Мақолалар

Бизда ҳам борми?

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган: “Батаҳқиқ, сизлар учун–Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди”. (Аҳзоб сураси 21-оят) Ҳақиқатда ахлоқлари Қуръон бўлган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламда бизнинг барча ишларимизга ечим бўладиган ибрат ва ўрнаклар бордир. Улардан бири “КАМТАРЛИК”дир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг камтарликлари барчани ажаблантирар эди. У зотнинг камтарликлари деганда: гўё руҳлари Аллоҳга ва нафслари охиратга кўчиб ўтгандай эди.

Мўминларга нисбатан камтарликлари эса, доимо ожизлари билан бирга бўлар, беморларини бориб кўрар, мискинларига хайрихоҳлик қилар эдилар. Бахтсиз, бечора ва фақирларга яхшилик қилар, заифлардан доим кўнгил сўрар эидар. Болалар ҳамда аҳллари билан ҳазиллашар ва ўйнар эдилар. Инсонлар билан бирга таомланар, кези келганда тупроқ устига ўтирар ва ерда ёки бўйро устида ётар эдилар. Доимо барчаси учун Аллоҳдан рози бўлар, шуҳрат, мартаба ва дунёвий ишлар мақсадида таъма қилмас эдилар. Инсонлар билан лутф ила суҳбат қурар, ғариблар билан эса муҳаббат ила гаплашар эдилар. Саҳобаларига табассум ила қараб: “Мен бир қулман. Қуллар егани каби ейман ва қуллар ўтиргани каби ўтираман”, дер эдилар. Агар бирор бир инсон у зотга қараганида ҳайбатларидан титроқга тушса: “Ўзингни тут. Мен ҳам Маккада қодийд (қуёш нурида қуритилган сур гўшт) еган бир аёлнинг ўғлиман”, дер эдилар. 

У зот одамларни ўзларига нисбатан улуғлашини ва мақташини яхши кўрмас эдилар. “Марям ўғли Исони насронийлар мақтаганидек мени ҳам мақтаманглар. Мен Аллоҳнинг бандаси ва Росулиман. Мени Абдуллоҳ ва Аллоҳнинг Росули денглар”, дер эдилар. 

У зотни кўриб саҳобаларни туришларини ва бошларига келиб тик туришларидан қайтарар эдилар. Одамлар жамланган жойга келсалар бўш жойга бориб ўтирар, одамлар орасида улардан бири бўлиб юрар ва одамлар уйларига таклиф қилсалар борар эдилар. “Агар куроъ (пиширилган қўй пойчаси)га чақирилсам борар эдим. Агар менга қўй ҳадия қилинса қабул қилар эдим”, дер эдилар.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо мискинларни яхши кўрар эдилар. “Аллоҳим мени мискин қилиб тирилтир ва мискин ҳолимда ўлдир ва мискинлар тўдаси билан бирга қайта тирилтир” деб, дуо қилар эдилар.

Кибр қилиш ҳаром дея ундан қайтарар ва аҳлларини кибрдан нафратлантириб, дер эдиларки: “Қиёмат кунида такаббурлар зар (арзимас нарса) суратида тирилтирилади. Уларни ҳар тарафдан хорлик ўраб олади”. Ва ушбу ҳадиси қудсийни ҳам ривоят қилар эдилар: “Кибриё менинг ридоим (кийимим)дир ва буюклик менинг изорим (кийимим)дир. Кимки уни мендан тортиб олса, мен уни дўзохга ташлайман”.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уй ишларига қарашар, оёқ кийимларини ўзлари таъмирлар, кийимларини ямар, уйларини супурар ва қўйларини соғар эдилар.

Шунингдек, таомни меҳмоннинг олдига суриб қўяр, зиёратчилар билан самимий суҳбат қуриб, улардан ҳол аҳвол сўрар эдилар. Агар шерик билан бирор жойга борсалар, маркабни минишда навбатма-навбат минишар, жундан бўлган кийим кияр ва арпадан бўлган нон ер эдилар. Кўпинча ялангоёқ юрар ва масжидда ухлар эдилар.

Бугунги кунда аксаримиз камтарлик деб номланмиш бу гўзал сифатдан қандайдир бир сабабларга кўра бироз узоқлашиб қолганмиз. Бу бизнинг нуқсонимиз албатта. Баҳоналаримиз шу қадар кўпки, баъзида баҳоналаримизни ҳақиқат деб билиб қоламиз. Шунинг учун баъзида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобалар ва буюк зотларни ишларини ўқиб ёки эшитиб қолсак, ажабланиб, буни қандай қилишган экан деб, ўйлаб ҳам қоламиз. Аслида инсон қилган ишни бошқа бир инсон ҳам қила олиши мумкинку. Демак, бунинг икки сабаби бор. Бири шу қадар дунёга берилиб кетганмизки, бу сифатни унитиб юборганмиз ёки ўта такаббур бўлиб кетганмиз.

Менинг фикримча Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни севган ҳар бир уммат у зот қилган ишларини қилишга интилади ва қилиб бўлгач хурсанд бўлади. Келинг азиз диндошим! Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни севишимизни у зот қилган ишларни қилиш билан исботлайлик ва фарзандларимизга ўрнак бўлалик.

Манбалар асосида “Шайҳ Зайниддин” жомеъ масжиди имом хатиби Абдурахманов Яҳё

3415 марта ўқилди

Мақолалар

Top