Мақолалар

Ўзимизни ҳисоб-китоб қилайлик!

Нафсни тергаш, уни солиҳ бўлиши учун доимо интилиш банда қилиши лозим бўлган энг муҳим ишлардандир. Инсон доим хато қилади. Нафсни текшириш орқали мана шундай хатолар тафтиш қилинади ва нафсга бу борада танбеҳ бериб, насиҳат қилиб, жаннат неъматлари эслатилади, охират азобидан қўрқитилади. Бу масалада умматнинг салафлари бизга энг гўзал намунадирлар. Чунки, уларнинг қалблари доим Аллоҳга боғлиқ эди. Ўзлари ер юзида юрсаларда, қалблари самода эди. Улардан бирлари бирорта хатони содир этса ёки бир амалда камчиликка йўл қўйса, дарҳол уни тузатишга киришар, нафсини бу ишдан қайтариб, койир эди. Натижада унинг қалби фақат яхши нарсанигина буюрадиган бўлиб қолган эди.

Инсон борки, ожизлиги сабаб нафсининг сўзига кириб гуноҳга қўл уради. Тирик эканмиз қилган гуноҳларимизга тавба қилиб, кечирилиш пайидан бўлишимиз керак. Бунинг учун биз ҳам ўтган улуғларимиздан ўрнак олиб, ўзимизни тафтиш қилишимиз лозим. Буни муҳосабатун нафс, яъни нафсни ҳисоб-китоб қилиш дейилади.

Нафс инсонни доим ёмонликка бошлайди. Биз эса нафсимизни тўғри йўлга чорлаб, жиловини ўша тарафга буриб туришимиз лозим.

Нафсни муҳосаба қилиш – уни тергаб, хатоларини эслатиб, ўша хатоларга тавба қилиб, ютуқлари бўлса, бунинг учун Аллоҳга ҳамд айтиш ва янада яхшироқ бўлишга уринишдир.

Дунё ишларига бир назар солайлик.

Бир неча дўконлари бор оддий савдогар одам эрталаб шогирдларини “Сен бу дўконда савдо қиласан, сен эса мана бунда” деб, дўконларга бирма-бир тақсимлаб чиқади.

Кечгача улардан хабар олиб, “Тинчмисизлар? Савдо яхши кетяптими? Қийинчилик йўқми? Бирор нарсани арзон сотиб қўймадингларми?” деб туради.

Кеч тушгач, ҳамма шогирдларини бир жойга тўпланишларини тайинлайди. Улар келишгач, “Хўш, сен бугун қанча савдо қилдинг? Нималарни сотдинг? Насия савдо бўлмадими ишқилиб?” деб сўрайди. Бошқасига юзланиб: “Сенда нима гап? Фалончи қарзини олиб келдими?” дейди.

Охирида ҳисоб-китоблар натижаси, кўрилган фойда ва зарарлар маълум бўлгандан кейин савдоси кўп бўлган шогирдига “Барака топ! Шундай давом эт!” дейди. Камроқ пул топган ёки насияга савдо қилган шогирдига эса “Нега насияга сотдинг? Ўзи дастмоямиз кам бўлса! Нега яхши савдо қилмадинг? Нега фалон маҳсулотни арзонга сотиб қўйдинг?” деб танбеҳ беради. Шу тарзда ҳисоб-китоб қилиб бўлгач, эртанги кун учун яна топшириқлар беради.

Дунёимиз, тижоратимиз учун жон куйдиргандек, нафсимиз ислоҳи учун ҳам жон куйдириб, уни ҳам шундай тафтиш қиляпмизми?

Ҳар куни эрта тонгдан яхши ишлар бажаришни ният қилиб, кунни бошлаяпмизми? Кеч тушгач, қилган ниятимизнинг қанчасини амалга оширдик, қанчасини оширолмадик, ўйлаб кўряпмизми? Эришган ютуқларимиз, қилган солиҳ амалларимиз учун Роббимизга ҳамд айтиб, йўл қўйган хато-камчиликларимиз, содир этган гуноҳларимиз учун истиғфор айтиб, тавба қиляпмизми?  

Савдо ишида касодга учрасак, пулни, дастмояни йўқотамиз. Аммо ўлиб қолмаймиз, оч қолмаймиз. Йўқотилган пулларнинг ўрнини тўлдирса бўлади. Пул йўқолди, ўғри олиб кетди, сувга чўкиб кетди, ёниб кетди, мусодара бўлиб кетди дегани ҳаёт тугади дегани эмас!  

Аммо қилинган гуноҳлар, хатолар, қолдирилган фарз, вожиб, суннат ва бошқа солиҳ амаллар охиратнинг бой берилишига олиб келиши мумкин.

Нега дунё ишига катта эътибор бериб, пулни йўқотмаслик учун катта-катта ҳисобларни амалга ошириб, керак бўлса, иқтисодчи, йирик тадбиркорлардан маслаҳат сўраймиз-у, аммо бизнинг икки дунёимизда бахт-саодатга эришишимиз кафолати бўлган солиҳ амаллар, охират ғамига бунчалик эътибор бермаймиз?! Билмаган нарсаларимизни илм аҳлларидан сўрамаймиз?!

Ахир дунё ҳаёти вақтинчалик, охират ҳаёти эса абадий-ку!

Қилаётган гуноҳларимизга, инсонларга берадиган озор ва зулмларимизга, бировнинг ҳаққини ейишимизга, ўғрилик қилишимизга, ғийбат, ёлғон, ҳасад ва бошқа маъсиятларга охиратда нима деб жавоб беришимизни ўйлайлик!

Оғир ҳисобга дучор бўлмаслик учун гуноҳларимизга чин тавба қилиб, ихлос билан истиғфор айтайлик!

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу “(Охиратда) ҳисоб-китоб қилинишингиздан олдин (бу дунёда) ўзларингизни ҳисоб-китоб қилинглар!” деганлар.

Сўзимизни бир ривоят билан якунлаймиз:

Ибн Симмадан нақл қилинади: “Бир куни у киши ўз нафсларини тафтиш қилиб ўтирган эдилар. Умрларини ҳисобладилар. Қарасалар, 60 йил умр кўрибдилар. Бу йилларни кунларга бўлиб чиқдилар. 21500 (йигирма бир минг беш юз) кун чиқди. Натижани кўриб қичқириб юбордилар ва: “Ҳолимга вой! Фалокат! Аллоҳга 21000 (йигирма бир минг)та гуноҳ билан рўбарў бўламанми?! Агар ҳар куни ўн мингтадан гуноҳ қилган бўлсам, унда ҳолим нима кечади?!” дедилар-да, хушларидан кетиб йиқилдилар. Кейин қарашса, ўлиб қолган эканлар. Шунда бир кишининг: “Эҳ, сиз олий фирдавс жаннатига қанчалар тез югуриб ўтиб кетдингиз-а!” деганини ҳамма эшитди”.

Имом Ғаззолий ушбу ривоятга қўшимча тарзда шундай дейдилар: “Банда ўз нафсини мана шундай муҳосаба қилиши керак. Қилган гуноҳларини ҳар соатда қалби ва аъзолари билан ўйлаб надомат қилиши керак. Агар банда ҳар бир гуноҳ қилган пайтда уйига биттадан тош ташлаб қўйса, тез кунда уйи умрига тенг миқдордаги тошларга тўлиб кетади. Лекин банда қилган гуноҳларини ҳеч эсламайди. Эсидан чиқариб юборади. Икки фаришта эса ҳаммасини ёзиб, ёдлаб боради. Аллоҳ таоло бу ҳақида шундай деган: “У (амаллар)ни Аллоҳ ҳисоблаб қўйган. Улар эса унутиб юборганлар” (Мужодала, 6)”.

 

 

Интернет маълумотларидан фойдаланиб

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

2778 марта ўқилди

Мақолалар

Top