Мақолалар

Аллоҳ билан бўлган савдо

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қилиб айтадилар:

“Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг халифалиги даврида бир воқеа содир бўлди. Одамларга қаҳатчилик етди. Вазият оғирлашгач, улар Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг олдиларига бордилар ва:

“Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўринбосарлари, осмондан ёмғир ёғмай қўйди, ердан гиёҳ ўсмай қўйди, одамлар ҳалокат ёқасига келиб қолишди, бирор чора кўрасизми?” дейишди. У зот:

“Боринглар, сабр қилинглар, умид қиламанки, шояд Аллоҳ таоло кун кеч бўлмасидан туриб мушкулларингизни осон қилса!” дедилар.

Қуёш ботай деганда Мадинада “Усмон ибн Аффоннинг карвони Шомдан етиб келди” деган хабар тарқалди. Карвон Мадинага кириб келгач, одамлар уни кутиб олдилар. Қарашса, у карвон буғдой, ёғ ва майиз ортилган мингта туядан иборат экан. Туялар Усмон розияллоҳу анҳунинг уйлари олдида чўктирилди. Кейин юклар у кишининг ҳовлиларига олиб кирилди.

Шундан сўнг савдогарлар кела бошлашди. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу улардан:

“Нима истайсизлар?” деб сўрадилар. Улар:

“Нима исташимизни биласиз-ку! Олиб келган нарсаларингизни бизга сотинг! Бу ашёларга одамларнинг эҳтиёжи борлигини ўзингиз яхши биласиз” дейишди. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу:

“Хўп бўлади, бажонидил. Мен олиб келган нарсаларни қанча фойдасига сотиб олмоқчисизлар?” деб сўрадилар. Улар:

“Ҳар бир маҳсулотни икки дирҳам фойдасига оламиз” дейишди. Усмон розияллоҳу анҳу:

“Менга бундан кўпроқ ҳам берилди” дедилар. Улар:

“Тўрт дирҳам фойдасига оламиз” дейишди. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу:

“Бундан ҳам кўпроқ берилди” дедилар. Улар:

“Хўп, беш дирҳам фойдасига оламиз” дейишди. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу яна:

“Бундан ҳам кўпроқ берилди” дедилар. Савдогарлар ҳайрон бўлиб:

“Мадинада биздан бошқа савдогарлар бўлмаса, биз ҳаммадан олдин уйингизга етиб келган бўлсак, сизга ким биз бергандан кўпроқ берди?” деб сўрашди. Шунда буюк саҳобий:

“Албатта, Аллоҳ таоло ҳар бир дирҳам учун ўн дирҳам берди. Сизлар бундан ҳам кўпроқ бера оласизларми?” дедилар. Улар:

“Йўқ” дейишди. Бу гапни эшитган Усмон розияллоҳу анҳу:

“Мен бу карвондаги ҳамма нарсани Аллоҳнинг розилиги учун мусулмонларнинг мискину фақирларига садақа қилдим” дедилар.

Шундай қилиб Мадинада ўша карвондаги моллардан ўзи ва оиласи учун етарлича нарса олмаган бирорта ҳам фақир қолмади”. 

 

Ҳоний Ҳожининг “Солиҳлар ва

солиҳалар, зоҳидлар ва зоҳидалар

ҳаётидан минг бир қисса” китобидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

3150 марта ўқилди

Мақолалар

Top