Мақолалар

Ҳеллоуин ҳақидаги ҳақиқат

Ҳар йили 31 октябрдан 1 ноябрга ўтар кечаси Ҳеллоуин байрами нишонланади. Бу байрам ҳақида ҳамма одамлар тўлиқ маълумотга эга эмас. Орамиздаги ўта замонавий, сўнгги мода ва анъаналар билан ҳамнафас кишилар бу байрамни хурсандчилик деб қарши олмоқда.

Хўп, Ҳеллоуин нима ўзи? Унинг тарихи, мазмун-моҳияти нималардан иборат?

Ҳеллоуин инглиз тилидаги “All Hallows Even”, яъни “Барча руҳлар кечаси” иборасининг қисқарган шаклидир. Баъзи манбаларда, Ҳеллоуин аёз, зулмат, қабоҳат ва ўлим (ёки мурдалар) “худоси” бўлган Самайн номи билан боғлиқ маросим деб ёзилади. Уни дастлаб ҳозирги Буюк Британия ва Шимолий Ирландия ҳудудидаги халқлар нишонлашган. Совуқ кунлар арафасида 31 октябрдан 1 ноябрга ўтар кечаси барча чироқлар, шамлар, фонуслар, олов ва ўчоқлар ўчирилган. Қоронғу зулмат ичра одамлар ўлим фариштасига ҳамду санолар ўқишган. Биз сен билан, биз ҳам сенингдекмиз, бизнинг жонимизни олма, қабилида унга лаганбардорлик қилишган. Эртаси куни катта гулхан ёқиб, юзларига турли ниқоблар кийиб бир-бирларини қўрқитишган ва ораларидан кимнидир ўлим “худоси”га қурбон қилишган. 

Бошқа манбада келтирилишича, VII асрда Рим папаси Бонифаций 1 ноябрни “All Hallows Even”, яъни “Барча руҳлар кечаси” деб эълон қилган. Бугунги 31 октябрь куни нишонланадиган Хэллоуин байрами шундан келиб чиққани ҳақида фаразлар мавжуд. 

Одамлар шу куни махлуқлар кўринишидаги қўрқинчли либослар-у ёвузликлар акс этган ниқобларда кун бўйи кўчада оломон бўлиб юришади, шовқин-сурон кўтаришади, тунги клубларга бориб кўнгиллари истаган ишни қилишади ҳамда шу орқали руҳий ҳузур олишади. Ҳеллоуин куни зулм ўтказиш, ёвузлик, инсониятга хос бўлмаган жиҳатлар тарғиб қилинади. Бундан ташқари, Ҳеллоуин куни кўплаб қонун бузилиш ҳолатлари, турли жиноятлар, тартибсизликлар юзага келади. Ҳеллоуиннинг асосий ранги қора ва оловранг бўлиб, қора ранг ўлим ва зулматни ифодалайди. Оловранг эса важоҳатни англатади. “Ўликлар байрами” деб аталиши эса Ҳэллоуиннинг даҳшатлар гирдоби эканини билдиради.

Қўрқинчли маросимда иштирок этган ёшнинг руҳий олами бир кундаёқ бузилади, табиати ва онги бевосита сатанизм (шайтон васвасасига учиш, талваса) таъсирига тушиб қолади. Ғарб мамлакатларида 31 октябрдан сўнг болалар орасида невроз, турли руҳий эврилишлар, ноодатий тажовузкорлик, тунги қўрқув каби ҳолатлар ортиб кетишининг асосий сабабларидан бир шу. “Шайтонлар карнавали”да иштирок этган болалар у ерда бир-биридан даҳшатли ниқоблар билан тўқнаш келади, ўлим, дўзах, иблис, одам бош чаноғи, суяклар, қон, тобут ҳақидаги саҳналарни томоша қилишади. Оқибатда айрим болалардаги қаттиқ қўрқув, оғир хасталиклар, ҳатто суицид ҳам сабабчи бўлади. Фанда қайд этилган самайнофобия деган қўрқув тури айнан “Ҳэллоуиндан қўрқиш” дейилади. Бундан азият чекаётган айрим Ғарб мамлакатлари Ҳеллоуинни таълим муассасаларида нишонлашни тақиқлаб қўйишмоқда. 

Маълумотларга кўра, дунё бўйича катта даромад келтирувчи байрамлар қаторида Ҳеллоуин Роджестводан кейин иккинчи ўринда туради. Масалан, биргина АҚШда айнан мазкур даҳшатли тадбир сабаб ота-оналар болалари учун турли ниқоб ва либослар харидига умумий ҳисобда 2,5 миллиард доллар сарфлар экан. Кўриниб турибдики, Аслида ҳеллоуинлаштириш айрим марказлар учун чўнтак қаппайтиришнинг яна бир ўнғай услубидир. 

Жанубий Африкадаги кўплаб мусулмонларнинг чет давлатларга кўчиб кетишининг сабаби ҳам Ҳеллоуин байрамининг мактабларда кенг нишонланишидир. Бу байрамнинг мусулмон эътиқодига умуман мос келмаслигининг сабаби – бу байрам бутпарастликни, зўравонликни, қабоҳатни тарғиб этувчи сохта эътиқоддир.
Биз мусулмонларнинг Ҳеллоуин байрамидан мутлақо узоқда бўлишимиз жуда ҳам муҳим. Ҳеллоуин байрами нишонланаётганда мусулмонларнинг бу байрамга қизиқиши ҳам уларнинг имонини заифлаштиради. Чунки бу байрамнинг келиб чиқиши бидъат ва ширкдир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай дейди:

إِنَّ الشَّيْطَانَ لَكُمْ عَدُوٌّ فَاتَّخِذُوهُ عَدُوّاً إِنَّمَا يَدْعُو حِزْبَهُ لِيَكُونُوا مِنْ أَصْحَابِ السَّعِير

Албатта, шайтон сизга душмандир. Бас, уни душман тутинг. У ўз гуруҳини фақат ўта қизиган дўзахга эга бўлишларига чақиради. (Шайтоннинг инсонга душманлик қилишига ажабланмаса ҳам бўлади. Лекин ажабланарлиси шуки, инсон шайтонни ўзига дўст тутиб юради. Шайтон ўзининг энг катта душмани эканини кўра била туриб, унинг айтганини қилади. Унинг иғвосига учади, ёлғонига алданади.)” (Фотир сураси, 6-оят).

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Кимки қайси миллатга тақлид қилса, улардан бири бўлади”.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Кимки мусулмонларнинг ерларида яшаса, уларнинг диний байрамларини нишонласа, уларнинг яхши амалларини қилса ва у шу ҳолатда вафот этса, Қиёмат куни улар билан бирга кўтарилур”.

Умар розияллоҳу анҳу бундай деганлар: “Аллоҳнинг душманларидан ва уларнинг байрамларидан узоқ туринглар”.

Бинобарин, Аллоҳ таоло барча нарсани билувчидир.

Инглиз тилидан Робия ЖЎРАҚУЛОВА таржима қилди

4090 марта ўқилди

Мақолалар

Top