Мақолалар

Руҳ ва нафс

Инсонда руҳ ва нафс бордир. Руҳнинг озуқаси шариатга мувофиқ бўлган барча амаллар бўлиб, кимки бирон шаръий амални қилса руҳ қувватланади. Мана шу сабабдан намоз ўқиб бўлгач руҳий таскинлик топилади.

  Нафснинг истаги эса шариатнинг хилофи бўлган нарсалар бўлиб, ўша амал сабаб нафси аммора қувватланади.  Намоз қазо бўлганида, қазони ўқимай юравериш, ўқиш қийин бўлиши ўша нафси аммора истаги бўлиб, у шундан қувватланаверади.

   Руҳ ва нафс бир-бирининг зидди бўлиб бирининг қувватланиши иккинчисини кучсизланиб,  қувватсиз бўлишига олиб боради.

Мусулмон киши ибодатларга қанча ҳарис бўлса, намозини вақтида ўқиса, закотини таъхирсиз адо қилса, садақотлари тўкис бўлса, Каламуллоҳ тиловатида бардавом бўлаверса, руҳи қувватланиб, нафси аммораси кучсизланаверади. Ибодатлар унга севимли бўлаверади.

  Кимки шаҳватига қул бўлиб, зинога гирифтор бўлса, ҳалол-ҳаром фарқига бормасдан луқмасига эътиборсиз бўлаверса, нафси кучайиб, руҳи қувватсизланаверади. Оқибатда ибодатлар унинг учун қийин, ёқимсиз бўлаверади.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилади: 

وَمَا أُبَرِّئُ نَفْسِي ۚ إِنَّ النَّفْسَ لَأَمَّارَةٌ بِالسُّوءِ إِلَّا مَا رَحِمَ رَبِّي ۚ إِنَّ رَبِّي غَفُورٌ رَّحِيمٌ  

«Ва ўз нафсимни оқламайман. Албатта, нафс, агар Роббим раҳм қилмаса, ёмонликка кўп ундовчидир. Албатта, Роббим мағфиратли ва билгувчидир», деди.  Юсуф сураси. 53 оят.

Мана бу муборак оятда Роббимиз жалла шаънуҳу бизларга нафси амморамиз ҳолатини баён қилиб,  Ўзи раҳм қилмаса ҳолимиз хароб бўлишини таъкидламоқда. Роббимизнинг  бизга раҳм қилиши эса,  шариатга мувофиқ амалларга муяссар қилиши билан бўлади.

Аллоҳ таоло барчамизни истиқомати шариатда маҳкам қилсин.

 

Имом Раббоний (қ.с)нинг

Мактубот китоби асосида

Суннатуллоҳ Абдулбосит тайёрлади.

7365 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Умр ғанимат Тунги меҳмон »

Мақолалар

Top