Мақолалар

Мўминаларга ибрат мўминалар

Ҳазрати Ҳадича (розийаллоҳу анҳо) оғир касалликка чалиниб, ётиб қолдилар. Ўлимлари яқин эканини ҳис этиб турардилар. Бош тарафларида қизлари — Зайнаб, Фотима ва Умму Гулсум ўтиришди. Тўртинчи қизлари Руқаййа эса Ҳабашистонда эди. Ҳазрати Ҳадича Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сўнгги марта қарадилар. Мўминлар онасининг нигоҳларида соғинч ва қайғу, айрилиқ армони мужассам эди. Бироқ Расуллуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ҳадича онамизга жаннатда бирга бўлиш муждасини етказдилар (Ҳадид, 21).

Набийнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) раҳмат кўз ёшлари оқди. Қалблари чуқур алам билан тўлиб тошди. Сабрли, мукофотларни Аллоҳдан кутгувчи мўмина аёллар билан дардлашиб Зайнаб, Умму Гулсум ва Фотима ҳам унсиз йиғладилар.

Макка замонасининг саййида аёли Ҳадича бинти Ҳувайлид билан видолашди (Фажр, 27-30).

Ҳазрати Ҳадича (розийаллоҳу анҳо) ва Абу Толибнинг вафотлари бир йилда содир бўлди. Шу сабабли Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу йилни «Қайғу йили» деб номладилар. Ҳазрати Ҳадича (розийаллоҳу анҳо) ҳижратдан тахминан уч йил олдин, олтмиш беш ёшларида вафот этдилар. Ҳожун қабристонига дафн этилдилар. Бутун қурайш қавми Ҳазрати Ҳадичага (розийаллоҳу анҳо) ва Абу Толибга аза очди. Аллоҳ Ҳадича онамиздан рози бўлсин ва уни ҳам охират неъматлари билан рози этсин. 

Ҳазрати Ҳадича ҳузури илоҳийга кетди. Бироқ унинг хотираси улуғ хонадон ахдлари қалбида, барча мўминлар юрагида боқий қолди. 

Ҳазрати Ҳадичанинг (розийаллоҳу анҳо) сиймолари Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўз ўнгидан ҳеч кетмас эди. Бу ҳақда Ҳазрати Ойиша (розийаллоҳу анҳо) шундай дейдилар: "Расулуллоҳни ҳеч қайси бир завжаларидан Ҳадичадан рашк қилганимчалик қизғонмадим. Ҳолбуки, унинг даврига етишмаган эдим. Бироқ Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уни кўп эслар эдилар».

Ҳазрати Ҳадича (розийаллоҳу анҳо) ҳаётлик пайтларида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бошқа ҳеч аёлга уйланмадилар.

Ҳовла бинти Ҳаким:

— Ҳадича бинти Ҳувайлиднинг йўқлиги боис ёлғизликни ҳис қилаётганга ўхшайсиз, ё Расулуллоҳ! - деб сўраганида:

— Валлоҳи, шундай. У уйимнинг саййидаси, фарзандларимнинг онаси эди, — дея жавоб бердилар.

Ҳовла бинти Ҳаким бошқа бир киши билан турмуш қуришни таклиф қилганида Расули Акрам шундай дедилар:

— Ҳадичадан бошқа кимга уйлана оламан?

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ҳазрати Ҳадичани (розийаллоҳу анҳо) доимо эслар ва шундай дер эдилар: «Инсонлар мени инкор этганларида, у менга имон келтирди. Мени ёлғончиликда айблаганларида, у ишонч билдирди. Инсонлар мени маҳрум этганларида, мол-давлати билан менга ёрдам берди. Аллоҳ менга бошка аёлларимдан бермаган фарзандларимни эҳсон этди». Қачон бир қўй сўйилса, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаларга аввало: «Ҳадичанинг дўстларини тўйдиринг», дер эдилар.

Абдуллоҳ ибн Аббос ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ерга тўрт чизиқ чиздилар ва биздан сўрадилар:

— Бу нима, биласизларми?

— Аллоҳ ва Расули яхшироқ билгучидир, — дедик.

— Оламларнинг энг хайрли аёллари тўрт кишидир: Марям бинти Имрон, Фиръавннинг хотини Осиё бинти Мазоҳим, Ҳазрати Ҳадича бинти Ҳувайлид ва Фотима бинти Муҳаммаддир, — дедилар. 

Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ҳазрати Ҳадича ҳаётлик даврида ҳузурларита келган аёллардан бирини кўрсалар, чеҳралари очилиб, севинар эдилар. Саҳобаларга: «Уни икром килинг, Ҳадича уни севарди», деб айтар эдилар. Пайғамбаримизга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафодор завжа бўлган, муттақий ва карима аёл Ҳазрати Ҳадича онамизни Аллоҳ раҳмат айлаган бўлсин. Омин.

"ҚАҲРАМОН МЎМИНА АЁЛЛАР" китобидан

3648 марта ўқилди

Мақолалар

Top