хатоларимнинг орасини, худди машриқ билан мағрибнинг орасини узоқ қилганидек узоқ қилгин.

Эй, бор Худоё, мени хатолардан худди оқ кийим кирдан покланганидек поклагин. Эй, бор Худоё, менинг хатоларимни сув, қор ва дўл билан ювгин».

Бу дуони кўп айтамиз. Аммо ундаги илмий ҳақиқатлардан унчалик хабардор эмасмиз. Сув – катта неъмат. Аллоҳ таоло барча халойиқни яратиш учун сувни ихтиёр этди. У Зот Анбиё сурасида шундай деган:

 أَوَلَمْ يَرَ الَّذِينَ كَفَرُوا أَنَّ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ كَانَتَا رَتْقاً فَفَتَقْنَاهُمَا وَجَعَلْنَا مِنَ الْمَاء كُلَّ شَيْءٍ حَيٍّ أَفَلَا يُؤْمِنُونَ

“Куфр келтирганлар осмонлару ер битишган бўлган эканини, бас, Биз уларни очганимизни ва сувдан ҳар бир тирик нарсани қилганимизни билмайдиларми? Иймон келтирмайдиларми?” (30-оят)

Аллоҳ таоло сувга моддаларни эритиш хусусиятини жо қилганки, у “умумий эритувчи” деб номланади.  

Ҳадисдаги дуода гуноҳ ва хатолар сув билан кеткизиладиган кирларга ўхшатиляпти. Хўш, сув билан поклаш жараёни қандай содир бўлади?  

Кийимга ранг ёки ифлослик текканида либос билан кирлар орасида кучли тортишиш содир бўлади. Ушбу кирланган кийим сувга солинса, сувдаги эритиш хусусияти ва сатҳий таранглик сабабли сув либос иплари орасигача кириб боради. Сув либосни хўл қилади ва ундаги кирларни эритиб юборади. Кирларни эритиши ўша кирлар таркибидаги моддаларни ионларга ажратиши орқали рўй беради.   

Бордию кийимга ёғли нарса, масалан, таомнинг ёғи теккан бўлса, буни энди сувнинг ўзи эритиб юбориши қийин. Чунки ёғдаги моддаларнинг либосга тортилиши кучли бўлиб, сувнинг атомлари бу ёпишишни енгиб ўтишга бироз заифлик қилади. Шунинг учун бу ўринда сув билан бирга совундан ҳам фойдаланилади. Совун ўзининг таркиби билан ёғ қатламни парчалайди, емиради. Сувнинг ёғ орасига кириб боришига ёрдам беради. Совун либос билан ёғ ўртасидаги кучли тортишувни заифлаштиради. Шу тарзда совун воситасида кийимни ёғдан тозалашга эришилади.

Ҳадисдаги дуода тозалашнинг яна бир йўли – қор билан тозалаш ҳам зикр қилинган. Қор билан тозалаш қандай бўлади?

Барчамизга маълумки, ҳавонинг ҳарорати 0 даражадан пастга тушса, сув музлайди. Бундай ҳавода ёғадиган ёмғир қор бўлиб ёғади. Шундай кирлар борки, улар сув билан ҳам, совун билан ҳам кетмайди. Масалан, шам, мум, сақич каби нарсалар. Булар кийимга қаттиқ ёпишиб олади. Қорнинг бир бўлагини шу мум устига қўйилса, қордаги совуқлик мумдаги моддаларнинг ўзаро яқинлашиб, қисилишига, бу эса мум билан кийим ўртасидаги ёпишишнинг заифлашувига олиб келади. Охири мум кийимдан ажралади. Бу ишни ҳар ким уйида тажриба қилиб кўриши мумкин.

Дўлга келсак, у ҳавонинг ҳарорати 0 даражадан анча паст бўлганда пайдо бўлади. Агар кийимга шам, мум, сақич кабилардан бошқа – кетиши янада қийинроқ кирлар ёпишса, бу кирларни дўл билан ювилса, кийимдаги кир янада кўпроқ тортишиб, қисилиб, либосдан ажралади.  

Демак, баъзи кирлар сув билан кетади. Сувнинг ўзи билан кетмагани сув ва совун билан, сув ва совун билан кетмагани қор билан, қор билан ҳам кетмаган кирлар дўл билан кетар экан.  

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур дуоларида гуноҳ ва хатоларни сув билан, агар сувда кетмаса, қор билан, агар қорда ҳам кетмаса, дўл билан ювиб кеткизиладиган кирларга ўхшатдилар. Натижада либосда ҳар қандай кирдан асар ҳам қолмаганидек, гуноҳлардан ҳам асар қолмаслигини шу йўл билан Аллоҳ таолодан сўрамоқдалар.  

Инсониятга бугун маълум бўлган илмий ҳақиқатни бундан 14 аср олдин севикли Расулига англатиб, сув, қор ва дўлнинг хусусиятларини билдирган Аллоҳ таоло барча айбу нуқсондан покдир!

 

Доктор Зағлул Нажжорнинг мақоласидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

4276 марта ўқилди

Мақолалар

Top