Мақолалар

Мўминаларга ибрат мўминалар. Ҳазрати Маймуна онамиз  (розияллоҳу анҳо)

Ҳазрати Маймунанинг (розияллоҳу анҳо) Исломни қабул қилиши дин учун ҳам мусулмонлар учун ҳам хайр ва барокат василаси бўлди. Чунки унинг мусулмон бўлиши узоқ йиллардан бери Исломга қарши уруш эълон қилган баъзи кишилардан жаҳолат пардасини кўтарди, кин ва кибр билан тўла қалбларни тозалади. Ҳазрати Маймуна (розияллоҳу анҳо) Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уйланган энг сўнгги аёлдир. У пайғамбар хонадонида яшаган қисқа даврда кўнгилга оғир ботувчи ҳеч қандай воқеа рўй бермади. Ҳазрати Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг вафотларидан кейин унинг бутун ҳаёти Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хотираларига ҳурмат ва тақво билан яшашнинг гўзал бир рамзи бўлди. Маймуна онамиз мусулмон бўлган, аммо имонини яширин тутарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва асҳоблари бир қуёшдек Макка уфқларидан кўтарилгач, у жасоратланиб, Аллоҳга имон келтирганини ҳаммага билдирди. Бу хайрли воқеадан сўнг, Маймуна (розияллоҳу анҳо)  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга завжа бўлиш истагида Аббос ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳуни элчи қилиб юборди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унинг истагини қабул этдилар ва унга маҳр сифатида 400 дирҳам бердилар. Ҳудайбия сулҳида кўрсатилган уч кунлик муҳлат битди. Қурайшликлар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга элчи юбориб: “Маккада қолиш пайтинг тугади, энди чиқиб кет”, дедилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кулимсирадилар ва: “Мени ўз ҳолимга қўйинг. Ундан кўра бир тўй қилиб, сиз учун таом ҳозирлатсам ва тўйимга сиз ҳам келсангиз бўлмайдими?“ дедилар. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Маймуна розияллоҳу анҳога  уйланишлари сабабли Маккада қолиш муддатини узайтирмоқчи ва қурайшликлар билан қайта битим тузишни мўлжаллаган эдилар.Тўй учун дастурхон тузалди. Курайшнинг улуғлари таклиф этилди. Улар таклифни қабул этмадилар.

— Сенинг амалингга бизнинг эҳтиёжимиз йўқ. Тезроқ чиқиб кет, — дедилар.

Улар бу гапларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Маккада уч кундан ортиқ қолишларидан қўрқишларини яшириш учун айтдилар. Зеро, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг зиёратлари баъзи кишиларнинг ақли ва руҳига таъсир қилгани кўрина бошлаган эди. Масалан, Маймуна (розияллоҳу анҳо)  ҳаммадан яшириб келган иймонини мусулмонлар Маккага киришлари биланоқ очиқ эълон этди. Устига-устак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга завжа бўлди. Бу ҳол мушрикларни ғазаблантирган эди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ушбу мажлисда Маймуна розияллоҳу анҳога уйланганларини эълон қилдилар. Аммо Ҳудайбия сулҳига амал қилиб, жарчини чақириб, дарҳол Мадинага қайтишни эълон қилишни буюрдилар. Маккадан ўн мил узоқликдаги Сараф деган жойга келганларида Маймуна (розияллоҳу анҳо) билан гўшангага кирдилар. Маккадан чиқаётганларида Маймуна онамиз ҳайқириб қурайшийларни мусулмон бўлишга чақирди. Унинг овози қурайшийларга кучли таъсир қилди. Холид ибн Валид шундай деди: “Энди ҳар бир ақли жойида бўлган одамга очиқ аён бўлдики, Муҳаммад асло сеҳргар ё шоир эмас! У оламлар Роббисининг каломи билан гапиради”. Икрима ибн Абу Жаҳл унинг бу гапларига қўшилмади, Бадрда ўлдирилган яқинларини эслаб, унга қарши чиқди. Холид ибн Валид унга шундай жавоб берди: “Бу сўзларинг жоҳилият иши ва ғуруридандир. Лекин мен, валлоҳи, ҳақ менга аён бўлган замон мусулмон бўлдим...”

Холид ибн Валид Амр ибн Ос билан бирга Мадинага бориб, Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) байъат қилдилар. Уларнинг мусулмон бўлиши билан Ислом янада қувватланди. Шубҳа йўқки, Маймуна онамизнинг  очиқ мурожаат этиши қурайшдан бир қанча кишиларнинг Исломга киришларига катта таъсир кўрсатган эди. Маймуна (розияллоҳу анҳо) Мадинага келганидан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг покиза хонадонларида қадрли завжа бўлиб яшади. Мусулмонлар учун фазилатли она бўлди. Итоатли, самимий, вафодор аёл сифатида завжалик вазифаларини адо этди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга Ҳамза ибн Абдулмутталибдан бева қолган опаси Салма билан бирга яшашга изн бердилар. Кейинчалик унинг турмуш қурмаган синглиси Умара ҳам шу хонадонда қолди.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг катта қизлари Зайнаб вафот этган йили Маймуна ҳали йигирма беш ёшда эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга тасалли бериб, имкони борича дардларига малҳам бўлиш ҳаракат қилди.

 

Саидаброр Умаров

4499 марта ўқилди

Мақолалар

Top