Мақолалар

Фарзанд бебаҳо неъмат

Фарзанд ниҳолга ўхшайди. Агар у ўз вақтида, яхши парвариш қилинмаса, тўғри ўсмай қолиши мумкин. Ота-онанинг вазифаси эса болага чиройли тарбия бериш, яхши инсон қилиб вояга етказишдир. Бу борада Абдурауф Фитрат бундай ёзади: “Ахлоқи гўзал фарзанд Аллоҳнинг неъматидир. Яхши тарбия инсоннинг бахту иқболи омилидир. Баъзи феълу атвор туғма бўлса-да, кўпинча у шаклланади”.

Луқмони Ҳакимдан “Нега ўғлингизга жуда кўп насиҳат қиласиз?” деб сўрашганида, у зот: “Кексаларнинг ёшларга қилган насиҳати худди кўчатларни вояга етказадиган боғбон кабидир. У вақт-вақти билан ниҳолларнинг ортиқча шохларини кесади, улар атрофидаги бегона ўт-ўланларни тозалайди. Хуллас, унинг мустаҳкам бўлиб ўсиши учун бор куч-қувватини сарфлайди. Агар шундай қилса, ниҳол яхши ўсиб, унади. У ҳосилга киргач, меваси асалдек ширин бўлади. Акс ҳолда, боғбон бепарво бўлиб, кўчатларнинг ортиқча шохларини кесмаса, улар баланд ўсиб яхши ҳосил бермайди. Оқибатда, бундай ниҳолдан боғбонга кам фойда тегади”.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қиладилар:

لأن يؤدب الرجل ولده خير من أن يتصدق بصاع

«Кишининг ўз фарзандини чиройли одоб-ахлоқ билан тарбиялаши кўп миқдордаги нафл садақа­ беришидан яхшироқдир» (Имом Термизий ривояти).

Бошқа ҳадисда бундай келади:

ما نحل والد ولدا من نحل أفضل من أدب حسن

«Ота болага гўзал одобдан яхшироқ нарсани бера олмайди» (Имом Термизий ривояти).

Боланинг табиати, хулқ-атвори оиладаги муҳитга боғлиқ. Ота-она тажрибали табибнинг беморга нисбатан қилган муносабати каби бўлишлари керак. Албатта, солиҳ фарзандлар  ўз-ўзидан вояга ет­майди. Балки оилада ота-она назоратида тарбияланиб, улғаяди. Болалар тарбиясига бепарво бўлмаслик керак. Акс ҳолда, Аллоҳ асрасин, улар ёмон кишиларга аралашиб қолишлари мумкин. Лўнда қилиб айтганда, бола қалби оппоқ (турли ёзув ёзиш мумкин бўлган) қоғозга ўхшайди. Унга имкон қадар яхши ёзувлар тушириш керак. Фарзандларимиз яхши инсонлар бўлиб етишишлари учун улар тарбиясига чин ихлос билан киришиб, бор имкониятларни ишга солишимиз зарур.  

Буюк юртдошимиз Абу Али ибн Сино фарзанд тарбияси ҳақида васият қилиб, бундай деган: «Ёш бола таълим-тарбия оладиган жойда одоб-ахлоқли, турмуш тарзи намунали болалар бўлиши лозим. Зеро, ёш бола ҳар бир нарсани уларга тақлид қилиб ўрганади ва улар билан дўст тутинади».

Муҳтарам Президентимиз нутқларининг бирида фарзандлар тарбияси ва уларнинг баркамол авлод бўлиб етишишида одоб-­ахлоқнинг ўрни катта экани ҳақида тўхталиб, бундай деганлар: “Ёшларимизга бугуннинг ўзида алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Улар нафақат ишончимиз ва келажагимиз, ёшлар – бугунги ва эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучидир. Яъни эртанги кун кутганимиздек бўлиши учун бугуннинг ўзида ёшлар тарбиясига жиддий эътибор қаратишимиз зарур” .

Мамлакатимиз  мустақилликка  эришгач, болалар ва ўсмирларнинг жисмонан соғлом, бақувват, руҳан ва маънан комил инсон бўлиб улғайишлари учун катта эътибор  қаратилаётгани сир эмас. Бунга муҳтарам Юртбошимизнинг ташаббуслари билан 2005 йил «Оналар ва болалар йили», 2008 йил «Ёшлар йили», 2010 йил «Баркамол авлод йили», 2016 йил эса “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилиниши ва бу борада катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилиши далилдир.

Ҳар томонлама баркамол фарзандни вояга етказиш борасида улуғларнинг жуда кўп насиҳатлари бор. Уларда, энг олдин, болаларда шакллантирилиши керак бўлган яхши хислатлар бундай баён қилинади: Ислом, илм, диёнат, қаноат, интизом, виждон, ватанпарварлик, адолат, муҳаббат, иффат, сабр, тилни (бўҳтон, чақимчилик, ғийбат кабилардан) тийиш, ибрат назари билан қараш, сир сақлаш ва ҳоказо.

Шу билан бирга, фарзандни ҳасад, манманлик, такаббурлик, ёлғон гапириш, алдаш, мунофиқлик, бахиллик, бекорчилик, жаҳл, ғазаб, ғийбат, беҳуда сўзларни гапириш, мазах қилиш, шаҳватга берилиш, сўкиш, тама қилиш, зулм, жоҳиллик каби ёмон хислатлар ривожланишидан муҳофаза қилиш зарурлиги ҳам айтилади.

Руҳан тетик ва ахлоқли фарзанд илоҳий неъматдир. Фарзанди баркамол инсон бўлиб вояга етишини истаган ҳар бир ота-она, уни авваламбор соғлом эътиқод асосида тарбиялаши керак. Зеро, тўғри ва соғлом эътиқод дин асосидир. Ақидаси мустаҳкам шаклланган бола ҳеч қачон адашмайди, тўғри эътиқоддан чалғимайди. Модомики, ақидаси бидъат­хурофот ва нотўғри тушунчалардан холи бўлар экан, уни ҳеч ким адаштира олмайди, ўзига қарам қилолмайди. Эътиқод динимиз негизи, ҳаётимиз пойдевори экан, уни тўғри шакллантиришимиз лозим. Демак, ишончи ўзгарган одамнинг ҳаёт тарзи ҳам ўзгарар экан. Энди у ўзи тўғри деб билган, ишонган ана шу ақиданинг чизиқларидан четланмайди. Ҳазрат Мирзо Бедил айтадилар:

 

Бошидан қийшиқ бўлса пойдевор,

Осмонга етса ҳам қийшиқдир девор.

 

Сўфи Оллоҳёр ҳазратлари бундай деганлар:

 

Ақида билмаган шайтонга элдир,

Агар минг йил ибодат қилса елдир.

 

Шу боис динни мустаҳкам эътиқод асосида ўрганиш доимо долзарб масалалардан бўлиб келган. Шу эътибордан ота-оналар фарзанд тарбиясида унинг эътиқодига алоҳида эътибор беришлари зарур. Аллоҳ таоло барчамизни имонда, Исломда собитқадам қилсин. Омин!

 

Толибжон ҚОДИРОВ

тайёрлади.

7888 марта ўқилди

Мақолалар

Top