Мақолалар

Исириқ кўздан асрамайди!

Араб тилида ширк сўзи «икки нарсани тенглаштириш», «тенгдош қилиш», «шерик қилиш» деган маъноларни билдиради. Унинг шаръий маъноси: Аллоҳ таъолога зоти, феъллари, ибодати ва гўзал исму сифатларида махлуқларни тенгдош қилиш, шерик қилиш тушунилади. Қуръони Каримда ширк ва унинг ўзагидан ясалган сўзлар 34 марта зикр қилинган бўлиб, уларнинг барчасида ушбу гуноҳ қораланган ва ундан қайтарилган.

Шариатимизга кўра, ширк энг оғир зулм, энг қабиҳ жаҳолат ва энг катта гуноҳ саналади. Ундан қайтариш жамики анбиё алайҳимуссаломлар даъватининг асоси ва самовий шариатларнинг мағзидир. Чунки, ҳар бир набий ва расул албатта ўз қавмига: «Эй, қавмим! Аллоҳга сиғинингиз! Сизларга Ундан ўзга илоҳ йўқдир», – дегандир (Аъроф сураси, 59-оят).

Халқимиз орасида баъзи нарсаларни “кўздан асрайди” деган ўй билан турли жойларга илиб қўйиш тез-тез кўзга ташланиб қолади.

Масалан, айримлар қўчқорнинг бош суягини «Кўздан асрайди» деб ҳовлига кириш жойига илиб қўйишади. Агар қўчқорда шундай хусусият бўлганида, у аввало ўзини қассобнинг қўлидан асраган бўларди.

Баъзилар исириқ ёки кўзтиканнинг бир боғини дарвоза четига, ҳовлидаги сўриток устунига, машина салонига осиб қўйишганини кўп кўрамиз. Агар шу ишни “исириқ кўздан асрайди” деган эътиқод билан қилинган бўлса, бу иш ҳаром ва ботилдир.

Баъзи чақалоқларнинг қўлида тумор ва кўзмунчоқларни кўрамиз. Агар онаси ёки бувиси ўша кўзмунчоқларни “кўздан асрайди” деган ақида билан боғлаб қўйган бўлса, бу ҳам ҳаром ва ботил ишдир.

Дарвозага қоқиб қўйиладиган отнинг тақаси ҳақида ҳам шу фикрни айтиш мумкин.

Буларнинг ҳаммаси жоҳиллик, илмсизлик, китоб ўқимаслик, Динни соф ҳолда ўрганишга интилмаслик оқибатидир!

Исириқ асло кўздан асрамайди!

Тумор, кўзмунчоқлар ҳам асло кўздан асрамайди!

Тақа ҳам ҳовлини асло кўздан асрамайди!

Ҳовлини ҳам, гўдакни ҳам, машинани ҳам, уйни ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи асрайди!

Агар инсон юқорида санаб ўтилган исириқ, кўзтикан, кўзмунчоқ, тумор, тақа каби нарсалар ҳақида “Булар кўздан асрайди” деса, қалбида шу гапни тасдиқласа, Аллоҳ асрасин, ширк амални қилган бўлади. Чунки у бу гапи билан “Аллоҳ таолодан ташқари яна фалон нарсаларда ҳам асровчилик қуввати бор” деган ақидани қилган бўлади. Юқорида айтганимиздек, Аллоҳнинг феълларида махлуқларни тенгдош қилиш ширк амалдир. Асраш, паноҳ бериш, қутқариш Аллоҳ таолонинг феълларидандир.

Қабристонга борганда, ўша ердаги маййитлардан ёрдам, фарзанд, бахт сўраш, уларга атаб чироқлар ёқиш, жонлиқлар сўйиш ҳам мутлақо мумкин эмас. Баъзилар дуо қилаётганда “Ота боболаримизнинг руҳлари қўлласин”, “Азиз авлиёлар руҳлари қўлласин” деб юборишади.

Вафот этган кишилар тирикларга ёрдам беришолмайди, аксинча, улар тирикларнинг Қуръон тиловат қилиб, савобини бағишлашига зор бўлиб ётишибди. Барча истаклар, ёрдамлар, мададлар фақат Аллоҳ таолодан сўралади.

Ҳанафий мазҳабидаги мўътабар манбалардан бири «Раддул мухтор» китобида шундай дейилган: «Авом халқ тарафидан ўликларга атаб назр қилиш, Аллоҳнинг дўстлари қабрларига уларга яқин бўлиш мақсадида тангалар ташлаш, шам, чироқлар ёқиш ботил ва ҳаромдир».

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Аллоҳни қўйиб, қиёмат кунигача ҳам (дуони) мустажоб қила олмайдиганларга илтижо қиладиган кимсадан кўра ким ҳам адашганроқдир?! Ҳолбуки, у (жонсиз бут)лар ўша (мушрик)ларнинг дуоларидан ғофил (бехабар)дирлар» (Аҳқоф сураси, 5-оят).

Шунинг учун ширк деган улкан гуноҳдан сақланишимиз шарт!

Бу борада Ҳақ таоло Ўзининг каломида шундай деган:

«Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтириш (гуноҳи)ни кечирмагай ва(лекин) ана шундан бошқа (гуноҳлар)ни Ўзи хоҳлаган (банда)ларидан кечирур. Ким Аллоҳга ширк келтирса, демак, у улкан гуноҳни тўқиб чиқарибди» (Нисо сураси, 48-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ширкдан сақланиш борасидаги дуони ўргатганлар. У зот алайҳиссалом «Эй Аллоҳ, биз билиб туриб, сенга ширк келтиришимиздан паноҳ сўраймиз, билмаганимизга истиғфор айтамиз»,– денглар”, деб айтганлар.

Аллоҳ таоло барчамизни ширк ва бошқа гуноҳлардан асрасин!

Эй Аллоҳ, биз билиб туриб, сенга ширк келтиришимиздан паноҳ сўраймиз, билмаганимизга истиғфор айтамиз!

 

 

Muslim.uz сайти маълумотлари асосида

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

4112 марта ўқилди

Мақолалар

Top