Мақолалар

Саҳар вақти истиғфор айтинг

(Улар) сабрли, садоқатли, итоатли, саховатли ва саҳар чоғларида (Аллоҳдан) мағфират сўрайдиган кишилар эди” (Оли Имрон сураси, 17-оят).

(Улар) сабрли...”. Мўмин банда машаққатларга сабр қилади. Аллоҳнинг ҳукмига рози бўлади. Имом Қуртубий оятда келган сабр ҳақида: “Гуноҳ ва масъиятлардан тийилишда сабр қилиш”, деса, баъзилар: “Итоатда сабрли бўлиш” дейди.

“...садоқатли...”. Садоқатли кишилар – имонда мустақим турувчилар, динда собит қадам бўлувчилар. Уларнинг содиқлиги айтаётган сўз ва бажараётган амалида намоён бўлади.

“...итоатли...”. Доимо Аллоҳга ибодатда бўлиш, ёлғиз Ўзигагина илтижо қилиш диннинг мағизи ва руҳидир.

“...саховатли...”. Аллоҳ учун инфоқ-эҳсон қилувчилар, одамларга меҳр-мурувват кўрсатувчилар, ҳадя улашувчи саховатпешалар.

Аллоҳ таоло сабрли, ростгўй, итоаткор, саховатли бандаларини бирма-бир зикр этиб, саҳарда истиғфор айтувчиларни алоҳида мадҳ этади: “...саҳар чоғларида (Аллоҳдан) мағфират сўрайдиган кишилар эди”.

Тун қоронғу кечасининг тонг ёғдусининг илк нурлари билан уйғунлашган лаҳза саҳар вақтидир. Бу пайт дуо қабул бўладиган улуғ фурсатдир. Луқмони Ҳаким ўғлига қилган насиҳатларидан бирида: “Эй ўғлим, хўроз сендан чаққонлик қилиб, саҳар чоғида сен уйғонмай туриб қичқирмасин”, деган экан (Абул Барокот Насафий. Мадорикул танзил ва ҳақоиқул таъвил).

Яқуб (алайҳиссалом)га фарзандлари: “Эй, ота, (Аллоҳдан) бизларнинг гуноҳларимизни мағфират қилишини сўранг! Албатта, бизлар хато қилувчилардан бўлган эканмиз” (Юсуф сураси, 97-оят) дейишганда, Яқуб (алайҳиссалом): “Албатта, Раббимдан сизларни мағфират қилишини сўрайман. Албатта, У Ғафур (мағфиратли) ва Раҳим (раҳмли)дир” (Юсуф сураси, 98-оят) деб истиғфор айтишни саҳар вақтига қолдирганлар (Тафсирул Қуртубий, Тафсир ибн Касир).

Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу) кечани ибодат билан ўтказарди. Нофеъ (раҳматуллоҳи алайҳ)дан саҳар вақти бўлди-ми? деб сўрарди. Агар ҳа деган жавобни олса, тонггача дуо ва истиғфор билан машғул бўларди (Ибн Абу Хотим ривояти).

Ибн Жарир (раҳматуллоҳи алайҳ) Иброҳим ибн Ҳатиб (раҳимаҳуллоҳ)дан ривоят қилади: «Саҳарда масжид яқинида бир мўминнинг истиғфор айтатуриб: “Аллоҳим буюрдинг, итоат этдим. Гуноҳларимни кечир” деяётганини кўрдим».

Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) “...саҳар чоғларида (Аллоҳдан) мағфират сўрайдиган кишилар”ни Аллоҳдан гуноҳларини кечиришини сўраб истиғфор айтувчилар” деб тавсифласа, Қатода (розияллоҳу анҳу): “Улар саҳар вақтида намоз ўқувчилар”, деган (Тафсирул Қуртубий).

Аллоҳ таоло бошқа оятда жаннатдаги тақводор бандаларининг сифатини келтирганида ҳам саҳарда истиғфор айтувчиларни алоҳида васф этади: (Улар) туннинг озгина (қисмидагина) ухлар эдилар. Саҳарларда улар (Аллоҳдан) мағфират сўрар эдилар” (Зориёт сураси, 17-18 – оятлар).

Набий (алайҳиссалом) қудсий ҳадисларнинг бирида: “Албатта, Аллоҳ таоло ҳар куни кечанинг учдан бири қолганда дунё осмонига тушади ва тонг отгунча “Тавба қилувчи борми? Тавбасини қабул қиламан, истиғфор айтувчи борми? Мағфират қилиб, гуноҳини кечаман? Сўровчи борми, сўраганини бераман”, дейди”, деганлар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Жаброил (алайҳиссалом)дан: “Кечанинг дуо қилиш учун мақбул ва дуолар тез ижобат бўладиган энг афзал вақти қайси?” деб сўрадилар. Шунда Жаброил (алайҳиссалом): “Саҳар вақтидан бошқа пайтларда Аршнинг ларзага келганини кўрмадим”, деди (Тафсирул Мунир).

Саййидул истиғфор деб номланган ушбу дуо энг афзал истиғфор калимларидан ҳисобланади: “Аллоҳумма анта Роббий лаа илаҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала аҳдика ва ваъдика мастатоъту. Аъузу бика мин шарри ма сонаъту, абуу лака би неъматика алаййа ва абуу бизамбий фағфирлий зунубий фаиннаҳу лаа йағфируз-зунуба илла анта бироҳматика йа Арҳамар Роҳимийн” (Аллоҳим! Сен менинг Роббимсан. Сендан бошқа илоҳ йўқ, фақатгина Сен борсан. Мени Сен яратдинг. Шубҳасиз, мен Сенинг бандангман. Кучим етгани қадар Сенга берган сўзимда туришга ҳаракат қиляпман. Ё Роббий, қилаётган гуноҳларимдан Сендан паноҳ тилайман. Менга лутф этган неъматларингни эътироф қиламан. Гуноҳларимни ҳам эътироф этаман. Ё Роббий! Мени мағфират эт. Зеро, Сендан бошқа мени мағфират қиладиган илоҳ йўқ).

Бу истиғфор ҳақида Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳар ким ихлос билан, савоб ва фазилатига ишонган ҳолда, бу дуони эрталаб ўқиб, оқшомга етмай вафот этса, жаннатга киради. Агар савоб ва фазилатига ишонган ҳолда ихлос билан оқшом ўқиб, тонгга етмай вафот этса, у ҳам жаннат аҳлидандир”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Саҳарда истиғфор айтиш нафақат гуноҳлардан фориғ бўлиш, балки қут-баракага ҳам ноил этади. Чунки Набий (алайҳиссалом): “Саҳарда туринглар, чунки саҳарда барака бордир”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Аллоҳ таоло гуноҳларимизни мағфират этадиган, устимизга файзу барака ёғиладиган қулай фурсат – саҳар вақтини ғанимат билиб, унинг фазилатидан тўлиқ баҳраманд бўлишга интилайлик. Бунда Аллоҳ таоло барчамизга тавфиқ ато этсин.

Даврон НУРМУҲАММАД

4152 марта ўқилди

Мақолалар

Top