Мақолалар

Эҳтиёт бўлинг! Хавфли синдром: жиззакилик

Сўнги пайтлар жамиятда асаби таранг, сал нарсага жаҳл қиладиган, бақириб гапирадиган, хотиржамлиги йўқ, пессимист, негатив фикрловчи, бир сўз билан айтганда жиззаки одамлар кўп учраётгандек. Ҳатто, бу қусур яъни жиззакилик синдромга ҳам айланиб улгурди. Алал оқибат одамлар билиб билмай, ҳам ўзларига, ҳам ўзгаларга зулм қилишмоқда. Динимиз мусулмонларни юмшоқлик, ҳалимлик ва барча яхшиликларнинг мажмуаси бўлган гўзал хулққа даъват этади. Зеро, Аллоҳ таоло ўзининг суюкли пайғамбарини мақтаб у зотга берган неъматини шундай эслатади: “Албатта Сиз улуғ хулқ устидадирсиз” (Қалам, 4).

Биз бугун дуч келаётган жиззакиликнинг асосий сабабларидан бири ношукрликдир. Чунки, ношукр банда ҳарқандай воқеликга салбий томондан баҳо беради. Аянчли томони “вирус”ни тезлик билан бошқаларга ҳам юқтиради. Аллоҳ таоло Ўз каломида бандаларига буйруқ тарзида шундай марҳамат қилади: “Бас, (эй мўминлар!) Аллоҳ сизларга ризқ қилиб берган нарсаларнинг покларини енг ҳамда, агар Аллоҳга ибодат этувчи бўлсангиз, Унинг неъматларига шукр қилингиз!” (Наҳл, 114).

Албатта Аллоҳнинг неъматларига шукр қилсак, Қуроъни каримда “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман” дея вада қилинганидек, яна ҳам зиёда бўлади. Аксинча, ношукрлик қилиб, итоатсизлик ила, қайтариқларидан қайтмасак, оятнинг давомида марҳамат қиладики: “Борди-ю, ношукрлик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир” (Иброҳим, 7).

Биз сўз юритаётган жиззакилик аслиятида жоҳиллик ва ношукрлик, Аллоҳга ишончсизлик ва илмдан узоқлашиш туради. Банда ўзига берилган неъматга шукр қилиб, ҳалол пок йўлда мустаҳкам турса, бандалигини унутмаса Аллоҳ унинг қалбига ҳотиржамлик неъматини солиб қўяди. Натижада инсон ўзини бахтиёр ҳис этиб атрофга, борлиққа ва ҳаётга табассум билан, кўтарингки кайфиятда назар ташлайди. Жиззакилик қилмайди. Тиб илмининг улуғ устозларидан бўлган ватандошимиз Абу Али ибн Сино ҳазратлари ҳам ушбу оятдан шундай хулоса қилган: “Инсондаги кўплаб дардлар руҳий мувозанатнинг бузилишидан келиб чиқади. Руҳий мувозанат эса аксарият ҳолда ношукрлик туфайли бузилади”. Демак, инсоннинг ношукрлиги унинг соғлиги ва асаб толалари учун ҳам жиддий хавф туғдиради.

Бир киши Пайғамбар алайҳиссаломдан насиҳат сўради: Расулуллоҳ (с.а.в.) унга насиҳат қилиб ушбу оятни ўқидилар: “Авф-марҳаматли бўлинг, яхшиликка буюринг ва жоҳиллардан юз ўгиринг”. (Аъроф, 199). Аллоҳ таоло бу оят орқали, жиззакилик муолажаси хусусида: атрофдагиларнинг биргина хатоси ёки камчилиги туфайли унга жаҳл қилмасдан кечиримли бўлиш, одамларга яхшилик қилиб, уларни ҳам яхшиликка даъват этиш, энг асосийси жоҳиллардан юз ўгириб улардан узоқроқ юриш, ношукр ва ахлоқсиз кимсалар билан ҳамсуҳбат, ҳамфикр бўлмаслик инсон, унинг саломатлиги, дини ва дунёси учун улкан фойда эканлигини Аллоҳ ва Расули (с.а.в.) таъкидламоқда.

Жаҳл – жиззакилик олиб борадиган ҳалокатли йўлнинг охири. Жиззаки одам бора-бора ўзи ва атрофдагиларнинг жаҳлини жунбушга келтириб, улкан муаммо ва ҳалокатларга сабаб бўлади. Саҳобалардан бири Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг рўпараларига келиб: “Ё Расулуллоҳ дин нимадир” дея 3 бора сўраганда, Расулуллоҳ (с.а.в.): уч бора ҳам “Дин гўзал хулқ, гўзал хулқ эса жаҳл қилмаслигингдир” дея жавоб берганлар.

Пенсилвания университети олимлари жиззакиликнинг инсон танаси ва саломатлигига қандай таъсир этиши бўйича турли тадқиқотлар ўтказиб қуйидагича хулоса тақдим этишган: Жиззакилик инсон саломатлиги учун жиддий хавфлардан бири бўлиб узлуксиз характерга айланса:

  • Қандли диабет
  • Невроз
  • Депрессия
  • Ошқозон яраси
  • Жигар касалликлари
  • Қон касалликлари
  • Хафақон (гипертония)
  • Инфаркт ҳамда инсулть каби ўта хавфли касалликлар келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин.

Хулоса шуки, ҳар қандай ҳолатда ҳам муаммо ва дардларни Эгасига топшириш, ҳар бир ҳодисанинг қолаверса, умрнинг ўткинчи эканлигини англаб яшаш, неъматларга шукр қилгувчи шокирлар қаторида бўлиш, муаммоларга ақл ва тафаккур билан, Аллоҳ буюрганидек ечим қидириш, бандаси учун вада қилинган икки дунё саодатига эриштиради. Ношукрлик ва жоҳиллик эса инсоннинг соғлиги, тинчлиги, обрўси, кўрки, иймони ва охиратига улкан салбий таъсир кўрсатади.

 

Саидаброр УМАРОВ

3875 марта ўқилди

Мақолалар

Top