Мақолалар

Ўйлаб кўрайлик!

Машаққатли ишимиз ҳар бир ишсизнинг орзусидир.

Тўполончи фарзандимиз ҳар бир бефарзанднинг орзусидир.

Кичкина уйимиз ҳар бир уйсиз қочоқнинг орзусидир.

Озгина молимиз ҳар бир қарздорнинг орзусидир.

Офиятдалигимиз ҳар бир беморнинг орзусидир.

Табассумимиз ҳар бир сиқилганнинг орзусидир.

Аллоҳ бизни сатр қилгани (айбларимизни яширгани) ҳар бир шарманда бўлган кимсанинг орзусидир.

Истиқоматда юрганимиз гуноҳ қилган айрим кишиларнинг орзусидир.

Тириклигимиз вафот этганларнинг орзусидир.

Жуфтимизнинг борлиги оила қурмаганларнинг орзусидир.

Ота-онамизнинг борлиги ота-онаси вафот этганларнинг орзусидир.

Ака-укаларимизнинг борлиги ёлғиз фарзандларнинг ва ака-укаси вафот этган кишиларнинг орзусидир.

Эркин нафас олаётганимиз астма касали билан оғриб, нафас олишга қийналаётганларнинг орзусидир.

Жавонимиздаги китобларимиз китоб ўқигиси келиб, аммо сотиб олишга имкон тополмайдиганларнинг орзусидир.

Шкафимизда турган кийимларимиз, уларни икки-уч кунда алмаштириб-алмаштириб кийинаётганимиз бир неча йиллардан бери битта кийимда юрганларнинг орзусидир.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:

ثُمَّ لَتُسْأَلُنَّ يَوْمَئِذٍ عَنِ النَّعِيمِ

“Сўнгра ўша кунда, албатта, берилган неъматлардан сўраласизлар”. (Яъни, қиёматда ҳар бир неъматни нимага, қандоқ сарф қилганингиз ҳақида сўралади. Ҳа, каттаю кичик ҳар бир неъмат ҳақида сўраласиз. Ҳар бир неъматга шукр қилдингизми, йўқми - сўраласиз. Аллоҳ таоло сизга берган молу дунё неъматини нимага сарфладингиз, ҳалолгами ҳаромга, Аллоҳни рози қиладиган йўлгами, ғазабини қўзғатадиган йўлгами ҳамма-ҳаммаси ҳақида сўраласиз.) (Такосур сураси, 8-оят).

Ўзимиздаги неъматлар ҳақида ўйлаб кўрайлик!

Ҳамд ва ризони ҳаёт йўлимиз қилиб олайлик!

Берган неъматлари учун Аллоҳга ҳамд бўлсин!

 

 

Нозимжон Иминжонов

 

3453 марта ўқилди

Мақолалар

Top