Мақолалар

Бетакроримсан, Ўзбекистоним!

Ҳар йили мустақиллик тадбирларини ўтказишдаги рамзий шиор барча юртдошларимизнинг қалбида акс-садо беради. Энг улуғ, энг азиз байрамнинг қутлуғ 25 йиллиги арафасидаги «Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!» эзгу шиори ҳам теран мазмунга эга. Унда ифодаланган сўзлар бизни фидойиликка, ватанпарварликка ундаб туради.

Бу йил қутлуғ байрамга тайёргарлик ўзгача. Одамларимизнинг кайфияти чоғ, уларнинг юз-кўзларида хурсандчилик, байрам руҳи сезилиб турибди. Маҳалладошлар билан суҳбатлашар эканмиз, кимдир томорқадан катта даромад олаётгани, яна кимдир тадбиркорларга яратилаётган шарт-шароитлардан унумли фойдаланиб, рўзғори бут, кўнгли хотиржам эканини айтарди. Яна кимнингдир ўғли чет элга грант асосида олий ўқув юртига ўқишга киргани, кимнингдир фарзанди спорт соҳасида халқаро миқёсда катта ютуққа эришганини айтиб, фахрланарди. Хуллас, муваффақиятга эришмаган оиланинг ўзи йўқ экан. Албатта, бундай фаровонлик учун, тўкин-сочинлик учун Яратганга шукр келтиришимиз, шундай юртда яшаш бахти насиб этганидан хурсанд бўлишимиз керак. Шу ўринда, жонажон диёримиз тараққиётига ҳар биримиз муносиб ҳисса қўшиб яшашимиз кераклигини ҳис қилмоғимиз даркор. Доно халқимиз бежизга, тома-тома кўл бўлур, демаган. Зотан, Ватанимизнинг гуллаб-яшнаши йўлидаги бирдамлигимиз, собитқадамлигимиз, амалий ҳаракатларимиз юртимизнинг бундан-да юксак марраларни қўлга киритишига хизмат қилади.

 Нуриллоҳ ЖАМОЛОВ, 

Наманган шаҳридаги

Яҳёхон тўра жомеъ масжиди имом хатиби.

4516 марта ўқилди

Мақолалар

Top