Мақолалар

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сабрлари

Ҳеч бир инсон Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламчалик мусибат ва машаққатларга учрамаган. Бирор-бир инсон ҳаётида кўплаб синов, мусибат ва машаққатларга учраган бўлиши мумкин лекин, барибир у Пайғамбаримизчалик қийналмаган бўлиб чиқаверади.

У зот инсонлар орасидаги энг сабрлиси бўлганлар. Биз у зотнинг ҳаётларини ўрганар эканмиз нималарга сабр қилганликларини билиб оламиз.

У зот етимликка, фақирликка, очликка, муҳтожликка, қийинчиликка, ўзларига нисбатан бўлган ҳасадга, ичиқоралик, кўролмаслик ва гоҳида душманни ғолиб бўлишига нисбатан сабрли бўлганлар.

У зот ўз уйларини, ватанларини қолаверса ўз аҳлиларидан узоқда бўлишга сабр қилганлар.

У зот яқинларини қатл қилинишига, душманнинг ҳужумларига, у зотга эргашганларни сургун қилинишига, душманларнинг ғазабларига, адоватчилар ва узотга қарши жанг қилмоқчи бўлганларнинг жамоа бўлишларига, ғаразгўйларнинг инжиқликларига, жабборларнинг кибрига, арабларнинг нодонлигига, бадавийларнинг жафосига, яҳудийларнинг ҳийласигаю насронийларнинг кеккайишларига, мунофиқларнинг ёмонлигигаю жангчиларнинг ваҳшийликларига сабр қилганлар.

У зот атрофларидагиларнинг пешонаси тиришишига ва узоқдагиларнинг ғазабига, ботилни тарқалишию ёлғонга чиқарувчиларнинг ҳаддан ошишига сабр қилганлар.

Сабр у зотнинг совутлари, қалқонлари, дўстлари ва шериклари бўлган. Қачонки душманларининг сўзлари у зотни безовта қилса, хавотирга солса ёки хотиржамликларини бузса, дарҳол Аллоҳ таолонинг: “Бас, улар айтаётган нарсаларга сабр қил”, (Тоҳа 130-оят) деган оятини эслар эдилар.

Қачонки ишларида ҳолат танг бўлиб, оғирлашса, тезда Аллоҳ таолонинг: “Бас, гўзал сабр қил”, (Юсуф 18-оят) деган оятини эслар эдилар.

Қачонки душманнинг даҳшати у зотни ларзага келтирса ёки кофирларнинг режаси безовта қилса, Аллоҳ таолонинг: “Бас, азму-матонат соҳиби бўлган Пайғамбарлар сабр қилгандек, сабр қил”, (Аҳқоф 35-оят) деган оятини эслар эдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сабрлари ишонч сабри эди. У зот Аллоҳ таолонинг нусратига ва ваъдаси ҳақлигига ишониб сабр қилар эдилар. У зот Аллоҳ таолога суяниб ва ундан савоб умид қилиб сабр қилар эдилар.

Амакилари вафот этдилар, сабр қилдилар, аёллари оламдан ўтдилар, сабр қилдилар, амакилари Ҳамза розияллоҳу анҳуни қатл қилишди, сабр қилдилар, Маккадан ҳайдадилар, сабр қилдилар, фарзандлари вафот этди, сабр қилдилар, покдомон аёллари Оиша розияллоҳу анҳога туҳмат тошини отишди, сабр қилдилар, у зотни ёлғончига чиқаришди, сабр қилдилар.

Мушриклар ва мунофиқлар у зотни: шоир, коҳин, сеҳргар, мажнун, ёлғончи ва динни ўйлаб топган дейишди, сабр қилдилар. У зотни ўз юртларидан чиқишга мажбур қилишди, азият беришди, сўкишди, таҳқирлашди, ҳақоратлашди, жанг қилишди ва қамал қилишди, барчасига сабр қилдилар.

Энди бошига мусибатлар тушган ва кўп қийналган кишига бизнинг саволимиз шуки, сизнинг қийналганларингиз ва сизга келган мусибатлар ҳам шу қадарми? Сизнинг сабрингиз ҳам у зотнинг сабри кабими?

У зот сабр қилувчиларнинг имоми ва шукр қилувчиларнинг ибратлиси ва пешқадамидирлар.   

Аллоҳ таоло барчамизга у зот каби сабр қилишни ҳамда ҳаётимизда у зотнинг ҳаётлари ибрат ва ўрнак бўлишини насиб қилсин.

                                                                                                                                                                                                                                     

 

Манбалар асосида Юнусобод тумани

“Кулол-Қўрғон” жомеъ масжиди имом-хатиби

Абдураҳмонов Яҳё тайёрлади

 

4892 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top