Мақолалар

Жаҳолатдан сақланинг!

Жаҳолат, жоҳиллик араб тили луғатида “билимсизлик”, “нодонлик”   деган маънони англатади.

Истелоҳда эса жоҳиллик дегани “Бир нарсани ўз аслийятига зид ўлароқ эътиқод қилишдир”.

Жаҳолат зулматдир. Жаҳолат ўз соҳибини ҳалокатга олиб боради.

Жоҳил киши ҳеч нарсани билмайди, шу билан бирга билмаслигини ҳам билмайди. Бу тоифа кишилардан эҳтиёт бўлиб юриш лозим. Шунинг учун Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ё Аллоҳ, бизга ҳақни ҳақ деб билдиргин, бизни унга эргашишлик билан ризқлантиргин. Бизга ботилни ботил деб билдиргин, бизга ундан узоқлашишни ризқ қилиб бергин” деб дуо қилардилар. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам бежизга бундай дуо қилмаганлар. Чунки жоҳиллик инсонни охири берк кўчага етаклайди.

عن حذيفة هو: كان الناس يسألون رسول الله صلى الله عليه وسلم عن الخير وكنت أسأله عن الشر مخافة أن يدركني،

رواه البجاي

Ҳузайфа розияллоҳу анҳу айтадилар: “Одамлар Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан яхшилик ҳақида сўрардилар. Мен эса ёмонлик ҳақида сўрардим. Чунки мен (ўзим билиб билмасдан) ёмон ишларни қилиб қўйишдан қўрқардим”. Имом Бухорий ривоят қилган. 

Инсонни жоҳиллик каби бадном қиладиган бошқа бирор иллат йўқ. Жаҳолат инсоннинг ашаддий душманидир. Жоҳил киши билимсизлиги сабабли ўзига душманиданда кўра кўпроқ зарар етказади. Аллоҳ таоло бандаларига фикрлаш доирасини инъом этган. Инсон илм ўрганса, инсонийлигини сақлаб қолади. Мабодо бунинг аксини қилса, инсонийлик даражасидан қулайди.

Жоҳилликнинг ўзига хос истелоҳлари бор:

  1. Мутлоқ жоҳил. Ҳеч нарсани билмайдиган кишига нисбатан ишлатилади.
  2. Мураккаб жоҳил. Бир нарса борасида нотўғри тушунчага эга кишига нисбатан ишлатилади.
  3. Бефарқ жоҳил. Бу тоифадаги кишилар ўзига зарарли бўлган ишни қилишдан таб тортмайдилар.
  4. Жоҳилликни касб қилувчи. Бу тоифадаги кишилар қилаётган иши нотўғрилигини билса ҳам ҳаққа бош эгмай, қилаётган ишида давом этадилар.

Қуръони каримда жоҳилликни мазаммат қилувчи бир неча оятлар нозил бўлган.

Аллоҳ таоло Наҳл сураси 119-оятида шундай марҳамат қилади:

ثُمَّ إِنَّ رَبَّكَ لِلَّذِينَ عَمِلُواْ السُّوءَ بِجَهَالَةٍ ثُمَّ تَابُواْ مِن بَعْدِ ذَلِكَ وَأَصْلَحُواْ إِنَّ رَبَّكَ مِن بَعْدِهَا لَغَفُورٌ رَّحِيمٌ

“Сўнгра (билинг-ки), албатта Парвардигорингиз, билмаган ҳолда ёмонлик гуноҳ қилиб қўйиб, кейин тавба қилган ва ўзларини тузатган кишилар учун, шак-шубҳасиз, ўша (тавба-тазарруларидан) сўнг Парвардигорингиз (уларни) мағфират қилгувчи, меҳрибондир”.

Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада “билмаган ҳолда ёмонлик - гуноҳ қилиб қўйиб” деб марҳамат қилмоқда. Демак банданинг бирор нарсани билмаслиги уни гуноҳ қилишга олиб боради ва у билмаслиги сабабли жавобгарликдан озод бўлмайди. Бундан барча одамлар эҳтиёт бўлиб яшамоқлари даркор.

Яна Ҳужурот сурасининг 6-оятида шундай марҳамат қилинади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِن جَاءَكُمْ فَاسِقٌ بِنَبَإٍ فَتَبَيَّنُوا أَن تُصِيبُوا قَوْمًا بِجَهَالَةٍ فَتُصْبِحُوا عَلَىٰ مَا فَعَلْتُمْ نَادِمِينَ

“Эй муминлар, агар сизларга бир фосиқ кимса бирон хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда, бирон қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилган ишларингизга афсус-надомат чекиб қолмасликларингиз учун (у фосиқ кимса олиб келган хабарни) аниқлаб-текшириб кўринглар!”

Ояти каримада Аллоҳ таоло фосиқ киши хабар келтирадиган бўлса уни яхшилаб аниқлаб, хабарни собитлигини текшириб кўришга буюрмоқда. Чунки бирор хабарни яхшилаб ўрганмай туриб ҳукм чиқариш одатда афсус-надомат қиладиган ишларга сабаб бўлади. Шу сабабдан ҳам биз ҳозирги ахборот ва технологиялар алмашинуви жуда тез суръатда ривожланаётган даврда яшаётган мусулмонлар ўзимизга келаётган хабарларни яхшилаб аниқлаб, шунга кўра хулоса чиқармоқлигимиз лозим ва лобуддир.

Жоҳилликнинг ёмон хислат эканлиги борасида кўплаб ҳадислар ва уламоларнинг гаплари ривоят қилинган. Улардан баъзиларини қуйида келтирамиз.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Қиёмат қоим бўлиш арафасида илм кўтарилиб, жоҳиллик тушадиган кунлар бўлади” (Ибн Можа ривояти).

Ушбу ҳадисда жоҳиллик қиёмат аломатларидан бири эканлиги айтилмоқда. Қиёмат куни аломатлари ҳақидаги бошқа ҳадисларни ўрганадиган бўлсак, ўша аломатларнинг аксарияти салбий хусусиятга эга бўлган нарсалар эканлигини кўришимиз мумкин. Демак бундан билинадики жоҳиллик ҳам салбий сифат ҳисобланади.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Албатта Аллоҳ таоло бандалардан илмни тортиб олиб қўймайди. Лекин илмни олимларни қабз қилиш билан олиб қўяди. Ҳатто бирор олим қолмагач, инсонлар жоҳил раисларни бошлиқ қилиб оладилар. Улар илмсиз фатво беришади. Ўзлари ҳам адашади, бошқаларни ҳам адаштиришади” (Имом Бухорий ривояти).

Жоҳилликнинг олдини олишда уламоларнинг хизматлари беқиёс. Шунинг учун ҳам ушбу ҳадисда уламоларнинг вафоти билан илм ҳам кўтарилиши инсонлар огоҳлантирилмоқда. Демак ҳадисдан олинадиган хулоса шуки, ҳамма замон ва маконда уламолар ҳурмат-эҳтиромда бўлмоқликлари.

Абдурроҳман Жомий ҳазратлари олимлар борасида шундай деганлар:

Дунёда бўлмаса муаллим агар,

Ҳаёт ҳам бўлмасди гўзал бу қадар.

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам доимо уйимдан чиққанларида осмонга қараб, шундай дуо қилардилар: “Ё Аллоҳ, сендан адашишимдан ва адаштирилишимдан, йўлдан  тойилишимдан ва тойдирилишимдан, зулм қилишимдан ёки зулм қилинишимдан ва жоҳиллик қилишдан ва менга ҳам нисбатан жоҳиллик қилинишидан паноҳ сўрайман”. (Абу Довуд, Термизий ва Аҳмад ривояти)

Кўриб турибсизки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам жоҳилликдан паноҳ сўрамоқдалар. Шундай экан сиз билан бизга ўхшаш оддий инсонларнинг бу иллатдан паноҳ сўрашлари зарур экани маълум бўлмоқда.

Олимлардан бири шундай деган экан: “Олим бўл ёки ўқувчи бўл, аммо улар ўртасидаги киши бўлма. Чунки улар ўртасидаги киши жоҳилдир”.

Яна бир ривоятда: “Жоҳилликнинг аломати учтадир: ўзидан ажабланиши, бемаъни гапларни кўп гапириши ва ўзи қилиб турган ишдан қайтариши” дейилган.

Аллоҳ таоло барчамизни илмсиз ҳолда Ўзига нисабатан нотўғри эътиқод қилиб қўйишимиздан, бировга нисбатан жоҳиллик қилишдан ва йўлдан тойилишдан асрасин. 

 

З. Мирсодиқов,

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мудири 

3702 марта ўқилди

Мақолалар

Top