Мақолалар

«Сен учун водий тўла қизил туядан ҳам яхшироқдир»

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбар куни Али розияллоҳу анҳуни қўшинга қўмондон қилиб юбораётганларида шундай деганлар:

«Уларнинг майдонига шошилмай тушиб, уларни Ислом динига даъват қил, Аллоҳнинг ҳақларини уларга тушунтир. Бас, Аллоҳ номига қасамки, Аллоҳ таоло сен сабабли бир кишини ҳидоят қилиши сен учун водий тўла қизил туядан ҳам яхшироқдир».

Ислом оламининг катта устозларидан, дунёга машҳур қорилардан бири Шайх Абдулбосит Абдуссамад раҳимаҳуллоҳ тиловат қилганда, Аллоҳ таолонинг фазли билан Уганда давлатида 92 киши, Лос Анжелесда 6 киши, Нигерияда 70 киши, Жанубий Африка Республикасида жуда кўп инсонлар Ислом динига киришди.

Ҳа, бу Аллоҳ таолонинг улкан фазлу марҳаматидир.

Шайх Абдулбосит жуда кўп давлатларга ташриф буюриб, у ерда Аллоҳнинг Каломидан тиловат қилди.

У Ҳиндистонга борганда, Аллоҳнинг Каломини тинглаш учун минглаб одамлар ташриф буюришади. Шайх тиловатни бошламоқчи бўлганда, йиғилганларнинг ҳаммаси Қуръонни ҳурмат қилиб, поябзалларини ечиб оладилар.

Аллоҳ таоло Абдулбосит қорини раҳматига олсин, Қуръони Каримга қилган хизматларининг ажру савобини кўпайтириб берсин, зурриёдларимиздан у кишига ўхшаган Қуръон ҳофизларини кўплаб чиқарсин, омин!

  

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

3348 марта ўқилди

Мақолалар

Top