Мақолалар

Жаннатдаги энг олий неъмат.

Аллоҳнинг розилиги жаннатдан афзалдир. Бу ҳақида Абу Саид Худрийдан (р.а.)  ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Аллоҳ таоло жаннат аҳлига: "Эй аҳли жаннат!" дейди. Улар: "Лаббай, Раббимиз...ҳамма яхшиликлар қўлида бўлган Зот", дейдилар. Аллоҳ таоло: "Рози бўлдингизми?" деб сўрайди. Улар: "Қандай қилиб рози бўлмайлик, Парвардигор?! Ҳолбуки, бандаларингдан ҳеч кимга бермаган нарсангни бизга бердинг", дейдилар. Аллоҳ: "Сизларга бундан ҳам афзалроғини берайинми?" дейди. Улар: "Парвардигоро, бундан ҳам афзал нарса нима экан?" дейдилар. Шунда Аллоҳ: "Сизларга розилигимни ҳалол қилдим, бундан кейин сизларга ҳеч ҳам ғазаб қилмайман", дейди" (Бухорий ривояти).    Шу маънодаги узун ҳадисни Имом Муслим ҳам келтирган.

Жаннат аҳлининг Аллоҳ таолони кўриши энг катта    неъмат экани ҳақида Суҳайбдан (р.а.) ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Жаннат аҳли жаннатга киргач, Аллоҳ таборака ва таоло: "Сизларга яна бир нарсани зиёда қилишимни хоҳлайсизларми?" деб сўрайди. Улар: "Юзимизни ёруғ қилмадингми? Жаннатга киргизмадингми? Бизга дўзахдан нажот бермадингми?" дейишади. Шунда парда очилади, бас, уларга Парвардигорлари азза ва жаллани кўришдан ҳам суюклироқ бирор нарса берилмайди". Бошқа ривоятда:  "Сўнг ушбу: "Чиройли амал қилган зотлар учун чиройли оқибат ва зиёда неъматлар бордир" (Юнус, 26), оятини ўқидилар", дейилади.  (Муслим ривояти).

Расулуллохдан (с.а.в.): "Чиройли амал қилган зотлар учун чиройли оқибат ва зиёда неъматлар бордир" ояти ҳақида сўрашди. Шунда у зот айтдилар: "Жаннат аҳли жаннатга, дўзах аҳли дўзахга киргач, нидо қилгувчи: "Эй аҳли жаннат, сизлар учун Аллоҳнинг ҳузурида ваъда бор, уни    сизларга   тўлиқ   қилиб   бермоқчи",   деб    нидо    қилади.   Улар: "Юзларимизни ёруғ, мезонимизни оғир қилмадими, дўзахдан бизга нажот бермадими?" дейишади. Шунда парда очилади ва Унга қарашади". Аллоҳга қасамки, Аллоҳ таоло уларга Ўзининг юзига қарашдан ҳам суюклироқ, кўзларига қувончлироқ нарса бермади" (Насоий ривояти).

Абу Довуд Таёлисий ҳам бу ҳадисни тахриж қилган: Суҳайб
розияллоху анху айтадилар: "Расулуллоҳ соллаллоқу алайҳи ва саллам: "Чиройли амал қилган зотлар учун чиройли оқибат ва зиёда неъматлар бордир", оятини тиловат қилиб дедилар: "Жаннат аҳли жаннатга кирса, нидо қилгувчи: "Эй аҳли жаннат, сизлар учун Аллоҳ таолонинг хузурида ваъда бор", деб нидо қилади. Улар: "У нима экан? Дарҳақиқат, юзимизни ёруғ, мезонимизни оғир қилиб, бизни жаннатга киргизди-ку?" дейишади. Бу уларга уч марта айтилади. Сўнг Аллоҳ таборака ва таоло уларга тажаллий қилади, бас, улар Унга қарайдилар. Бу нарса уларнинг ҳузурида берилган нарсаларнинг энг улуғи бўлади".

Имом Аҳмад  ва Муслим Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: "Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи ва салламдан: "Чиройли амал қилган зотлар учун чиройли оқибат ва зиёда неъматлар бордир", ояти ҳақида сўрашди, бас, айтдилар: "Дунёда чиройли амал қилтан зотлар учун чиройли оқибат — жаннатдир, зиёда неъмат эса Аллоҳ таолонинг жамолига қараш".

Ибн Муборак зикр қилади: Абу Бакр Ҳилолий деди: "Абу Мусо Ашъарийдан Басрада ушбу хутбани эшитдим: "Аллоҳ таоло қиёмат куни жаннат аҳлига фаришталарини юборади. Улар: "Аллоҳ сизларга ваъдасини тўлиқ қилиб бердими?" дейди. Жаннат аҳли шунда қарашади, зийнат, кийим-кечак, мевалар, дарёлару гўзал-пок аёлларни кўриб: "Ҳа, Аллоҳ бизга ваъдасини тўлиқ қилиб берди", дейди. Фаришталар: "Ваъда қилган нарсасини сизларга тўлиқ бердими?" дея уч марта сўрайди. Улар атрофларига қараб, ваъда қилинган нарсалардан бирор нарса қолмаганини кўриб, ҳар сафар: "Ҳа", дейдилар. Шунда фаришталар: "Сизлар учун бир нарса қолди, албатта, Аллоҳ таоло айтганки: "Чиройли амал қилган зотлар учун чиройли оқибат ва зиёда неъматлар бор", деб. Огоҳ бўлинглар! Чиройли оқибат — жаннат, зиёда неъмат — Аллоҳ таолога қараш".

Юқоридаги Насоий, Абу Довуд ва Ибн Муборак зикр этган ҳадислар Муслим ривоят қилган ҳадисни шархлаб келган. "Аллоҳ таоло айтди", дегани "Аллоҳнинг фариштаси айтди", деган маънода. "Сизларга яна бир нарсани зиёда қилишимии хоҳлайсизларми?" дегани фаришталарнинг: "Аллоҳ сизларга зиёда қилишни хоҳлайсизларми?" деганидир. "Шунда парда очилади", деган сўз: "Кўзлари етишидан тўсиб турган монеълар кўтарилади ва улар Аллоҳ таолони буюклик, улуғлик, камолот, қудрат, олийлик ва жамол сифатлари билан кўради, Аллоҳ таоло ботил фирқалар сифатлаган нуқсонлардан покдир", деган маънода. Бу ердаги парда махлуқларга тегишли, Яратувчига эмас. Махлуқлар тўсилгандирлар. Аллоҳ таоло тўсилишдан пок ва улуғ зот. Зеро, тўсилиш ҳиссий нарсалар билан ўраб олинишдир. У бизнинг сифатимиз. Лекин Аллоҳ таолонинг махлуқлар кўзи ва идрокидан тўсилиши Аллоҳ хоҳлаган нарса ва хоҳлаган кайфиятда бўлади.

Саҳиҳ ҳадисларда ривоят қилинишича, Аллоҳ таоло агар бандаларига тажаллий этиб, кўзларидан пардалар кўтарилса, Аллоҳнинг жамолини кўрсалар, анҳорлар қуйилади, дарахтлар тизилади, сўри-ю болахоналар шовқин билан овоз беради, булоқлар шилдирайди, ҳаяжонлантирувчи шамол эсади, ҳовли-ю қасрлардан янада кучлироқ мушк ва кофур таралади, қушлар сайрайди ва ҳурлардан янада ёришади. Бу хабарни Абул Маъолий "Ар-рад" китобида келтириб, "Буларнинг барчаси Аллоҳнинг қадари билан", дейди.

Аллоҳ таолони кўриш ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Икки жаннат бор, уларнинг идишлари-ю бошқа нарсалари кумушдан ясалган ва яна икки жаннат бор, уларнинг идишлари-ю бошқа нарсалари тиллодан ясалган. Адн жаннатида қавм билан Парвардигорлари ўртасида унга назар солмоқларига улуғлик пардасигина монеълик қилиб туради" (Муслим ривояти).  .

Жарир ибн Абдуллохдан ривоят қилинади: "Кечаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ўтирган эдик. Шунда у зот ўн тўрт кечалик ойга қараб дедилар: "Албатта, сизлар у дунёда Раббингизни худди мана шу ойни кўргандек кўрасиз. Уни кўришда бир-бирингизга халал бермайсиз. Агар қуёш чиқишидан ва ботишидан илгариги намозларни шайтонга бой бермасликка қодир бўлсангиз, ўқингиз!" Сўнг: "Ва қуёш чиқишидан илгари ва ботишидан аввал Парвардигррингизга ҳамду сано айтиш билан (У зотни) покланг — намоз ўқинг!" (Қоф, 30) деган оятни тиловат қилдилар" (Бухорий, Муслим ривояти).

Абу Довуд Уқайлийдан ривоят қилади: "Мен: "Эй Расулуллоҳ(с.а.в.), ҳар биримиз қиёмат куни Аллоҳни очиқ-равшан кўрамизми?" деб сўрадим. У зот: "Ҳа”, дедилар. "Махлуқлари устида бунинг белгиси борми?" деб савол қилдим. "Эй Абу Розин, сизларнинг ҳар бирингиз кечаси ўн тўрт кунлик ойни очиқ-равшан кўрасизларми?" дедилар. Мен: "Ҳа", деб жавоб қилдим. у зот: "Аллоҳ таоло буюкдир. Ой ҳам Аллоҳнинг бир махлуқидир. Бас, Аллоҳ буюкроқ ва улуғроқдир", дедилар".

Муслим ривоятидаги: "Улуғлик пардасигина монеълик қилиб туради", сўзидаги "парда" истиъора бўлиб, Аллоҳнинг улуғлиги ва буюклигидан киноя қилиб келтирилган. Буни Абу Ҳурайра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ҳадиси қудсий очиқ баён этади: "Аллоҳ айтди: "Улуғлик изоримдир, кибриё ридоимдир..." Бу билан икки сифатни баён этди. "Улуғлик пардаси" деганда улуғлик сифатини ирода қилди. У зот ўзининг улуғлиги ва буюклиги билан қиёматдан олдин ҳеч ким Уни кўришини хоҳламади. Қачон қиёмат бўлиб, жаннат   аҳлига    Адн    жаннатига    киришга    изн    берилгачгина   Уни кўришларини хоқлади. Бас, улар Адн жаннатида У зотни кўрадилар. Бу маънони Байҳақий ва бошқалар айтишган.      

Улуғлик ва буюклиқдан истиъора қилинган ридо ва изор ҳис қилинадиган кийим жинсидан эмас, албатта. Бу фақатгина ўхшатиш, холос. Чунки ридо ва изор инсон учун махсус нарсалардан бўлиб, уларга тушунарли бўлиши учун шундай ишлатилди. Аммо бу сифатларда Аллоҳ таолога ҳеч ким шерик бўла олмайди. Ҳадиснинг охирида ҳам: "Ким у иккисидан бири устида Мен билан тортишса, уни ёниб турган жаҳаннамга киргизаман", дейилган.

Жаннат аҳлига Аллоҳ таолонинг саломи ҳақида Жобир розияллоху анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васалам айтдилар: "Жаннат аҳли ўзларига ваъда қилинган ноз-неъматлар ичида роҳат-фароғатда эканлар, баногоҳ, устларида бир нур пайдо бўлади. Шунда Аллоҳ таоло: "Ассалому алайкум, эй аҳли жаннат", дейди. Бу ҳол Аллоҳ таолонинг: "(Уларга) меҳрибон Парвардигор томонидан салом айтилур" (Ёсин, 58), деган сўзининг тасдиғидир. Уни кўрганларида жаннатнинг барча неъматларини унутадилар, токи тўсилгунича шундай бўлади. Қачон Аллоҳ улардан тўсилса, Унинг нури ва баракоти улар билан қолади".

"Баногоҳ устиларида..." деган сўздан мурод Аллоҳнинг олийлигидир. Зеро, Аллоҳ таоло жой ва манзилдан иборат макон билан сифатланмайди. У олийлик ва улуғлик жиҳатидан сифатланади. "Уни кўрганларида, жаннатнинг барча неъматларни унутадилар", деганида Аллоҳнинг жамолига қараш лаззати билан машғул бўлиб қолишлари тушунилади. Чунки Унинг жамолини кўришдан афзал нарса йўқ, Аллоҳ таолонинг тажаллисига ҳеч нарса баробар бўла олмайди. Агарда Аллоҳ таоло уларни собит ва боқий қилмаганида эди, уларга ҳам тоғ билан содир бўлган нарса воқеъ бўлур эди. Зеро, Аллоҳ таоло тоққа тажаллий қилган пайтда, у парча-парча бўлиб, қумга айланиб кетган эди.

"Қачон Аллоҳ улардан тўсилса", деганининг маъноси, Аллоҳ уларни унутиб қўйган жаннат неъматларига қайтарса ва улар яна ўзларига ваъда қилинган неъматлар ичида бўлиб, тайёрлаб қўйилган нарсалардан ором олишда давом этсалар, деганидир. Бироқ бу, улардан ғойиб бўлса, улар Аллоҳни яна унутади ва кўришдан тўсилиб, жаннат неъматлари билангина кифояланадилар, дегани эмас. Аллоҳ таоло уларни унутган нарсаларига қайтаради, айни пайтда уларни бошқа кўриб бўлмайдиган қилиб тўсмайди. Бунга ҳадисдаги: "Унинг нури ва баракоти улар билан қолади", деган жумла далолат қилади.

 

Аллоҳ таолони жамолини кўришлик барчамизга насиб қилсин!

 

Манбаалар асосида Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом-ноиби: Исломов Ёрбек тайёрлади

5166 марта ўқилди

Мақолалар

Top