Мақолалар

Ҳар бирлари фозиллардир!

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига икки йигит саҳродан бир одамни етаклаб олиб келишди. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу улардан:

“Бу одам ким?” деб сўрадилар. Улар:

“Бу одам отамизнинг қотили” дейишди. Буюк саҳобий ҳалиги одамдан:

“Уларнинг отасини ўлдирдингми?” деб сўрадилар.

“Ҳа” деб жавоб берди у.

“Қандай ўлдирдинг?” деб сўрадилар ҳазрати Умар.

“Менинг еримга туясини олиб кирди. Орқангга қайт десам ҳам қайтмади. Ердан тош олиб отсам, унинг бошига тегди-да, ўлиб қолди” деб жавоб берди қотил.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бу гапларни эшитиб, “Қасос энг тўғри ҳукмдир. Ҳеч қандай тортишувга ҳожат йўқ” дедилар.

Ҳа, у зот ўша қотилнинг қайси қабиладан эканини сўраб ўтирмадилар. Шарафли қабиладанми ёки оддий қабиладанми, қизиқмадилар. Жамиятда обрўли шахсми ёки оддий шахсми, буни ҳам сўрамадилар. Чунки, Аллоҳнинг ҳукмини ижро этишда бу каби нарсаларни сўраб ўтирмасдилар. Аллоҳнинг шариатини татбиқ этишда бирор кишига хушомад, лаганбардорлик қилмасдилар. Ўзи умуман бундай ҳолат у зотда йўқ эди. Мабодо ўғиллари қотил бўлса ҳам унга қасос ҳукмини жорий қилган бўлардилар.

Қотил “Эй мўминларнинг амири, осмонлару ерни яратган Зотга қасам ичиб, сиздан бир нарсани сўрайман. Уйимга бориб, аёлим ва фарзандларимни кўриб, уларга ўлдирилишим ҳақидаги хабарни етказиб, кейин қайтиб келсам майлими?” деди. Ҳазрати Умар ундан:

“Бориб, қайтиб келишингга ким кафил бўлади?” деб сўрадилар.

Атрофдаги ҳамма жим. Чунки ўша қотилни, унинг қайси қабиладан эканини, уйи қаердалигини биров билмасди. Билмаган, танимаган одамига ким ҳам кафил бўларди?!

Кўрилаётган масала пул, динор, кўчмас мулк, туя масаласи эмас, балки жон, қон, қасос масаласи. Бундай ишда ким ҳам ўртага тушарди?!

Саҳобаи киромлар барчалари сукутда. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бу ҳолатдан таъсирландилар. Энди нима бўлади? Қотил уйига бориб, қайтиб келса, ўлдирилса, болалари оч қоладими?! Ёки у қайтиб келмай, қочиб кетса, ўлдирилган одамнинг қони зое бўладими?!

Одамлар эса ҳамон сукутда эдилар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бошларини қуйи солганча ўйланиб қолдилар. Кейин ҳалиги йигитларга қараб:

“Бу одамни кечирмайсизларми?” дедилар. Улар:

“Йўқ. Отамизнинг қотили ўлдирилиши керак, эй мўминларнинг амири!” дейишди.  

Шунда Умар розияллоҳу анҳу:

“Эй инсонлар, бу одамнинг қайтиб келишига ким кафил бўлади?” деб сўрадилар. Абу Зарр розияллоҳу анҳу:

“Эй мўминларнинг амири, бу одамга мен кафил бўламан” дедилар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу:

“Бу қасос!” дедилар.

“Қасос бўлса ҳам майли” дедилар Абу Зарр розияллоҳу анҳу.

Кейин Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу у кишидан:

“Бу одамни танийсанми?” деб сўрадилар. Абу Зарр ҳазратлари:

“Йўқ, уни танимайман” деб жавоб бердилар.  

“Унда қандай қилиб кафил бўляпсан?” деб сўрадилар Ҳазрати Умар.

“Унинг юзида мўминликнинг белгисини кўряпман. Алдамайди деб ўйлайман. Инша Аллоҳ, қайтиб келади” дедилар. Умар розияллоҳу анҳу:

“Эй Абу Зарр, агар у уч кундан кечикса, мен сени ўз ҳолингга қўймаслигимни биласанми?” дедилар. Абу Зарр розияллоҳу анҳу:

“Аллоҳнинг ўзи ёрдам берувчидир, эй мўминларнинг амири” дедилар.

 Шундай қилиб қотил уйига кетди. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу унга уч кун муҳлат бердилар. Шу уч кун ичида у ўзини қасосга тайёрлайди.

Ҳамма кун санай бошлади. Учинчи куни аср пайтида бир жарчи “Намозга жам бўлинглар” деб нидо қилди. Асрдан кейин ҳамма йиғилди. Иккита йигит ҳам келди. Абу Зарр розияллоҳу анҳу ҳам келиб, мўминлар амирининг олдига ўтирдилар.

“Ҳалиги одам қаерда?” деб сўрадилар Ҳазрати Умар.

“Билмайман, мўминларнинг амири” деб жавоб бердилар Абу Зарр розияллоҳу анҳу ва қуёшга назар солдилар. Қуёш гўё одатдагидан тезроқ ҳаракат қилиб, ботишга уринаётгандек.

Саҳобаи киромлар Абу Зарр розияллоҳу анҳуга қайғуриб, жимгина қараб туришарди. Шу пайт қуёш ботишидан бироз олдин ҳалиги одам етиб келди. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ва ўша ерда турган барча мусулмонлар такбир айтиб юборишди.

Умар розияллоҳу анҳу ундан:

“Ҳой одам, сен саҳродаги уйингда қолишинг ҳам мумкин эди-ку! Биз сени тополмасдик, сезмасдик” дедилар.

“Эй мўминларнинг амири, мен сиздан қўрқиб эмас, яширин ва махфий нарсаларни билувчи Зотдан қўрқиб қайтиб келдим. Мана, мен шу ердаман. Фарзандларимни қушнинг полапонлари каби сувсиз, дарахтсиз саҳродаги уйимда қолдириб, қасос учун етиб келдим. “Одамларда аҳдга вафо қилиш масъулияти қолмабди” дейилишидан қўрқдим” деб жавоб берди.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу “Эй Абу Зарр, нега бу одамга кафил бўлдинг?” деб сўрадилар. Буюк саҳобий Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу:

“Одамларда яхшилик қилиш туйғуси қолмабди” дейилишидан қўрқдим” деб жавоб бердилар.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бироз тўхтаб турдилар-да, кейин йигитларга қараб, “Сизлар нима дейсизлар?” деб сўрадилар. Улар йиғлаган ҳолда:

“Эй мўминларнинг амири, биз бу одамни ростгўйлиги учун кечирдик. Токи одамлар ўртасида “Инсонларда кечириш фазилати қолмабди” деган гап тарқалмасин!” деб жавоб беришди.

Бу гапларни эшитган Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу “Аллоҳу акбар!” дедилар. Кўзларидан дув-дув ёш оқарди.   

Эй йигитлар, кечирганингиз учун Аллоҳ таоло сизларни ҳам кечирсин!

Эй Абу Зарр, бу одамнинг оғирини енгил қилганингиз учун Аллоҳ таоло сизга ҳам кўплаб ажрлар ато этсин!

Эй киши! Ростгўйлигинг, вафодорлигинг учун Аллоҳ таоло ажрингни кўпайтириб берсин!

Азизлар, бир-биримизга яхшилик қилайлик, бир-биримизни кечирайлик, аҳдларимизга, берган ваъдаларимизга вафо қилайлик! Аллоҳ таоло барчамизга саҳобаи киромларнинг хулқлари билан безаниб боришимизни насиб этсин!

 

 

“Вазиятларни бошқариш санъати” китобидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси  

3776 марта ўқилди

Мақолалар

Top