Мақолалар

Пайғамбар алайҳиссаломнинг табобатга оид кўрсатмалари

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам Ўз умматларига шундай набавий мерос қолдириб кетганларки, бу мерос инсониятнинг дунё ва охирати учун энг зарур ва фойдали ҳисобланади. Ана шундай мерослардан бири – бу, табобатга оид кўрсатмаларидир.

Пайғамбар алайҳиссаломдан табобатга оид бир қанча ҳадислар ворид бўлган. Жумладан, Аллоҳ таоло яратган баъзи бир наботот ёки кўкатлар билан даволанишнинг фазилати ҳақида ҳадислар мавжуд. Пайғамбар алайҳиссаломнинг тиббий кўрсатмалари инсониятнинг саломатлигига боғлиқ бўлган бир қанча жиҳатларни қамраб олган. Масалан, касалликка даво ахтариш суннат эканлигидан бошлаб, Аллоҳ таоло ўлимдан бошқа ҳамма нарсанинг давосини яратганигача, шунингдек, касалликка чалинишнинг олдини олиш борасида ҳам алоҳида кўрсатмалар келган. Масалан бу ҳақда: “касалланган ҳайвонни соғлом ҳайвонларга қўшманг”, “вабо тарқаган ер ҳақида эшитсангиз у ерга кирманг, вабо тарқаган ерда бўлсангиз у ердан чиқманг”, деган мазмундаги ҳадислар ворид бўлган. Бу эса, каксалликни олдини олиш муҳим эканлигига Пайғамбар алайҳиссалом алоҳида аҳамият қаратганликларидан далолат қилади.

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламнинг табобатларида касалликни муолажа қилишда руҳий жиҳатга алоҳида аҳамият қаратиш ҳам муҳим саналади. Масалан, кўплаб ҳадисларида беморларни зиёрат қилишга тарғиб этар эканлар, зиёрат қилиш асносида беморга руҳий далда беришни таъкидлайдилар. Беморни зиёрат қилган киши беморга: “Ҳечқиси йўқ, Аллоҳ хоҳласа соғайиб кетасиз” деган мазмундаги сўзни айтиши, беморнинг руҳиятига қувват бўлиб, касалликни енгишига куч пайдо қилади.

Пайғамбар алайҳиссалом касалликни даволашда асалдан фойдаланишни алоҳида тавсия қилганлар. Зеро, Аллоҳ таоло Ўзининг каломида асални: “Унда инсонлар учун шифо бордир”, деб марҳамат қилган. Бошқа бир ҳадисларида: “сизлар учун иккита нарсада шифо бор: Қуръон ва асал”, деб мараҳамат қилганлар. Дарҳақиқат, Қуръони каримни Аллоҳ таоло “мўминлар учун шифодир”, деб таърифлаган. Шунингдек, ҳижома яъни, танадаги ифлос қонни чиқариб ташлаш ҳам бошдаги оғриқ ва бошқа касалликларга даво бўлишини айтганлар. Шу билан бирга қора седана уруғини истеъмол қилишнинг фойдаси бисёр эканлиги, у заҳарланишдан бошқа барча дардларга даво эканлигини баён қилганлар. Иситма чиққанда уни совуқ сув билан қайтариш ҳам фойда беришини айтиб: “иситма жаҳаннамнинг оташидандир, уни сув билан совутинглар”, деганлар.

Зайтун мевасини ейиш, ёғини ичиш ва суртишнинг ҳам соғлиқ учун кўплаб фойдаси ва баракаси бор эканлиги Пайғамбар алайҳиссаломнинг табобатлари жумласидандир. Шунингдек, Маккий сано, сирка, ҳурмо кабиларнинг саломатликда ўрни жуда кўп эканлиги қатор ҳадисларда баён этилган. Жумладан: “сирка бўлган хонадон фақирлик кўрмайди”, “ҳар тонгда еттитадан ҳурмо тановул қилган кишига ўша куни ҳеч қандай сеҳр ва ҳасад таъсир қилмайди”, деганлар.

Пайғамбар алайҳиссаломнинг табобатлари рўйхатидан “талбина” (атала) ҳам ўрин олган бўлиб, уни истеъмол қилиш кишидаги чарчоқ, ғам-ташвиш ва хафаликни кетказади.

 

ЎМИ Фатво бўлими мудири 

Ҳ.Ишматбеков

4557 марта ўқилди

Мақолалар

Top