Мақолалар

Ваъдага вафо қилиш – марднинг иши

Маълумки, ваъдага вафо қилиш мўмин-мусулмоннинг юксак сифатидир. Зеро, буюк хулқ соҳиби Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бошқа юксак фазилатлар қатори аҳдига вафо қиладиган, сўзи устидан чиқадиган комил инсон бўлганлар. Азал-азалдан ваъдага вафо қилмаслик халқимиз орасида қораланиб келган ва келмоқда. Ҳатто, ваъдабоз, субутсиз ва ёлғончини яхши инсон деб билишмаган. Айниқса, Ислом ахлоқи асосида тарбия топган ота-боболаримиз бундай разил ишлардан нафратланишган. Қуруқ ваъдабозлик бевосита ёлғончиликка етаклайди. Бу эса, Исломда улкан гуноҳлар сирасига киради. Чунки мўминда ёлғон ва хиёнат бўлмайди. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мунофиқнинг учта аломати бор. Сўзласа, ёлғон гапиради, ваъда берса, хилоф қилади ва омонат қўйилса, хиёнат қилади”, деганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Аҳдга вафо қилиш имоннинг асосий белгиларидан бўлиб, бу тўғрисида Қуръони каримда қайта-қайта такрорланган. Аллоҳ таоло Мўъминун сурасида имонли кишиларни таърифлаб бундай марҳамат қилади:

وَالَّذِينَ هُمْ لِأَمَانَاتِهِمْ وَعَهْدِهِمْ رَاعُونَ

 “Улар (мўминлар) (одамларнинг берган) омонатларига ва (ўзаро боғлаган) аҳд-паймонларига риоя этувчидирлар” (8-оят).

Бақара сурасида эса:

وَأَوْفُوا بِعَهْدِي أُوفِ بِعَهْدِكُمْ

“Аҳдимга вафо қилингиз, токи Мен ҳам сизларнинг аҳдингизга вафо қилай”, дейилган (40-оят).

Исломий одоб-ахлоққа кўра, ваъдага вафо қилиш, хиёнат қилмаслик якка шахслар ҳамда жамоалар ўртасида ўзаро ишонч ришталарининг мустаҳкамланиши ва ҳамкорлик барқаролигининг асосидир. У орадан йўқолса, кишилар бир-бирига ишонмай қўйишади. Оқибатда улар ўртасидаги ишонч, меҳр-оқибат ва инсонийликка путур етиб, ёлғончилик ҳамда алдов кучайиб, мустаҳкам жамият инқирозга юз тутади.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафодорларнинг пешвоси эдилар. Бу борада биз умматларига ўрнак бўлганлар. У зот пайғамбарликларидан олдин ҳам ваъдаларига доимо вафо қилганлар.

Мўмин-мусулмонман, деган киши берган аҳдига вафо қилиб, уни мукаммал адо этса, ўшанда аҳдига вафо қилган бўлади. Вафодорлик мўминга хос бўлиб, унга амал қилиш орқали бу инсоний фазилат сақланади. Инсонларнинг бирдамлиги, ўзаро алоқалари мустаҳкамланади. Афсуски, кейинги пайтларда ана шундай ваъдабозлик, сўзда турмаслик ва субутсизлик тобора кучайиб бормоқда. Қоп-қоп ваъдалар берилиб, уларга вафо қилиш ҳақида эътиборсизлик кучаяпти. Ақлли, туппа-тузук киши билан “фалон жойда, фалон саотда учрашамиз”, деб шартлашасиз-у, керак бўлса, белгиланган жойда камида бир-икки соат кутасиз, ундан эса дарак йўқ. Яна бу етмагандай кечикиб келиб, узр ҳам сўрамай, худди, шундай бўлиши керакдай, мақсадга ўтиб кетаверишади. Қани аҳдга вафо? Бевафо бўлиб қолмаяпмизми?

Қизининг қўлини сўраб келган кишига ваъда бериб, фотиҳа бергандан кейин ҳам ваъдасига вафо қилмасдан, ундан кўра бойроққа ёки бошқа мақсадни кўзлаб, ўзгага беришлари-чи? Ахир, бу зулм эмасми? Биров ҳақига хиёнат қилиб, унинг обрўсини тўкиш эмасми? Икки оила ўртасида душманлик оловини ёқиш эмасми?

Ишингни фалон куни битказиб бераман, хавотир олма деб, ўша заҳоти унутади. Сиз бўлса, кутаверасиз, кутаверасиз ва яна кутаверасиз... Буни вафосизликдан бошқа нима деб аташ мумкин?

Бошқаси фарзандига “фалон ишни қилсанг, у бу нарса олиб бераман”, деб ваъда беради-ю, вафо қилмайди. Бундай тарбия оқибатида яна бир бевафо инсон пайдо бўлиб қолмайяптими?

Бизларга ўзи нима бўляпти? Нега вафодорлик, сўзи устидан чиқиш каби юксак фазилатлар тобора камаяпти? Нега ҳеч ким ваъдасига вафо қилмаганидан ёки кечикканидан хижолатда эмас? Ахир, халқимизда “Ваъдага вафо қилиш – марднинг иши”, деган гап бор-ку! Нега “Йигит сўзидан қайтмайди”, деган мақолни ҳеч ким эслагиси келмайди. Баъзилар ўзларича, ушбу мақолни “Йигит айтади ҳам, қайтади ҳам”, деб бузиб талқин қилишади.

Инсон ана шу саволларга жавоб тополмай қийналади. Тўғри, бандачилик, баъзи сабабларга кўра гоҳида ваъданг устидан чиқолмай қоласан киши. Лекин шунга қарамасдан, ваъда берилган кишини олдинроқ хабардор қилиб, узр айтилса, бўлади-ку, ахир! Ҳадиси шарифда, аҳдига вафо қилмаслик мунофиқнинг аломати эканлиги айтилган.

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кимда тўрт хислат бўлса, у ҳақиқий мунофиқдир. Демак, кимда мана шу тўртта хислатлардан бирортаси топилса, уни то тарк қилмагунича, унда нифоқлик бордир. Агар омонат берилса, хиёнат қилади. Гапирса, ёлғон сўзлайди. Аҳдлашилса, шартнома тузилса, устидан чиқмайди. Хусуматлашилса, бузуқлик қилади”, деганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Биз мусулмонлар бундай вафосизликдан эҳтиёт бўлишимиз зарур. Чунки у разил сифатлардан бўлиб, инсоннинг мунофиқ бўлиши ва инсонийлик даражасидан тушиб қолишига олиб келади. Ваъдага вафо қилмасликнинг гуноҳи оғирдир. Бундай кимсаларга Аллоҳ таоло хитоб қилиб бундай деган:

الَّذِينَ عَاهَدْتَ مِنْهُمْ ثُمَّ يَنْقُضُونَ عَهْدَهُمْ فِي كُلِّ مَرَّةٍ وَهُمْ لَا يَتَّقُونَ

“Уларнинг ичида Сиз билан аҳдлашгандан сўнг, тақвосизлик қилиб, ҳар гал аҳдларини бузаверадиганлари бордир” (Анфол сураси, 56-оят).

Абу Ҳурайра )розияллоҳу анҳу( ривоят қиладилар: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Аллоҳ азза ва жалла: “Мен қиёмат куни ушбу уч тоифа одамнинг душманидирман: Менинг номим бирла онт ичиб ваъда бергач, ваъдасига вафо қилмаганнинг, озод одамни (қул қилиб) сотиб, пулини еганнинг ва бир одамни ёллаб ишлатиб, сўнг ҳақини бермаганнинг”, – дейди”.

Дарҳақиқат, мўмин киши ёлғон ва хиёнатдан бошқа барча хулққа тобе бўлиши мумкинлиги ҳадисларга келган. Имом Молик Сафвон ибн Салимдан қуйидаги ҳадисни ривоят қилади:

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан сўралди:

Мўмин киши қўрқоқ бўлиши мумкинми?

Ҳа.

Мўмин киши бахил бўлиши мумкинми?

Ҳа.

Мўмин киши ёлғончи бўлиши мумкинми?

Йўқ.

Юқоридаги ҳадиси шарифлардан қўрқоқлик, бахиллик мўмин бўлишга монелик қилмаслиги, аммо ёлғончилик, вафосизлик тўсиқ экани маълум бўлади.  Ҳадиси шариф ва урфда учрайдиган “Ваъда – қарздир!” деган сўзлардаги “ваъда”дан мурод, хайрли ва яхши ишларда ваъдага вафо қилишдир.

Таъкидлаш зарурки, мўмин киши фақат яхшиликлар учун ваъдалашади. Аммо билмасдан, бузуқ ва шариатда ман қилинган бирор ишни қилишга ваъда бериб, унинг нотўғрилигини билгач, шу ваъдада турмаслик мунофиқлик эмас, балки чин мусулмонлик аломатидир. Ислом ҳукмига кўра, ёмон ниятларни амалга оширмаслик ва бузуқ ваъдаларга вафо қилмаслик зарурдир.

Ҳақиқатан, инсоннинг соф табиий фитрати жиҳатидан олиб қарасак, мўминда ахлоқнинг барча турлари, жумладан, ҳар хил ёмон хулқларга ҳам эга бўлиши мумкин. Аммо унинг табиатида ёлғон билан хиёнат бўлиши мумкин эмас. Бу икки ахлоқ ҳар бир инсон учун катта нуқсондир. Бу мўмин кишига асло ярашмайди. Чунки имон кирган қалбга ёлғон ва хиёнат сиғмайди. Бири келса, бошқаси чиқиб кетиши аниқ. Шунинг учун, мўмин тўғрилик ва вафодорликни севади, бошқаларни ҳам шунга чақиради. Шак-шубҳасиз, мўмин киши Жаноби Ҳақ ҳузурида ҳам тўғрилиги ва аминлиги боис юксак даражаларга эришади.

Ҳадиси шарифда, “Мусулмон биродаринг билан тортишма, уни масхара қилма, унга ваъда бериб, кейин ваъдага хилоф иш қилма”, деб мўмин-мусулмон киши амал қилиши лозим бўлган нарсалар уқтирилган. Биз ана шу каби инсоний фазилатларга зид амаллардан йироқ бўлишимиз даркор.

Аллоҳ таоло барчамизни имонда, Исломда собитқадам қилсин. Омин!

Толибжон ҚОДИРОВ тайёрлади.

10065 марта ўқилди

Мақолалар

Top