Мақолалар

Залолат йўли

Қуръони каримда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

«Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир» (Нисо, 32 ).

Динимиз бизга, айнан, ушбу оятдаги кўрсатма ва огоҳлантиришдан таълим беради. Аммо ўзларини “мусулмон” деб атаётган шайтон малайлари бунга “Биз фақат мусулмон бўлмаганларни ўлдиряпмиз” деб жавоб беришади. Наҳотки, улар Аллоҳ таолонинг «Динда зўрлаш йўқ» (Бақара, 256), деган сўзини эшитмаганлар, наҳотки исломга кирмагани учун бошқа дин вакилларини ўлдириш мутлақо мумкин эмаслигини билмасалар?! Ҳа, улар  “Аъроф” сурасининг 179-оятида зикр қилинган жоҳил кимсалардир. Ояти каримада улар ҳақида шундай  баён этилади: “ ... Уларда қалблар бор, (лекин) улар билан англмайдилар. Уларда кўзлар бор, (лекин) улар билан кўрмайдилар. Уларда қулоқлар бор, (лекин) улар билан эшитмайдилар. Ана ўшалар ҳайвонлар кабидирлар. Балки улар (янада) адашганроқдирлар. Айнан ўшалар ғофиллардир”.

Маълумки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўта раҳмдил, шавқатли, ҳимматли зот эдилар. У киши, ҳақиқатан ҳам “Оламларга раҳмат” қилиб юборилган эдилар.  

Қўшинни бир жойга юборишдан олдин айби йўқ инсонлар, айниқса ёш болалар, аёллар ва қарияларни, шунингдек, ибодатхона хизматчилари ва роҳибларини ўлдиришдан қаттиқ қайтарар эдилар. Бундан маълум бўладики, ёшлар, қариялар ва аёлларни ҳалок қилишга қаратилган барча хуружлар улкан жиноят ҳисобланаркан. Шариатда буни фасод тарқатиш дейилади. Бу борада Аллоҳ каломида бундай марҳамат қилади: Уларга: «Ер юзида фасод (бузғунчилик) қилмангиз!», – дейилса, улар: «Албатта, биз чин ислоҳчилармиз», – дейдилар. Огоҳ бўлингки, айнан уларнинг ўзлари бузғунчилардир, лекин (буни ўзлари) сезмайдилар (Бақара,  11-12).

Исломий таълимотга кўра, тинч аҳоли устига бостириб кириш, уларни ваҳшийларча бўғизлаш, уйларини вайрон қилиш мумкин эмас. Аллоҳ ўз каломида: “(Эй, Муҳаммад!) Раббингизнинг йўли (дини)га ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват этинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг! Албатта, Парвардигорингизнинг ўзи Унинг йўлидан чалғиган кимсаларни яхши билувчи ва ҳидоят топганларни ҳам У билувчироқдир”, дейди (Наҳл, 125).

Бу қонуният барча динларга тааллуқлидир. Ҳатто мушриклар мусулмонлар орасида ҳимояда бўлишни сўрасалар уларга бу нарса тақдим этилиши лозимдир. Акс ҳолда Аллоҳ таолонинг мана бу оятига амал қилмаган бўламиз: “Агар мушриклардан бирортаси Сиздан ҳимоя сўраса, бас, уни ҳимоянгизга олинг, токи у Аллоҳнинг каломини эшитсин. Сўнгра уни хавфсиз жойига етказиб қўйинг! Бу уларнинг билмайдиган қавм бўлганлари сабаблидир” (Тавба, 6).

Одамлар билан тинч ва тотув ҳаёт кечириш керак. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади: “Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар (Мумтаҳана, 8).

Ўзларини “Аллоҳнинг аскарлари” деб атайдиганлар аёллар, ёш болалар, қариялар, ҳатто ўзларининг яқинларини ҳам ўлдиришдан тап тортишмаяпти. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ҳар бир гўдак фитратда туғилади...” деб айтганлар. Табиатан соф ва бегуноҳ болаларни ўлдириш, уларни асир олиш ёки уларга нисбатан ҳар қандай жиноят Аллоҳ таолонинг Меҳрибон ва Раҳимли сифатларига мутлақо тўғри келмайди.

Кўчада қолдириб кетилган қўлбола услубда ясалган портловчи ускуна ўз қурбонларини фарқлай оладими? Ҳар бир соғлом ақл эгаси бу иш жиноят эканлигини ва ундан ҳомиладор аёллар, қария ва болалар шу жумладан мусулмонлари ҳам жабр кўришини тушунади.

Баъзи ақидапарастлар, бошқа одамларнинг жонига қасд қилиш билан бирга ўзларини ўлдириш каби гуноҳи кабирага ҳам қўл урадилар. Бу ишларни содир этадиган кимсалар ўз жонига қасд қилиш улкан гуноҳ эканлигини билмайдилар, унутиб қўядилар ёки қасддан эътибор бермайдилар.

Аслида Ислом дини Парвардигор томонидан ато қилинган тинчлик учун шукр қилишга, яхшилик қилиб ёмонликдан узоқда бўлишга чақиради. Моида сурасининг 32 оятида келганидек: “Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир”.

 

 Шавкат АПИСОВ

Бўстонлиқ тумани

“Олимжон ота” жоме масжиди

имом хатиби

6884 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Бир саволга ўн жавоб Мўминнинг икки қаноти »

Мақолалар

Top