Тафаккур кишини Аллоҳ таолони нақадар буюк ва мехрибон Зот эканлигини, Қудрат ва Азамат соҳиби эканлигини ҳис қилишга, неъматларга шукр ва синовларга сабр қилишга ундайдиган, ўзининг ҳақир ва ожиз эканлигини эътироф этишга, ибодат ва итоатга рағбатни оширувчи, барча Аллоҳ рози бўладиган амалларни қилишга ҳамда у Зот қайтарган амаллардан қайтишга сабаб бўладиган хислат. Агар банда Аллоҳ таолонинг оят-аломатларига тафаккур билан қараса, ишончи ва маърифати зиёда бўлади. Шунинг учун Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг жудаям кўп оятларида тафаккурга чақиради. Ўзининг яратган нарсаларини зикр қилиб уларда: “ Тафаккур қиладиган кишилар учун оят-аломатлар бор”, дея айтади. “ Шоядки тафаккур қилсаларингиз”, дейди. Шунинг учун Росулуллоҳ (с.а.в.): “ Бир соатлик тафаккур бир йиллик нафл ибодатдан яхшироқдир”,( Ибн Можа) деганлар.
Абу Лайс Самарқандий (р.а.) айтадилар: “ Агар инсон тафаккур қилиш фазилатига етишни ҳоҳласа, беш нарса ҳақада фикр қилсин:
1) Аллоҳнинг мўжиза ва аломатлари тўғрисида;
2)Аллоҳнинг ботиний ва зохирий неъматлари тўғрисида;
3)Унинг савоби тўғрисида;
4)Унинг азоби тўғрисида;
5)Унинг яхшилиги ва ўзининг жафоси тўғрисида”.
Аллоҳ таолонинг мўжиза ва аломатларини тафаккур қилиш Аллоҳ таолонинг қудратига қарашдир. Аллоҳ таоло осмонни ва ерни қандай яратганига, қуёшни шарқдан чиқариб, ғарбга ботираётганига, кеча-кундузни алмашадиган қилиб қўйганига ва ўзининг хилқатига назар солишдир.
Аллоҳ таоло айтади: “Ва ер юзида чуқур ишонувчилар учун белгилар бордир. Ва ўзларингизда ҳам. Ёки кўрмаяпсизларми?” (Зорият, 20-21-оят)
Атрофга тафаккур ва ибрат кўзи билан қараган киши ҳар қадамлар Аллоҳнинг мўжизалари ва ажойиботларини кўраверади.
Аллоҳ таолонинг неъматлари ҳақида фикрлаш Унинг нематларига эътибор қаратишдир. Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳ сизларга осмонлардаги ва ердаги нарсаларни беминнат хизматкор қилиб қўйганини ва сизга зохирий ва ботиний неъматларни мукаммал қилиб берганини билмадингизми?”. ( Луқмон,20) Неъматлар ҳақида тафаккур қилиш инсоннинг Роббисига бўлган муҳаббатини ҳамда шукрини зиёда қилади.
Аллоҳ таолонинг савоби тўғрисида фикр қилиш эса, У Зотнинг ўз тақводор бандалари учун жаннатда қандай кароматлар тайёрлаганининг савобини фикрлашдир. Унинг савоблари ҳақида тафаккур қилиш жаннатга рағбатни, унинг талабида ҳаракат қилишни ва Аллоҳ таолонинг тоатига қувватни зиёда қилади.
Унинг азоби тўғрисида фикрлаш эса Аллоҳ таоло душманлари ва итоатсиз кишилар учун дўзахда тайёрлаб қўйган азоблар ва хорликларни фикрлашдир. Бу эса бандада қўрқинчни, гуноҳ ва маъсиятлардан тийилиш қувватини оширади.
Аллоҳ таолонинг яхшиликлари ва ўзиниг жафоси ҳақида тафаккур қилган киши ўзининг Аллоҳга бўлган осийлиги бардавом бўлишига қарамай, Роббиси унинг гуноҳларини беркитиб турганини, азобламасдан, унга ҳамон ризқини бериб турганини кўради ва унинг ҳаёси ва хижолати зиёда бўлади.
Банда қачонки шу бешта нарса ҳақида фикр қилсагина, Пайғамбар (с.а.в.) айтган даражаларга эришади. Бундан бошқа нарсалар тўғрисида эса фикр юритилмайди. Чунки бундан бошқа нарсаларда қилинган тафаккур шунчаки васваса бўлади.
Уламолар айтишадики: “Уч нарсада тафаккур қилиш мумкинмас.
1)Камбағаллик тўғрисида. Чунки, у инсонда ғамни ва хафаликни кўпайтиради ҳамда бойликка рағбатни зиёда қилади.
2)Ўзгалар тарафидан унга нисбатан қилинган зулм ҳақида ҳам тафаккур қилинмайди. Чунки бу қалбни қаттиқлаштаради, ғазаб ва адоватни зиёда қилади.
3)Узоқ умр кўриш ҳақида тафаккур қилинмайди. Чунки бу ўлимни унуттиради. Дунёга муҳаббатни зиёда қилади ва охират учун амал қилишни кечиктиради.
Демак, ҳар бир банда уйқуга ётишдан олдин бугунги ўтган куни ҳақида тафаккур қилмоғи жудаям афзал амалдир. Агар у бугунги ўтган кунида хайрли ва савобли амалларни топса Аллоҳга ҳамд айтиши, хато ва гуноҳ ишларни кўрса Аллоҳга истиғфор айтиши лозим бўлади.
Аллоҳ таоло барчаларимизни тафаккур ила ибрат олувчи бандаларидан қилсин.
Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби: Исломов Ёрбек