Ҳудҳуд бир умматнинг мусулмон бўлишига сабабчи бўлди.
Қуръони Каримнинг Намл сурасида Сулаймон алайҳиссалом билан Ҳудҳуд номли қуш ўртасида бўлиб ўтган суҳбат келтирилган. Ўша суҳбатда Ҳудҳуд Сабаъ мамлакати, ўша мамлакатга бир аёл маликалик қилиши, малика ўз қавми билан Қуёшга сиғинаётгани ҳақида хабар келтиради. Сулаймон алайҳиссалом Ҳудҳуд орқали ўша маликага бир мактуб юборадилар. Мактубда «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Менга қарши бош кўтармай, таслим бўлган ҳолингизда келинг» деб ёзилган эди. Мактубни ўқиган малика ўз аёнлари билан маслаҳатлашади. Аёнлар унга истаган ишини қилишини, нима деб буйруқ берса, улар шунга рози бўлишларини айтадилар. Малика Сулаймон алайҳиссаломга ҳадя юбориб, натижаси нима бўлишини кутади. Элчи Сулаймон алайҳиссаломнинг ҳузурларига келганида, у зот: «Сизлар менга мол-дунё ила мадад бермоқчимисиз?! Бас, Аллоҳ менга берган нарса сизга берган нарсадан яхшидир. Аммо сизлар ҳадяларингиз билан қувонурсиз. (Эй элчи!) Сен уларга қайтиб бор. Бас, албатта, Биз улар бас кела олмайдиган қўшин ила борурмиз ва у ердан уларни хору зор ҳолларида чиқарурмиз» дейдилар. Кейин малика Сулаймон алайҳиссаломнинг олдиларига қўшини билан келишга қарор қилади. Малика келгунича унинг Сабаъдаги тахти ўзидан олдин олиб келиб қўйилади. У келиб тахтини кўради-да «Худди ўшанинг ўзи» дейди. Кейин унга саройга кириши айтилганда, у биллурдан силлиқ қилиб ясалган саройга киради ва «Эй Роббим, албатта, мен ўзимга зулм қилиб юрган эканман, Сулаймон ила оламларнинг Робби– Аллоҳга мусулмон бўлдим!» деб айтади.
Шу тариқа Ҳудҳуд бир мамлакат аҳолисининг мусулмон бўлишига сабабчи бўлади.
Чумоли қўшин йўлини ўзгартириб қўйди.
Қуръони Каримнинг Намл сурасида Сулаймон алайҳиссалом билан чумоли қиссаси келтирилган. Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломга турли жонзотлар билан гаплаша олиш қобилиятини ато этган. Бир куни Сулаймон алайҳиссалом жин, инс ва қушлардан иборат ўз қўшинлари билан урушга кетаётганларида йўлдан чумолилар водийси чиқиб қолади. У зот бир чумолининг ўз қабиласига «Эй чумолилар, масканларингга киринглар, Сулаймон ва унинг аскарлари сизларни билмасдан эзиб юбормасинлар», деган гапини эшитадилар. Унинг гапини эшитиб табассум қиладилар ва қўшинга йўлни ўзгартириб, чумолилар водийсидан узоқлашишни амр этадилар. Шу билан чумолилар жамоаси ҳалокатдан қутулиб қолади.
Қарға инсониятга дафн қилишни ўргатди.
Қуръони Каримнинг Моида сурасида Қобил ва Ҳобил қиссаси келтирилган. Улар икковлари қурбонлик қилишганда, Ҳобилнинг қурбонлиги қабул қилиниб, Қобилники қабул қилинмайди. Бундан ғазабланган Қобил укаси Ҳобилни ўлдиради. Шундай қилиб, ер юзидаги илк жиноят инсонни ўлдириш, қотиллик бўлиб, Одам алайҳиссаломнинг шу икки ўғиллари ўртасида содир бўлди. Бу жиноятга Иблиснинг васвасаси, ҳасад, гина, адоват сабаб бўлган эди. Кейин Қобил қилган ишига надомат қилиб, энди нима қилсам экан деб ўтирганда, Аллоҳ таоло унга укасини қандай дафн этишни ўргатиши учун қарғани юборади.
Балиқ пайғамбарни қутқарди.
Юнус алайҳиссалом қавмларидан ғазабланиб, Найнаво қишлоғидан чиқиб кетадилар. Йўлда бир қавмга йўлиқиб, улар билан бирга кемага минадилар. Кема денгиз ўртасига етганда, бир томонга оға бошлайди. Кемадагилар нима қилишни ўйлаб-ўйлаб, охири бир кишини денгизга улоқтириш керак деган қарорга келадилар. Денгизга улоқтириладиган шахсни аниқлаш учун қуръа ташлашади. Қуръа Юнус алайҳиссаломга чиқади. Улар Юнус алайҳиссаломнинг яхши, солиҳ инсон эканликларини кўриб, шундай яхши одамни денгизга отамизми, келинглар, яна қуръа ташлаб кўрайлик дейишади. Бу сафар ҳам қуръа Юнус алайҳиссаломга чиқади. Учинчи сафар ташлаганларида ҳам шундай бўлади. Охири улар у кишини денгизга отишади.
Аллоҳ таоло у кишини ютиб юбориши учун бир катта балиқни юборади. Юнус алайҳиссалом балиқнинг қорнига тушганда, “Вафот этдимммикин” деб ўйлайдилар. Қарасалар, оёқ-қўллари ишлаяпти, ҳеч қаерлари синмаган, зарар ҳам етмаган. Дарҳол Аллоҳ таолога сажда қилиб, шукр келтирадилар ва тинмай тасбеҳ айтадилар. Шу тарзда балиқ қорнида Аллоҳ хоҳлаганича муддат турадилар. Бу муддат давомида “Сендан ўзга Илоҳ йўқ, Сен поксан, албатта, мен золимлардан бўлдим”, деб нидо қилдилар. Кейин Аллоҳ таолонинг амри билан балиқ у кишини бир қирғоққа отади. Аллоҳ таоло оятда бундай деган: “Агар у кўп тасбиҳ айтгувчилардан бўлмаганида эди. Унинг қорнида қайта тирилтирадиган кунгача қолиб кетар эди”.
Ҳа, балиқ у кишини ейиш, ўлдириш учун эмас, балки қутқариш учун ютиб юборган эди. Шу тарзда Аллоҳ таоло у кишини денгизга ғарқ бўлишдан ва ғамдан қутқарди.
Фил Каъбани бузишдан бош тортди.
Яман волийси Абраҳа бир каниса қурдиради ва барча араблар Каъбани эмас, ўша канисани тавоф қилишларини истайди. Араблар бундан бош тортиб, асло қиблани ўзгартирмасликларини айтишади. Бундан ғазабланган Абраҳа Каъбани бузишга қарор қилади ва катта қўшин билан Макка сари йўлга тушади. Қўшиннинг энг олдида Маҳмуд исмли катта фил ҳам бор эди. Ушбу фил Маккага юришдан бош тортади. Абраҳа уни қаттиқ уради. Фил барибир юрмайди. Яман томонга юзини бурсалар, югуриб юра бошлайди. Аммо Маккага юришга ундасалар, тўхтаб олар эди. Шу пайт бир тўда Абобил номли қушлар келади. Ҳар бир қуш икки чангалида ва тумшуғида сопол тошчалар олиб келиб, Абраҳа ва унинг қўшини устидан ота бошлайди. Кўп ўтмай Абраҳа ва унинг аскарлари ҳалок бўлади. Бу қисса Қуръони Каримдаги Фил сурасида баён қилинган.
Аллоҳ таоло ушбу сурада бундай деган:
“Роббинг фил соҳибларини қандоқ қилганини билмадингми? Уларнинг макру ҳийласини зое кетказмадими? Ва уларнинг устига тўп-тўп қушларни юбормадими? Лойдан пиширилган тошларни отадиганларни? Бас, уларни қурт еб ташлаган ўсимликка ўхшатиб юбормадими?”
Азизлар! Ўзингиз гувоҳи бўлганингиздек, Аллоҳнинг амрига барча жонзотлар итоат қилишади. Бунинг айрим мисоллари юқорида кўриб чиқдик. Аммо барча жонзотлардан мукаррам ва ҳурматли қилиб яратилган инсон баъзида бандалигини унутиб, ҳою ҳавас ва нафсининг истаклари кетидан юради. Ибодатларда сусткашликка йўл қўяди.
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин!
Нозимжон Иминжонов тайёрлади