Асл исми Рамла бўлган Умму Ҳабиба ҳижратдан йигирма беш йил аввал, яъни, Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) рисолат масъулияти тушишидан ўн уч йил олдин Абу Суфён оиласида туғилди. У насл-насаби юксак, жуда бой ва гўзал қиз эди. Ҳамманинг кўзи унда, маккалик йигитлар унга уйланиш учун мусобақалашишар эди. Унинг гўзаллиги отасининг қурайшийлар орасидаги мавқеини янада юксалтирган эди. Бундан ташқари, диний илмларга рағбати бор эди. Насроний Варақа ибн Навфалдан айрилмасди. Варақа жоҳилият давридаёқ бутлардан нафратланиб, улардан юз ўгирган эди. Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳонинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга турмушга чиққанларидан сўнг вафодор, иймонида собит эканини ва динга садоқатини кўрсатувчи бир воқеа содир бўлди. У бир иймонли аёл, бунинг устига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг завжаси... Иккинчи ёқдан, отаси ҳайбат ва ҳурмат-эътибор соҳиби, Қурайшнинг улуғларидан, аммо кофир ва мушрик... Тақдирида отаси Абу Суфён билан юзма-юз келиш ҳам бор экан... Ҳудайбия сулҳи имзоланганидан сўнг Қурайшнинг иттифоқчиларидан Бани Бакр бу сулҳни бузди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга иттифоқчи бўлган Хузоъа ўғилларидан бир киши у зотдан ёрдам сўраб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга ёрдам беришга ваъда қилдилар ва ишонч билдирдилар. Қурайшнинг раиси Абу Суфён вазиятнинг нима билан тугашини тушуниб етди. Дарҳол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан сулҳни собит тутиш мақсадида Мадинага қараб йўлга тушди. Мадинага келгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ўрталарида воситачилик қилишини сўраб, қизи Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳонинг олдига кирди. Энди ўтирмоқчи бўлганида қизи кўрпачани тахлаб, олиб қўйди. Абу Суфён сўради:
— Эй қизим, мени бу кўрпачага лойиқ кўрмаяпсанми ёки уни менга лойиқ кўрмаяпсанми?
— Сизни кўрпачага лойиқ кўрмаяпман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўрпачаларида мушрик одам ўтиришини хоҳламадим.
— Валлоҳи, сенга бир ёмонлик етган кўринади, қизим.
— Йўқ, аксинча, Аллоҳ таоло мени ҳидоятга бошлади. Эй ота, сиз Қурайшнинг саййиди ва буюгисиз. Қандай қилиб кўрмайдиган ва эшитмайдиган бутларга ибодат қиласиз? Нима учун Исломни қабул этмайсиз? Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо фақат Аллоҳ ва Расулини севишини, улардан бошқасини севмаслигини айтиш билан, отасининг салтанат ва азаматидан қўрқмай, унинг имон ва куфр орасидаги ўрнини буюк бир жасорат билан танитган эди. Абу Суфён бу сўзларни эшитиб, ғазабидан тутақиб кетди. Жаҳл билан кўчага чиқди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига борди. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни рад этдилар ва тарафкашлигини қабул қилмадилар. Охир-оқибат Абу Суфён ҳеч қандай натижага эриша олмай, Маккага қайтди. Хотини Ҳинд бинти Утба уни айблаб:
— Қавминг элчилигини яхши бажаролмадинг, хайрли хабар келтирмадинг, - деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо билан отаси ўртасидаги суҳбат ҳақида эшитгач, унга ҳурматлари янада ортди. Динга ва Пайғамбар аҳлига ҳурмат ва эъзоз қўрсатганининг мукофоти ўлароқ, уни янада кўпроқ икром этдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларидан сўнг Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо онамиз хонаи саодатда қолдилар. Бутун мусулмонлар уни эъзозлашар эди. Бу ҳурматнинг сабаби Пайғамбаримизга бўлган улуғ садоқатдан эди. Халифалар уни зиёрат қилгани келишар, рўзғорига ёрдамлашар, керакли ёрдамни аяшмас эди. Қанчалик фитналар зуҳур этса ҳам, Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо на сўз, на феъл билан ҳеч бирига қўшилмади. Аксинча, мусулмонларни бир сафда ва ягона дин йўлида бирлашишга, Аллоҳга боғланиб, Унинг мустаҳкам арқонидан қаттиқ ушлашга даъват этди. Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо доно, вазмин ва жиддий аёл эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган кўплаб ҳадисларни ривоят қилиб, исломий илмнинг юксалишига ҳиссасини қўшди.
Саидаброр Умаров