Мақолалар

Қабримиз кенг бўлиши учун ҳаракат қилайлик!

Бу кийик чеккан азоб ва машаққат миқдорини ўйлаб кўрайлик!

У икки қоя орасига қисилганча, қимир этолмай ўлимни кутган. Қанча турган, қанча кутган, билмаймиз? Лекин ҳар ҳолда абадий турмаган, 500 йил турмаган. Маълум муддатдан кейин вафот этиб, чириган.

Аммо қабрда қиёматга қадар турилади. Бу муддат қанчалигини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. 

Кийик тош орасида қисилиб қолгач, очликдан, ташналикдан вафот этган. Вафот этгач, оғриқ нималигини билмайди.

Бироқ қабрда азобнинг, қабр сиқишинининг тўхташи деган нарса бўлмайди. Суяклар бир-бирига киришиб кетгач, инсондан азоб тўхтатилмайди. Улар яна жойига келади-да, азоб қайтадан бошланади. Бу жараён ҳамма қайта тириладиган Кун келгунича давом этади.

Қабр азобининг, фитнасининг ҳақлиги ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўплаб ҳадислар ривоят қилинган. Шундан бирини келтирамиз. 

عَنْ أَسْمَاءَ بِنْت أَبِي بَكْرٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا تَقُولُ قَامَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ خَطِيبًا فَذَكَرَ فِتْنَةَ الْقَبْرِ الَّتِي يَفْتَتِنُ فِيهَا الْمَرْءُ فَلَمَّا ذَكَرَ ذَلِكَ ضَجَّ الْمُسْلِمُونَ ضَجَّةً.

Асмо бинт Абу Бакр разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади, у аёл айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туриб, хутба қилдилар. Шунда инсоннинг бошига тушадиган қабр фитнасини зикр этдилар. Ўшани зикр қилган пайтларида мусулмонлар ўкириб юбордилар». Имом Бухорий ривояти.

Энди савол туғилади?

Хўш, қабримиз сиққанида ҳолимиз нима кечади?

Қанчалик азоб ва машаққат ичра қолишимизни ўйлаб кўрайлик!

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам доим Аллоҳ таолодан қабр азобидан паноҳ сўрар эдилар.

 وَلِلشَّيْخَيْنِ وَالنَّسَائِيِّ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَدْعُو: اللَّهُمَّ إِنِّي أَعُوذُ بِكَ مِنْ عَذَابِ الْقَبْرِ، وَمِنْ عَذَابِ النَّارِ، وَمِنْ فِتْنَةِ الْمَحْيَا وَالْمَمَاتِ، وَمِنْ فِتْنَةِ الْمَسِيحِ الدَّجَّالِ 

Икки Шайх ва Насаий ривоят қилган ҳадисда:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дуода: «Аллоҳим! Сенинг ила қабр азобидан, дўзах азобидан, тириклик ва ўлим фитнасидан ва Масийҳ Дажжолнинг фитнасидан паноҳ сўрайман», дер эдилар», дейилган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиб, ҳадисда айтилган нарсалардан, жумладан, қабр азобидан паноҳ сўрайлик!

Қабр азобидан қутулишимизга, қабримизнинг нурга тўлишига ва кенг бўлишига сабаб бўладиган солиҳ амалларга шошилайлик!

Эй Аллоҳ! Бизларнинг қабримизни Ўзинг кенг ва нурли қилгин ҳамда бизларни қабр азобидан, фитнасидан асрагин, омин! 

 

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

3199 марта ўқилди

Мақолалар

Top